“ҚУВОНЧ”ГА ҚУВОНЧ КЕЛДИ

Жиззах шаҳридаги 2-сон Янги Ўзбекистон маданият маркази қошида фаолият юритаётган “Қувонч” болалар бадиий ҳаваскорлик театр жамоаси 2019 йилда ташкил этилган бўлиб, у Президентимизнинг бешта муҳим ташаббусининг биринчи йўналиши – ёшларни санъат ва маданиятга кенг жалб этиш ғояси асосида шакллантирилган.

Жамоага иқтидорли болалар танлов асосида қабул қилинган бўлиб, улар бугунги кунга қадар мазмунли ижодий изланишлари билан кенг жамоатчилик эътирофига сазовор бўлишмоқда.

Театр жамоасига кўп йиллик тажрибага эга Гулшан Каримова раҳбарлик қилмоқда. Унинг саҳна режиссурасидаги маҳорати сабаб “Қувонч” жамоаси шаҳар ва вилоят миқёсидаги турли маданий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этиб, ёш томошабинлар қалбидан чуқур жой олиб улгурди.

Жамоа томонидан саҳналаштирилган “Шоҳ ялқовнинг найранги”, “Яхшилик оламининг олтин калити”, “Денгиз ости эртак қаҳрамонлари меҳмонда” каби спектакллар мактабгача таълим муассасалари ҳамда умумий ўрта таълим мактабларида намойиш этилиб, томошабинлар томонидан катта қизиқиш билан қарши олинмоқда.

Орадан 6 йил ўтиб, бу эзгу меҳнат ўз самарасини берди. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг қарорига мувофиқ, ҳаваскорлик санъатини ривожлантириш, миллий қадриятларни тиклаш ва юқори ижрочилик маҳорати учун “Қувонч” болалар бадиий ҳаваскорлик театр жамоасига “Болалар намунали жамоаси” унвони берилди.

– “Қувонч” жамоаси ўз фаолиятини аҳолига маданий-маърифий хизмат кўрсатиш ва ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратган. У шаҳримиздаги минглаб ўқувчиларга театрлаштирилган томошалари орқали маънавий озуқа бериб келмоқда. Унинг “Болалар намунали жамоаси” сифатида эътироф этилиши барчамизни мамнун этди, – дейди шаҳар маданият бўлими мудири Асилбек Зоидов.

Ижодий жамоа келгусида ҳам болаларнинг бадиий салоҳиятини ошириш, маънавий дунёқарашларини бойитиш ҳамда томошабинларни эзгу ғояларга даъват этишда фаолият олиб боришни мақсад қилган.

 

Шаҳноза МАНСУРОВА.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *