Бугунги сайлов жараёнларини рақамли технологияларсиз тасаввур этиш қийин. Сайловчилар рўйхатини шакллантиришдан тортиб, номзодлар ҳужжатлари ва овоз бериш натижаларини жамлашгача бўлган синовдан ўтган тизим босқичма-босқич электрон платформаларга ўтмоқда. Бироқ дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, технология ўз-ўзидан сайловни шаффоф қилиб қўймайди. Шу боис бугун “рақамлаштириш керакми?” деган савол эмас, “қандай рақамлаштириш жамоатчилик ишончини оширади?” деган савол долзарб.
Ўзбекистонда бу жараённинг ҳуқуқий асоси 2019 йилда қабул қилинган Сайлов кодекси билан мустаҳкамлаб қўйилган. Кодекс билан сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини юритиш ҳамда сайлов жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишнинг ҳуқуқий пойдевори яратилди. Ягона электрон рўйхатнинг аҳамияти шунчаки техник қулайлик билан чекланмайди. У бир фуқаронинг бир нечта участкада рўйхатга тушиб қолишининг олдини олади ва “бир сайловчи – бир овоз” тамойилининг рақамли кафолати бўлиб хизмат қилади. Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими (СЖБАТ) эса комиссиялар фаолиятини яхлит рақамли муҳитга бирлаштиради.
Бу борада 2024 йилги парламент ва маҳаллий Кенгашлар сайлови рақамлаштириш бўйича ўзига хос синов майдони бўлиб хизмат қилди. Илк бор жорий этилган “E-saylov” ахборот тизими сайлов комиссиялари, партиялар, номзодлар, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги 60 га яқин турдаги ўзаро муносабатни электрон шаклга ўтказди. Унинг базасида 400 мингга яқин сайлов жараёни иштирокчиси ҳақидаги маълумотлар жамланди. Марказий сайлов комиссияси раиси З. Низомхўжаевнинг маълум қилишича, тизимдан 32 минг нафар иштирокчи профессионал тарзда фойдаланган. Улар билан 40 турдаги SMS-хабарнома орқали алоқа қилинган. Халқаро кузатувчиларни аккредитация қилиш ҳам шу тизим орқали амалга оширилиб, техник талабларга жавоб берадиган участкаларда овоз беришни интернет орқали видеотрансляция қилиш белгиланган.
Электрон овоз беришнинг илк синовини тизимдаги энг эътиборга молик янгилик дейиш мумкин. Масалан, Тошкент шаҳридаги 780 га яқин участкадан 10 тасида сайловчиларга қоғоз бюллетень ёки электрон қурилма орқали овоз бериш ўртасида танлов имконияти берилган. Бу борада шошма-шошарлик билан эмас, чуқур таҳлил асосида иш кўрилаётгани масалага жиддий ёндашилинаётганинг ифодасидир. Бу борада МСК раиси сайловдан сўнг қурилмаларнинг ижобий ва салбий жиҳатлари атрофлича ўрганилаётганини таъкидлаган. Бундай технологияларни амалиётга жорий этиш учун аввало қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳамда халқаро миқёсда эътироф этилган тизимлардан фойдаланиш талаб этилишини билдирган.
Шу сабабли Ўзбекистон моделини шартли равишда “бошқарувни тўлиқ, овоз беришни эса босқичма-босқич рақамлаштириш” деб таърифлаш мумкин. Бу ёндашувнинг ўз мантиғи бор: ташкилий жараёндаги хатони тузатиш мумкин, аммо овоз бериш босқичидаги ишончсизлик бевосита сайлов натижасининг легитимлигига таъсир қилади.
Сайлов жараёнида электрон технологиялардан фойдаланишда хориж тажрибаси ҳам муҳим аҳамиятга эга. Жумладан, Эстонияда 2005 йилдан буён интернет орқали овоз бериш (i-Voting) амалиётини қўллаб келинмоқда. 2023 йилги парламент сайловида 313 514 та овоз электрон шаклда берилиб, умумий овозларнинг 51 фоиздан ортиғини ташкил этган. Эстония муваффақиятининг сири – олдиндан жорий этилган ID-карта ва Mobile-ID каби рақамли тизимлардир. Энг муҳими, сайловчига онлайн берган овозини участкада қоғоз бюллетень орқали ўзгартириш ҳуқуқи берилган бўлиб, 2023 йилги сайловда 1 329 киши бу ҳуқуқидан фойдаланган. Бу механизм сайловчига нисбатан бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай босим ёки мажбурловнинг олдини олишга қаратилган.
Ҳиндистонда эса 2024 йилги сайловда 642 миллион киши электрон овоз бериш машиналари (EVM) орқали овоз берган. EVM натижаларининг ишончлилигини текшириш учун уларга махсус принтер уланган бўлиб, у сайловчи танлаган номзод ҳақида қоғоз талонча (VVPAT) чоп этади. Сайловчи уни текшириши, талонча эса кейинчалик электрон натижалар билан солиштирилиши мумкин. Масалан, 2024 йилда Олий суд барча талончаларни текшириш талабини рад этган бўлсада, ҳар бир сайлов округида тасодифий танланган бешта участкада қоғоз ва электрон натижаларни солиштириш тартибини сақлаб қолган.
Бразилия 1996 йилдан электрон урналарни қўллайди. Шу давр мобайнида 1,5 миллионга яқин қурилма ишлаб чиқарилган. Ҳар бир сайловда 40 га яқин назорат ва аудит босқичи ўтказилади. Сайловсиз йилларда эса оммавий хавфсизлик синовлари ташкил этилиб, 18 ёшдан ошган ҳар бир фуқаро тизимдаги заифликни топиш режасини тақдим этиши мумкин. Дастурий код сайловдан бир йил олдин назорат органлари учун очилади.
Германияда Конституциявий суднинг 2009 йилдаги қарорига кўра, электрон қурилмалар фақат фуқаролар уларнинг ишлашини махсус билим ва кўникмасиз ҳам текшира олган тақдирдагина қўлланиши мумкин.
Қўшни Қозоғистон МСК эса 2026 йил апрелида кибер ҳужумлар, овоз бериш сирининг бузилиши ва сайловчига босим хавфларини асос қилиб, электрон овоз беришни жорий этишга шошилмаётганини маълум қилган.
Хорижий давлатлар тажрибасидан маълум хулоса ва сабоқларни чиқариш мумкин. Аввало, технология ишончни яратмайди, балки мавжуд ишончни кучайтиради ёки сусайтиради. Эстония ютуғи 20 йиллик рақамли идентификация маданиятига, Бразилия ютуғи эса оммавий синовлар орқали шакллантирилган очиқликка таянади. Ўзбекистонда OneID ва “E-saylov” инфратузилмаси айнан шундай пойдевор вазифасини ўташи мумкин.
Иккинчидан, натижаларни текшириш механизми асосий мезон ҳисобланади. Ҳиндистондаги қоғоз талонча, Германия судининг мезони ва Бразилиядаги очиқ код амалиёти бир фикрни тасдиқлайди – оддий фуқаро ва кузатувчи натижани мустақил текшира олиши шарт. Шу маънода электрон овоз беришни кенгайтиришдан олдин қоғоз талонча, тасодифий солиштирма текширув ва мустақил аудит тартибларини қонунда аниқ белгилаш мақсадга мувофиқ.
Учинчидан, хавфсизлик фақат дастурий эмас, ташкилий масала ҳамдир. Масалан, 2026 йил 8 мартда Швейцариядаги Базель-Штадт кантонидаги техник носозлик туфайли 2 048 та электрон овозни ҳисоблаш имкони бўлмагани ва синовлар йил охиригача тўхтатилганига оид кейсда муаммо тизимнинг ўзида эмас, ташқи қурилма билан ишлашда юз бергани эътиборга молик. Демак, сайлов комиссиялари аъзоларини ўқитиш ва ҳар бир техник ҳаракат учун аниқ регламент ишлаб чиқиш дастурий ҳимоя каби муҳимдир.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистон танлаган босқичма-босқич йўл халқаро тажрибадаги энг ишончли ёндашувларга мос келади. Келгусида электрон қурилмалар синовини кенгайтириш, уларнинг дастурий таъминотини партиялар ва мустақил экспертлар иштирокида очиқ синовдан ўтказиш ҳамда натижаларни участка даражасида очиқ маълумотлар шаклида эълон қилиш рақамли сайловни нафақат тезкор, балки ишончли ҳам қилишга хизмат қилади.
Ёрқин СОДИҚОВ,
ДЖТҚМ Жиззах вилоят ҳудудий
бўлинмаси бош мутахассиси.