ТАРАҚҚИЁТНИНГ ҲОЗИРГИ БОСҚИЧИГА НАЗАР

Сунъий идрок кундалик турмуш даражасида ҳаётимизга кириб келаётган шу даврда инсоннинг ўрни, вазифаси қандай бўлади? Генмуҳандислик ва биотехнологиялар соҳасининг якуни қандай? Компьютер технологияларининг ривожи энди қай йўсинда кетади? Бу каби глобал саволларга ЎзМУ Жиззах филиалида ташкил этилган “Компьтер илмлари ва муҳандислик технологиялари” мавзусидаги халқаро илмий-техник конференцияда жавоб изланди.

26-27 сентябрь кунлари ўтказилаётган ушбу анжуманда юртимиз ва халқаро олий таълим муассасаларининг вакиллари иштирок этишмоқда. Меҳмонлар дастлаб филиал жамоасининг илм-фан, инновациялар, илмий-педагогик ва спорт каби жабҳаларда эришаётган ютуқлари кўргазмаси билан танишишди.

Конференциянинг ялпи мажлисини ЎзМУ Жиззах филиали директори Олим Тўрақулов очиб берди ва анжуман ишига муваффақият тилади. Тадбирда ҚФУ Жиззах филиали ректори Алмаз Галимов, Жиззах шаҳридаги Самбҳрам университети кафедра доценти Дилли Самадҳи, Финландиянинг Basware компанияси менежери Фарид Шарипов, Тошкент Ботаника боғи илмий ходими Давлатали Абдуллаев ва бошқалар маъруза қилишди. Таъкидландики, компьютер технологиялари бажарадиган ишлар вақти рекорд даражада қисқаради, энергиятежамкорликка талаб ошади, ҳаттоки биологик компьютерлар ишлаб чиқариш соҳасида изланишлар олиб борилади.

-Сунъий интеллект ва инсон муносабати ҳақида гап кетганда кўпчилик унинг хавфини юқорироқ баҳолайди, – дейди ҚФУ Жиззах филиали ректори, профессор Алмаз Галимов. – Инсон ўзининг интеллектуал вазифасини бажаришни сунъий идрокка юклаб қўяр экан, мия учун янги вазифалар ўйлаб топиш зарурияти туғилади. Охирги 200 йилда спорт саноати ривожланди, бу инсонларнинг камҳаракат ҳаёт тарзи эвазига маблағ сарфлаб спорт клубларига бориши эвазига пайдо бўлган тармоқдир. Худди шундай сунъий интеллект зиммасига олган юклама эвазига янги интеллектуал тармоқлар пайдо бўлиши шубҳасиз. Бу ҳаёт сифати ва яшаш мазмуни, қадриятлар ўзгариши билан боғлиқ янги турмуш тарзи бўлиши мумкин.Шу маънода СИни рақобатчи ёки инсон ўрнини босувчи эмас, ҳаётнинг янги аъзоси сифатида қаралиши мақсадга мувофиқ.

Қизиқарли фактлар ва янги маълумотларга бой илмий маърузалардан сўнг ялпи мажлис ўз ишини якунлади. Анжуман иши 5 та шуъбага бўлинган ҳолда давом этди. Меҳмонлар таълим даргоҳида талабалар учун яратилган шароитлар билан танишишди. 

 

Муқаддас САПАРОВА.  

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *