АДВОКАТЛИК ОСОН ЭМАС…

Юртимиз театрларининг гастрол сафарлари тажриба алмашиш билан бирга ҳудудлардаги театр ихлосмандларига янгиликлар улашиши билан аҳамиятли воқеликдир. 9-11 октябрь кунлари Ўзбекистон давлат драма театри Самарқанд гастролидан сўнг вилоятимизда меҳмон бўлиб турибди.

Жиззах вилоят мусиқали драма театрида ушбу театрнинг “Адвокатлик осонми?” комедияси намойиш этилмоқда. Олий ўқув юртлари, ташкилотлар ходимлари ва театр санъатига қизиқувчи юртдошларимиз билан гавжум бўлган намойишларда давлат театрининг салоҳияти яққол намоён бўлди. Абдулла Авлоний қаламига мансуб шу номдаги пьеса асосида саҳналаштирилган спектакль илмсизлик, жоҳиллик, бидъат устидан кулиш баробарида ҳамон жамият қутула олмаётган иллатларга кўзгу тутади. Қарз эвазига тўй қилиш, хотин-қизлар таълими ва шахсий ривожланишига тўсқинлик қилиш, маърифат эмас, бойлик мақсадини асосий қилиб танлашнинг оқибатлари ҳақида ҳикоя қилади. Шу жиҳатдан ушбу саҳна асари бугунги кунимизга ҳам тийрак нигоҳ ташлашга, ҳаётий мақсадларни сарҳисоб қилишга ундайди. Кулгу воситасида аччиқ ҳақиқатларни юзага чиқаради. Саводсизлик, фирибгарлик, ҳуқуқлар учун курашмаслик шароитида адвокатлик ҳеч ҳам осон эмаслиги, аммо буни айнан илмсиз кишилар тушуниб етмаслиги ҳажв остига олинади.

 – Спектакль 2023 йилда саҳналаштирилган бўлиб, барча вилоят театрларида олий ўқув юрти талабалари ва ҳарбий хизматчилар учун муваффақиятли намойиш этилди, – дейди театр бош администратори Шуҳрат Ўринбаев. – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 декабрдаги ПҚ–406-сон қарори ҳамда Маданият вазирлигининг 2025 йил 5 февралдаги буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон давлат драма театри жамоаси Жиззах вилоятида бўлиб турибмиз. Спектакль жиззахлик мухлисларга ҳам манзур бўлганидан мамнунмиз. Гастрол сафарида реперткаримизнинг бир қисмини намойиш қилиш билан бирга ҳамкасблар билан тажриба алмашдик, бугунги томошабинни янада жалб этиш бўйича фикрлашдик. 

 Маълумот ўрнида айтиш лозимки, Ўзбекистон давлат драма театри 1968 йилда “Ёш гвардия” театри сифатида, Шароф Рашидов раҳномолигида ташкил этилган. Бу театр республика ёшлари ҳаётини ифода этувчи биринчи замондош давлат театри сифатида туғилди. Кейинчалик бу даргоҳдан Эргаш Масафаев, Ширин Азизова, Азиза Бегматова, Тўғон Режаматов, Мирсоат Усмонов каби санъат дарғалари етишиб чиқди. Жиззахлик мухлислар Аъзамжон Нодирбоев – адвокат, Азамат Ҳазратқулов – ёрдамчи, Гавҳар Ҳакимова – жабрдийда аёл, Рустам Аҳмедов – аравакаш, Сайдулла Ниёзов – лўли образини яратган актёрларнинг маҳоратли ижросидан олам-олам завқ олишди. 

Таҳририятимиз жамоаси ҳам ушбу спектакль намойишида иштирок этди. Театрга бу галги ташриф ҳам ижодкорларга илҳом, ҳаётий қувват ва ёқимли маданий дам улашди.

 

Муқаддас САПАРОВА.   

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *