ЖИЗЗАХ МАҚОМ АНСАМБЛИ ХАЛҚАРО ФЕСТИВАЛДА ҚАТНАШАДИ

ОАВ вакиллари учун Ўзбек мақом санъати марказининг Жиззах вилояти ҳудудий бўлимига пресс-тур ташкил этилди. Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг Жиззах вилоят бўлими ташаббуси билан ўтказилган тадбирда журналист ва блогерлар марказ фаолияти билан яқиндан танишишди.

Вилоят мусиқали драма театри биносида жойлашган марказда жами 35 нафар ходим фаолият олиб бормоқда.

– Марказимиз 2018 йилда ташкил топган, – дейди марказнинг вилоят ҳудудий бўлими раҳбари Зулхумор Мамарасулзода. – Давлатимиз раҳбарининг маданий меросимизга бўлган эътибори сабаб мақом санъати сўнгги йилларда янги босқичга чиқди. Бу борада бизнинг марказ ҳам кўплаб натижаларни қайд этди. Ўтган йили Зомин туманида бўлиб ўтган II Халқаро мақом санъати фестивалида жамоамиз фахрли 2-ўринни қўлга киритди.

Яқинда Озорбайжон давлатининг Боку шаҳридаги муғом марказида ва миллий консерваториясида Ўзбекистон номидан дастлабки концерт дастурини ижро этдик. Концерт биз кутганимиздан ҳам кўтаринки руҳда, қардош давлат вакиллари томонидан илиқ кайфиятда қабул қилинди. Учрашув якунида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини ҳам келишдик.

24-30 октябр кунлари Миср давлатида 25-Исмоилия халқаро халқ ижодиёти фестивали бўлиб ўтади. Унда иштирок этиш учун Ўзбекистон номидан Жиззах мақом ансамбли танлаб олинди. Фестивалда шарқ халқлари ўртасида мақом ва шу каби санъат турлари бўйича хонанда ва созандалар ўз ижодий чиқишлари билан қатнашишади. 12 кишидан иборат жамоамиз билан мазкур нуфузли тадбирда иштирок этиш учун тайёргарлик кўраяпмиз. Бизга билдирилган ишонч катта масъулият юклайди.

Марказда “Ниҳол” мукофоти соҳиби Достон Тоҳиров, Маданият вазирлиги томонидан “Маданият ва санъат ифтихори” кўкрак нишони билан тақдирланган Обид Абдуваҳобов бадиий раҳбарлик фаолиятини олиб боришаяпти. Ёш кадрлар орасида Динара Раҳмонова ҳамда Улуғбек Ҳайдаров республика даражасидаги кўрик-танловларда олий ўринларни қўлга киритишди.

– Мақом санъатини ривожлантириш ва уни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш, келгусида истеъдодлиларни марказга жалб этиш мақсадида мусиқа мактабларида ижодий учрашувлар ўтказяпмиз, – дейди марказ хонандаси Динара Раҳмонова. – Хабарингиз бор, юртимиз бўйлаб “Кўча санъати ва мусиқаси” лойиҳаси кенг кўламда амалга оширилмоқда. Хонандалар билан жойларда аҳоли гавжум жойларда жонли ижрода санъатимизни намойиш этаяпмиз. Кутилмаган вазиятдаги ижроимизни юртдошларимиз катта қизиқиш билан қабул қилишяпти. Бироз кузатишганидан сўнг қаерда ишлашимиз ҳақида саволлар беришяпти. Бу ҳам миллий санъатимизни янада кўпроқ тарғиб қилишга хизмат қилаяпти.

Пресс-тур давомида иштирокчилар 1-октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ташкиллаштириладиган байрам концертига тайёргарлик кўриш жараёнида қатнашишди.

Шаҳноза МАНСУРОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *