Жиззах шаҳридаги яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабида Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармасининг Жиззах вилоят бўлими ҳамда вилоят спорт бошқармаси томонидан 60 ва ундан юқори ёшдаги фахрийлар ўртасида “Ғайратли кексалар” шиори остида миллий кураш бўйича вилоят босқичи баҳслари бўлиб ўтди.
Президентимизнинг 2023 йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, нуронийларни жисмоний фаолликка жалб этиш ва уларнинг ижтимоий ҳаётдаги иштирокини янада кучайтириш мақсадида ташкил этилган ушбу мусобақада воҳамизнинг барча ҳудудларидан келган қирққа яқин фахрий полвонлар 4 та вазн тоифасида ғолиблик учун гиламга чиқди.
Ўзаро ҳурмат ва дўстлик тамойилларида ўтган турнирнинг якуний натижаларига кўра, Йўлдош Бозоров (66 кг, Шароф Рашидов тумани), Бозор Примов (73 кг, Мирзачўл тумани), Аминбек Ўзбеков (81 кг, Шароф Рашидов тумани) ҳамда Абдужалил Каримов (+90 кг, Зомин тумани) ғолиб бўлдилар.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланишди.