ЖИЗЗАХ СОЛНОМАСИНИ РУС ТИЛИДА ЁЗАЁТГАН ҚОРАҚАЛПОҚ ҚИЗИ

Мактабни тугаллаётган ҳар бир  йигит-қизни битта савол қийнайди “Қайси касбни танласам экан?”. Қорақалпоғистоннинг Кегейли туманида туғилиб ўсган Боғдагул бу борада аниқ тўхтамга келган бўлса ҳам дадаси билан маслаҳатлашиб олишга қарор қилди. Боғдагулнинг ҳуқуқ соҳасида ўқимоқчи эканлигини эшитган таниқли журналист Соғиндиқ оға ўйланиб қолди.

— Қизим, сен сингилларинг ва уканг учун доим ўрнак бўлгансан. Бундан кейин ҳам улар сенга қараб ҳаёт йўлларини танлашади. Лекин адвокатлик қанчалик қизиқарли бўлмасин, жуда мураккаб касб. Алҳамдулиллаҳ мусулмонмиз, бу касбда шундай жиноятларга дуч келасанки, айтишга уялади киши. Гоҳида “Суд залидан” рукуни остида мақолалар тайёрлаганимизда биз ҳам қийналиб қоламиз ёзишга. Сен қиз боласан, сенга бу касбни раво кўрмаган бўлардим, -деди дадаси.

Шу пайтгача дадасининг тўғри маслаҳатлари туфайли ҳаётда ҳеч қоқилмаган Боғдагул, бу сафар ҳам унинг маслаҳатини қулоқ қоқмай тинглади. Ҳужжатларини Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг филология ва журналистика факультетининг журналистика йўналишига топширди. Қизининг ота касбини танлаганидан  Соғиндиқ оға ғурур билан кулимсираб қўйди.

Талабалик йиллари ёшлар назарида қанчалар оғир бўлмасин, шунча қисқа эди. Аммо болаликдан мутолаага меҳр қўйган Боғдагул Ембергенова ўқишдан чарчамасди. Кимдандир бирор асар ҳақида қизиқарли фикрни эшитиб қолса, албатта уни топиб ўқирди. Шунинг учун университетда мустақил мақолалар тайёрлаш ҳақидаги топшириқларни биринчилардан бўлиб бажарар, қолаверса қорақалпоқ тилидаги ёддан чиқа бошлаган сўзларни мақоласида ишлатиб, ўқитувчиларнинг мақтовига сазавор бўларди.

— Тилимиз ниҳоятда гўзал, унда бетакрор ташбеҳлар бор. Озгина ҳаракат қилсанг ёзаётган мақоланг гўё шеърга айланиб қоладигандай туюлади. Умуман туркий тилларнинг ҳаммаси гўзал, агар ўрта турк тили яратилса, менимча битта сўзнинг 10-20талаб синонимлари пайдо бўлади, -дейди Боғдагул ҳаяжон билан. — Халқларимиз ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатлик, бирликнинг мустаҳкам боғлаб турган ҳам аввало тилимиз ва минг йиллик тарихга эга қадриятларимиздир.

Жиззахга қандай келиб қолгани ҳақидаги саволимизга Боғдагул қизариб ерга қаради.

— Университетда ўқиб юрган кезларимда Зайриддин Даминов билан танишиб қолдим. У ҳарбий бўлиб, давлатимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини асрашдек муқаддас касб эгаси бўлиш мақсадини ўз олдига қўйган эди. Бироқ 2-3 марта учрашиб, фикрларимиз муштарак эканлигини ҳис этдим. Шундай қилиб биз оила қурдик. Мен университетни тугаллаб “Ватанимга хизмат қиламан” кўрсатувида ишлай бошладим. Ҳарбийлар ҳаётида ҳаловат йўқ. Бугун шу ерда бўлса, бир ойдан кейин бутунлай бошқа вилоятда хизматни давом эттириши мумкин. Биз турмуш ўртоғимнинг хизмати талабларига кўра Жиззахга келгандик. Аммо бу ерда кўплаб дўстлар орттирдик, Жиззах телерадио кампаниясида ишлаяпман, фарзандларим ёнимда. Аёл кишига бундан ортиқ бахт ортиқчалик қилса керак, -дейди Боғдагул кулиб.

Лекин журналистликни танлаганларга ҳам осон эмас, айниқса у аёл бўлса. У тонг ёришмай ўрнидан туриши, ишга ва мактабга борадиган фарзандларига нонушта тайёрлаши, тоза кийимларни дазмоллаб қўйиши, бир-икки соат ичида қанча-қанча ишларга улгуриши керак. Қорақалпоқларда

“ Биянинг югуриги яхши, хотиннинг — эпчили” деган мақол бор. Боғдагул Ембергенова доим шу мақолга риоя қилади. Аммо бундан 2-3 йил олдин йиқилиб оёғини синдириб олди ва тўшакка михланиб қолди. Туғилиб ўсган юртингдан йироқда, бегона шаҳарда, бегона одамлар орасида касал бўлиб қолишдан катта ғам бўлмаса керак. Турмуш ўртоғи, фарзандлари унга суянч бўлишди. Қолаверса, ҳамкасблари оқибатли экан, бири кетишга улгурмай, салом бериб иккинчиси кириб келади. Ҳатто нотаниш одамлар ҳам қўнғироқ қилиб ҳолини сўраб турди. Бундай пайтда инсон ўзини ҳеч қачон ёлғиз ҳис этмайди.

Мақоламиз қаҳрамони тўшакда қолганида ҳам тинч ўтирмади. Унинг севган иши, қизиқиши бор. Хорижий адабиёт вакилларининг асарларини ўзбек, қорақалпоқ тилларига таржима қилади.

Соғайиб кетганидан кейин яна севимли ишига қайтди. Яна туманларга сафарлар, минглаб юртдошларимиз қувончу-ташвишларига шерик бўлиш, вилоятимизда бўлаётган янгиликлардан аҳолини хабардор этишга киришиб кетди.

— Боғдагул билан бирга ишлаш, кўрсатув ёки эшиттириш тайёрлаш жуда мароқли. У ҳар бир ишни бамаслаҳат қилишни яхши кўради. Шунинг учун бирга тайёрлаган материалларимиз муваффақиятли чиқади, -дейди телебошловчи Шохзода Норқулова.

Боғдагул ҳар куни 30 дақиқалик рус тилида бериладиган ахборот эшиттиришининг муаллифи ҳисобланади. Радио орқали “Здраствуй, страна!” деган овози янграса, рус тилида сўзлашувчи аҳоли дарров радио овозини кўтариб қўяди. У Жиззах солномасини рус тилида битаётган қорақалпоқ қизи, Жиззахнинг эрка қизидир. 

 

Асад МУСТАФОЕВ.

Шерзод Эгамқулов олган сурат

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *