МЕН 4-РАҚАМДАМАН, МЕНГА ОВОЗ БЕРИНГ” – Бундай хабарларга қандай муносабатда бўлиш зарур?

Сўнгги вақтларда пластик карталардан пул ечиб олиш билан боғлиқ жиноятлар кўпайиб бораяптики, бу аҳолида киберфирибгарлик, унинг турларидан бохабарликни зудлик билан ошириш зарурлигини кўрсатади. Ушбу мақолада  фойдаланувчилар учун интернетдаги фирибгарлик турлари ва уларнинг олдини олиш усуллари ҳақида эслатмаларни тўпладик.

Фирибгарлар найрангига лаққа тушмаслик учун уларнинг таъсир қилиш воситалари ёки усулларини тезда тушуниб олиш керак. Фирибгарлик схемалари рўйхати доимий равишда янгиланиб,  кенгайиб боради. Аммо энг асосий усуллар кўп йиллардан бери мавжуд.

Фишинг. Фирибгарликнинг бир тури бўлиб, мақсади фойдаланувчининг махфий маълумотлари – логин ва паролларга киришдир. “Фишинг” сўзи инглизчада “балиқ овлаш” маъносини билдиради. У асосан ижтимоий муҳандислик орқали махфий маълумотни “овлашни” англатади.

Кўпинча кибержиноятчилар таниқли брендлар номидан оммавий электрон почта хабарларини, турли хизматлар ичидаги шахсий хабарларни, масалан, банклар номидан ёки ижтимоий тармоқлар орқали юбориш орқали қимматли маълумотлар олишнинг оддий, аммо самарали усулларидан фойдаланишади. Фишинг сайтлари фақат сайтнинг номидан фарқ қилади, фирибгарлар кўпинча сайтнинг асл номига иложи борича ўхшаш номлар танлашади. Фирибгарларнинг вазифаси “қурбон”ларини шошилинч равишда нотўғри қарорлар қабул қилишига ишонч ҳосил қилиб, уни мувозанатдан чиқариш ҳисобланади. Масалан, фирибгарлартомонидан  фойдаланувчига агар у шошилинч равишда фалон тугмани босмаса, унинг аккаунти блокланиши мумкинлиги каби шошилинч ва жиддий сабаблар кўрсатилади.

Одатда фирибгарлар электрон почта хабарларини ўлжа сифатида ишлатишади. Билдиришномалар одатда “расмий” кўринишда бўлиб,   фойдаланувчи уларни жиддий қабул қилади. Бундай хатлардан сўнг турли баҳоналар билан кўрсатилган сайтга кирилади. Сўнг авторизация учун фойдаланувчи номи ва парол киритишингиз сўралади. Шахсий маълумотлар сохта сайтга киритилиши билан фирибгарлар қимматли маълумотларингизга  дарҳол эга бўлишади.

Фишинг усуллари ҳозирда смартфонлар орқали тобора оммалашиб бормоқда. Бирон-бир молиявий муаммони ҳал қилиш учун бир киши шошилинч равишда сизнинг рақамингизга  қайта қўнғироқ қилишни сўраб, мурожжат қилиши ва сизга СМС-хабарни қабул қилиш ва ундаги кодни хеч кимга айтмаслигингиз, фақат мутахассис билан ишлаш кераклигини айтиб қолиши мумкин. Диққат, сизга фишинг ҳужум бошланди!

Тажрибали фишинг психологи керакли маълумотларни, масалан, кредит картанинг пин-коди ва унинг рақамини чиқариб олиши мумкин. Афсуски, ҳар куни юзлаб инсонлар фишинг ўлжасига айланишмоқда. Кибержиноятчилар кўпинча махфий маълумотларни сиз ташриф буюрган интернет сайтлари ёки ижтимоий тармоқлар орқали олишади. Ҳозирда ижтимоий тармоқларда фишинг самарадорлиги тахминан 70% ни ташкил қилмоқда экан!

Масалан, сохта ҳавола  гўёки онлайн-дўкон бўлган веб-сайтга олиб келиши мумкин. Бу ерда сиз “АКЦИЯ”, “КАТТА ЧЕГИРМАЛИ” маҳсулотни сотиб олиш умидида шахсий кредит картангиз маълумотларини осонгина фирибгарлар қўлига тутқазиб қўйишингиз мумкин. У бутунлай бошқача кўринишга эга бўлиши ҳам мумкин, аммо мақсад доим бир хил – махфий маълумотларни олиш.

 

Вирусли дастурлар. Компьютер фойдаланувчиларига вирус деган тушунча жуда яхши таниш. Вирус – дастурчи томонидан тузилган, компьютернинг текис ишлашига ҳалақит берадиган, оқибатда компьютернинг ёқилишини ҳам тақиқлаб қўядиган дастур. У асосан интернет тармоғи орқали фойдаланувчи компьютерига тушади. Вируслар компьютерларда ўзини “турлича тутади”. Баъзилари компьютерингизни кераксиз файллар билан тўлдирса, яна баъзилари оператив хотиранинг кўп қисмини ишлатиб, компьютерни қотириб қўяди. Яна бир қисми эса керакли файллар ёки тизим файлларини ўчириб зарар етказади. Қуйида вирусларнинг турлари ҳақида маълумот берамиз. 

 

Троянлар (Trojan Horses) –Ҳозирда “Троя оти” ибораси “хосиятсиз совға” деган маънони билдиради. Троянлар одатда интернет орқали тарқалади. У компьютерингизга ўрнашиб олиб, дастлаб фойдали программа сифатида таништирилади. Лекин уларнинг асл вазифаси фойдаланувчига номаълумлигича қолади. Яширин равишда улар ўз яратувчиси (cracker – ёвуз ҳакер) томонидан белгиланган ҳаракатларни амалга оширади.

Чувалчанг вируслар (Worms) – Чувалчанг вируслар ўз номига мос равишда ўз-ўзидан жуда тез кўпаядиган вируслардир. Одатда бу вируслар интернет йўли – интранет тармоқлари орасида тарқалади. Тарқалиш усули сифатида электрон хатлар ёки бошқа тез тарқалувчи механизмлардан фойдаланади. Улар чиндан ҳам компьютерингиздаги маълумотлар ва компьютер хавфсизлигига катта зиён етказади.

Rootkit вируслари (Rootkit viruses) – Rootkit’лар вируслар орасида энг хавфли ва яширинишга усталиги билан алоҳида ажралиб туради. Rootkit’лар компьютернинг ёвуз ҳакерлар томонидан қўлга олиниши учун фойдаланилади. Баъзи rootkit’ларни антивирус программалари ҳам аниқлай олмайди, чунки улар ўзларини оператив тизим файллари сифатида кўрсатишади. Rootkit’лар  одатда троянлар томонидан компьютерингизга ўрнатилади.

 

Ўзгарувчан вируслар (Polymorphic viruses) – Бу вируслар нафақат ўз-ўзидан кўпаяди, балки кўпайган пайтда кодини ҳам ўзгартириб туради. Ўзгарувчан вирусларни аниқлаш ҳам баъзи антивируслар учун қийин кечиши мумкин.

 

Вақт бомбаси вируслари (Time or Logic Bombs) – Бу вируслар муайян сана ёхуд пайт келганида ва фойдаланувчи томонидан муайян ҳаракат амалга оширилганида ишга тушадиган вируслардир. Мисол учун, Ҳазил-мутойиба  кунида (1 апрель) ёки Янги йилда компьютерингиздаги маълумотларни ўчириб ташлаб, сизга “совға” тақдим этиши мумкин.

 

Вирусли дастурларнинг мақсадлари жуда кўп, аммо энг долзарблари –  маълумотларни ўғирлаш; фойдаланувчини кузатиш (маълумот тўплаш) ва криптовалюталарни қазиб олиш учун ҳисоблаш қувватидан фойдаланишдир.  

 

Ижтимоий муҳандислик – бу тажовузкорнинг техник воситалардан фойдаланмасдан керакли маълумотларни олиш ёки инсон ҳаракатларини назорат қилиш усули. У одамларга таъсир қилишда ишонтириш, ишончга кириш ва айёрлик каби психологик усуллардан кенг фойдаланади. Ижтимоий муҳандисликдан фойдаланган фирибгарлик операциялари турли хил бўлади. Шунинг учун ижтимоий муҳандислик нима эканлигини ва у қандай ишлашини тушуниш муҳим. Асосий механизмини анқлашни ўрганиб, сиз ўзингизни ва яқинларингизни фирибгарлардан ҳимоя қилишингиз мумкин.

Ижтимоий муҳандисликнинг асосий усуллари қандай?

Юқорида фишинг ҳақида сўз юритдик. Бунда жиноятчи махфий маълумотларни тортиб олиш учун жабрланувчининг ишончини қозонишга уринади. Шунингдек, маълумотларни олиш учун шошилинчлик ҳисси яратилади ёки қўрқитиш тактикаларидан фойдаланилади. Фишинг ҳужумида сиз ишончлидай кўринадиган манбадан маълумотларингиз сўралган электрон почта ёки хабар оласиз.

Вишинг ва смишинг – бу мобил қурилмалар орқали амалга ошириладиган ижтимоий муҳандислик усулларидир. Фишинг сохта телефон қўнғироқлари орқали амалга оширилади, смишинг эса зарарли ҳаволалар ёки маълумотларни ўз ичига олган СМС хабарлардан фойдаланади.

Претекстингда  фирибгар бирор баҳона ёрдамида жабрланувчининг эътиборини жалб қилиб, маълумотни ошкор қилишга мажбур қилади. Мисол учун, зарарсиздек кўринадиган онлайн сўров пайтида сиздан банк ҳисобингиз маълумотлари сўралиши мумкин.

 Сниффинг кўпинча хавсизлик у қадар яхши таъминланмаган кириш нуқталари бўлган жамоат жойларида кузатилади. Бундай уланиш билан фирибгарлар сизнинг қурилмангиздан кирувчи ва чиқувчи барча трафикни ҳисоблаши қийин бўлмайди. Пароллар, хабарлар, файллар — буларнинг барчаси осонгина олинади ва кейин худбин мақсадларда ишлатилади.

 

Юқорида санаб ўтилган кибержиноятларнинг энг машҳур турларини таснифлашга асосланиб, қарши чораларни аниқлаш унчалик қийин эмас. Бунинг учун қуйидаги эҳтиёт чораларини кўриш талаб этилади: 

1.Номаълум манзиллардан электрон почтангизга, СМС орқали ёки ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардан шахсий хабарларда келган ҳаволаларни босманг.

2.Ишончли сайтлардан фақат лицензияланган дастурий таъминотни юклаб олинг. “Қароқчи” дастур, гарчи у анча арзон бўлса-да, баъзи ҳолларда бундай тежаш бир нечта йўқотишларга олиб келиши мумкин.

3.Сиз ташриф буюрган сайтларнинг манзилини текширинг. Агар сиз яна сайтга кирсангиз ва сиздан яна тизимга киришни сўрашаётганини аниқласангиз (автоматик тўлдириш учун маълумот бермасдан), унда сиз сохта сайтга дуч келганингиз эҳтимоли катта.

4.Сизга ҳайратланарли янгиликларни айтиб берадиган ва дарҳол ўз ёрдамини таклиф қиладиган одамлар билан сухбат қурманг. Аввало расмий манбаларни текширишингиз ёки қўллаб-қувватлаш агентларига ўзингиз мурожаат қилишингиз керак.

5.Паролларни мунтазам равишда ўзгартиринг. Ҳатто энг хавфсиз ташкилот ҳам маълумотларингиз хавфсизлигига 100% кафолат бера олмайди. Паролингизни йилига камида бир марта янгилашни қоидага айлантиринг.

6.Парол менежерларидан фойдаланинг. Фойдаланувчилар кўпинча барча хизматлари ва веб-сайтлари учун бир хил паролдан фойдаланишни афзал кўришади. Бундай ҳолда, фирибгар сизга катта миннатдорчилик билдиради. Танлаш орқали аниқлаб бўлмайдиган мураккаб паролларни ўйлаб топинг ёки яратинг ва уларни махсус бошқарув дастурларида сақланг.

7.Антивирус дастуридан фойдаланинг. Ушбу дастур киберхавфсизлик асосларини билмайдиган ва шубҳали манбалардан файлларни доимий равишда юклаб оладиган тажрибасиз фойдаланувчилар учун кўпроқ мос келади. Эсда тутингки, аввал вирус пайдо бўлади, кейин лабораториядаги ишлаб чиқувчилар у билан қандай курашишни ўрганадилар, шунинг учун ҳеч қандай антивирус тўлиқ хавфсизликни кафолатлай олмайди.

8.Умумий тармоқлар билан ишлашда VPNдан фойдаланинг. Нафақат VPN, балки унинг трафикни шифрлаш хусусияти ҳам муҳим, бу сизнинг қурилмангизни сниффинг учун етиб бўлмайдиган мақсадга айлантиради.

 

Ушбу қоидаларга риоя қилиш унчалик қийин эмас. Аксинча, бу ҳар бир интернет фойдаланувчида бўлиши керак бўлган одатдир. Кибержиноятчилар билан курашишнинг энг яхши усули бу жуда эҳтиёт бўлиш ва қурилмангиз хавфсизлигини мунтазам равишда ошириб боришдир. Ушбу қоидаларга риоя қилиш шахсий маълумотларни ўғирлаш ёки зарарли дастурларнинг қурилмаларга тушиш эҳтимолини сезиларли даражада камайтиради.

 

Санжар НОРБЕКОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *