ТУРМУШ ӮРТОҒИМНИНГ АВТОМАШИНАСИДА МЕНИНГ УЛУШИМ БОРМИ?

– Турмуш ӯртоғим билан 4 йил бирга яшадик. 2 нафар фарзанд бор. Оилавий келишмовчилик сабабли ҳозирда алоҳида яшаяпмиз. Турмушимиз даврида эрим автомашина сотиб олган. Айнингчи, автомашинада менинг улушим борми ва уни олсам бӯладими?

– Ӯзбекистон Республикаси Оила кодексининг 23-моддасига кӯра, Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.

Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари жумласига (эр ва хотиннинг умумий мол-мулкига) эр ва хотин ҳар бирининг меҳнат фаолиятидан, тадбиркорлик фаолиятидан ва интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари, улар томонидан олинган пенсиялар, нафақалар, шунингдек махсус мақсадга мўлжалланмаган бошқа пул тўловлари (моддий ёрдам суммаси, майиб бўлиш ёки саломатлигига бошқача зарар етказиш оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотганлик муносабати билан етказилган зарарни қоплаш тарзида тўланган суммалар ва бошқалар) киради. Эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, қимматли қоғозлари, омонатлари, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган бошқа ҳар қандай мол-мулклари, улар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари кимнинг номига ёки эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъи назар, улар ҳам эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобланади.

Эр ва хотиндан бири уй-рўзғор ишларини юритиш, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узрли сабабларга кўра мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўлади.

Шунга асосан, ҳа, турмуш ӯртоғингиздаги автомашина сизларнинг биргаликдаги умумий мулкингиз ҳисобланади ва унда Сизнинг улушингиз борлиги сабабли, турмуш ӯртоғингизга нисбатан автомашинадан улуш талаб қилиш ҳуқуқига эгасиз.

Саволга фуқаролик ишлари бӯйича Зарбдор туманлараро судининг судьяси Алишер Пулатов жавоб берди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *