Хитойнинг “Boshiran” Co.Ltd компанияси томонидан жорий йилнинг март ойида Арнасой туманида “Great Agrotex” МЧЖ хорижий корхонамизни ташкил этдик. Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, пахтани қайта ишлаш ва ип-калава ишлаб чиқариш, томчилатиб суғориш технологияларини ишлаб чиқариш ва ўрнатиш ҳамда агротехника хизматини (Машина-трактор парки) ташкил этиш лойиҳаларини амалга оширмоқчимиз. Бунинг учун 140 млн долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритиш бўйича Арнасой туман ҳокимлиги билан келишиб олинди.


Жумладан, “Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, пахтани қайта ишлаш ва ип-калава ишлаб чиқариш” лойиҳасини амалга ошириш учун 60 млн доллар киритиш ва 500 та янги иш ўринлари яратиш, “Томчилатиб суғориш технологияларини ишлаб чиқариш ва ўрнатиш” лойиҳаси учун 30 млн доллар инвестиция киритиш ва 100 та янги иш ўринлари яратиш ҳамда “Агротехника хизматини (Машина-трактор парки) ташкил этиш” лойиҳасини амалга ошириш учун 50 млн доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритиш ва 200 та янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган.
Ҳозирги кунда узоқ йиллардан буён қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган 1400 гектар ер майдонини “Е-Аукцион” онлайн савдо орқали 6,1 млрд сўмга ижарага олиб, 400 гектар ер майдонини ўзлаштириш орқали ғўзанинг Хитой навини экдик. Шунингдек, “Зарафшон” МФЙ ҳудудидан 2,2 гектар ер майдонини онлайн савдо орқали сотиб олиб, ишлаб чиқариш цехларини барпо этишни режалаштирганмиз.

Корхонамиз 10000 гектар ер майдонига томчилатиб суғориш технологиялари ўрнатиш билан фермер хўжаликларига пахтани плёнка остида экиб бериш кафолатини беради.
Машина-трактор парки учун Хитойдан 160 дан ортиқ ҳайдов ва кичик тракторлар, 45 дона пахта териш ва ғалла ўриш комбайнлари, 120 дона пахта экиш селякалари ҳамда юзга яқин қўшимча агрегатлар ҳамда 10 дона учувчисиз учувчи аппаратлар (дрон) олиб келамиз.
Ҳозирги кунда корхонамиз томонидан 12 дона ҳайдов техникаси, 8 дона пахта экиш сеялкалари 4 дона қўшимча агрегат ҳамда томчилатиб суғориш технологиялари олиб келинган. Шунингдек, 400 гектар ер майдонига томчилатиб суғориш технологияси асосида пахта етиштираяпмиз.
Юртингизда хорижлик тадбиркорлар, инвесторлар учун шахсан Президентингиз томонидан қулай муҳит, шароит яратилиб, қатор имтиёзлар берилаётганини Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган ватандошларимдан эшитиб, сўнгра сармоя киритишга аҳд қилдим. Тадбиркорларнинг ҳам байрами борлигини эса Ўзбекистонга, хусусан, Жиззахга келиб, тадбирда иштирок этишга таклиф қилишганидан сўнг маҳаллий ходимлардан сўраб-суриштириб олдим. Ватанингиз тараққиётига, унинг гуллаб-яшнашига биз ҳам ҳисса қўшаётганимиздан мамнунмиз.
ZHOU PENG,
Арнасой туманидаги “GREAT AGROTEX”
МЧЖ хорижий корхона раҳбари.