Ғаллаорол тумани табиий шароитидан келиб чиқиб, кўпроқ сабзавотчиликка ихтисослашган ҳудудлардан саналанади. Ушбу заминда етиштирилган помидор ўзининг таъми, сувлилик даражаси билан бошқа ҳудудларда етиштирилган навлардан ажралиб туради. Шунинг учун ҳам озиқ-овқат саноатда ана шундай навларга эҳтиёж юқори.
Бугун туманда етиштирилаётган помидорлар хорижий мамлакатларга, хусусан, Европага экспортга йўналтирилмоқда. Лалмикор ва суғориладиган майдонларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кўпайтириш, соҳага илмий ёндашув, тадбиркорларни бу борада қўллаб-қувватлаш ўз самарасини бермоқда.
Туманда озарбойжонлик тадбиркорлар томонидан ўтган йили йўлга қўйилган ўзига хос янги лойиҳа бу йил экспорт кўрсаткичларининг ошгани билан аҳамиятли бўлди. Помидор етиштириш, унинг сифатли навларини кўпайтириш эвазига юқори ҳосилдорликка эришган тадбиркорлар биринчи марта помидорни қуритиб, экспортга чиқармоқдалар. 20 гектарга экилган нисбатан сувсиз, мағзи тўқ помидор навлари етиштириш учун юзга яқин мавсумий иш ўринлари яратилди. Ҳозирда помидор қоқиси Италияга 100000 долларлик шартномага асосан етказиб берилаяпти.
—Ўзбекистон далаларида сифатли, мазали, томатбоп помидор навларини етиштириб, Италия ва Испанияга экспорт қилишни йўлга қўйдик,—дейди озарбойжонлик тадбиркор Урхан Тагиев. —Биз бу лойиҳани 2022 йилда бошлаганмиз. Ғаллаоролда биз учун зарур шароит яратиб берилган.
Италия гастрономик туризмида томат маҳсулотларига талаб жуда юқори. Шу боис келгусида маҳсулотлар турини, географиясини, экспорт ҳажмини 500000 долларга етказишни инвесторлар мақсад қилишган. Бунинг учун помидор экиладиган майдонлар 100 гектарга етказилади. Натижада икки юздан ортиқ хотин-қизнинг бандлиги таъминланади.
Зоир КАЛОНОВ.