Мустақилликнинг 34 йиллиги байрами арафасида Президентнинг жазо муддатини ўтаётган бир гуруҳ шахсларни афв этиш ҳақидаги фармони билан 523 нафар маҳкум ҳаётида улкан ижобий ўзгариш юз берди. Вилоятимиздан 7 нафар шахсга имконият берилиб, афв этилди.
Уларнинг 5 нафари жазодан озод қилинди, яна икки нафарининг жазо тури ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилди. Шу кунларда Жиззах шаҳри, Фориш, Бахмал, Ғаллаорол ва Дўстлик туманларига – афв этилганларни оилаларига қайтариш, иш билан таъминлаш ва ижтимоий ҳаётга мослаштириш ишлари олиб борилаяпти.
-Афв этиш содир этилган жиноят фактини бекор қилмайди, балки айбини англаган, қилмишидан пушаймон бўлган ва яхшиланиш истагини исботлаган одамлар учун имкониятдир, – дейди дейди Жиззах вилоят ИИБ ЖХХ Пробация бўлими Ахборот технологиялари гуруҳи катта мутахассиси Адҳам Шермаматов. – Чин дилдан тузалиш йўлига ўтган, қилмишига пушаймон маҳкумлар ушбу имкониятдан унумли фойдаланишлари, ижтимоий соғлом ҳаёт тарзига қайтишлари учун масъул идоралар ҳамкорлигида иш олиб борилмоқда.
Жиззах шаҳри “Кимёгар” маҳалласида яшовчи 22 ёшли йигит ўғирлик жинояти сабаб озодликдан маҳрум қилинган эди. У афв этилганининг биринчи куниёқ маҳалла еттилиги билан учрашди ҳамда иш билан таъминланди. Қолган барча афв этилганлар ҳам фойдали меҳнатга жалб этилиб, жиноят йўлига қайта қадам босмасликлари учун ҳар томонлама кўмак кўрсатилади.
Муқаддас САПАРОВА.