ОҒУФУРУШЛАР ҚИСМАТИ

        Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан гиёҳвандлик моддалари ноқонуний айланмаси йўналишида олиб борилган бир қатор тезкор тадбирлар натижасида Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли орқали Ўзбекистон Республикасига келтирилган “опий” гиёҳвандлик моддаларини тарқалишининг олди олинди.

Бахмал туманидаги “Узунбулоқ” ҚФЙ ҳудудида яшовчи Рашид Мухтаров  жиноий шериклари Самарқанд вилоятининг Ургут туманида истиқомат қилувчи Абдулла Ғофуров ва  жиноят ишининг унга нисбатан бўлган қисми алоҳида иш юритувига ажратилган тожикистонлик Отабек Эгамбердиев билан ўзаро жиноий тил бириктириб, кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига контрабанда йўли билан олиб ўтиш ва сотиш режасини тузадилар.

Пихини ёрган оғуфурушлар жиноий қилмишларини ипидан игнасигача режалаштириб олгандилар. Ўтган йили апрель ойида Рашид Мухтаров “Жартепаавтойўл” божхона ва чегара пости орқали Тожикистон Республикасига ўтади. У Отабек Эгамбердиев билан 1 килограмм “опий” гиёҳвандлик моддасини 4000 АҚШ долларига сотиб олишга келишади. Ушбу савдо ҳақида Абдулла Ғофуровни хабардор қилиб, пул талаб қилади. Орадан бир ой ўтгач, Абдулла 2470 АҚШ долларини Рашидга етказиб беради. Жиноий шериклар пулнинг қолган қисмини қорадори сотилгач, бўлиб олишни келишадилар. Энди фақат оғуни олиб келиш қолганди…

Тожикистонлик Отабек Эгамбердиев ҳам анойилардан эмасди. У ҳам ҳар бир ишни пухта бажарарди. Бу сафар ҳам у ишини аъло даражада амалга оширди. У 2 килограмм “опий” гиёҳвандлик моддасини қўлтиғига қисиб “Қайдасан, Жиззах” дея йўлга чиқди ва Бахмал туманидан ўтган “ўзбек-тожик” давлат чегарасидан ўтади. Қорадорини “Туркистон” тоғ тизмасидаги пинҳоний жойга яшириб кетади. Бу “сирли жой” Рашид учун таниш эди. “Опий”ни қўлга киритгач, Абдулланинг ёнига елдек учиб борди ва унга 968,79 грамини сотди. Бундан ташқари, Р.Мухтаров ҳамтовоғи О.Эгамбердиевнинг топшириғига кўра, 1 килограмм “опий”ни терговда аниқлашнинг имкони бўлмаган “Алишер” исмли шахсга сотиб юборган.

Оғуфурушликда устаси фаранг бўлиб кетган Абдулла қўлга киритган оғусини сотиш мақсадида “Cobalt” русумли автомашинада Ургут туманига келаётган пайтда ДХХ ва Жиззах вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлга олинган.

Р.Мухтаровнинг яшаш хонадони текшириб кўрилганда, 12 грамм “опий” гиёҳвандлик моддасининг қолдиқлари, 8,1 грамм кўкнори сомони топилган.

Вилоят ИИБ ЭКБнинг экспертиза хулосасига кўра, жиноятчилардан олинган 968,79 грамм модда “опий” гиёҳвандлик моддаси эканлиги тасдиқланган.

Гиёҳфурушларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши жиноят ишлари бўйича Бахмал туман суди томонидан кўриб чиқилди. Судда Рашид Мухтаров билан Абдулла Ғофуров қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдирди.  Суд ҳукмига биноан Рашид Мухтаровга  12 йил, Абдулла Ғофуровга 11 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Қорадори қора қилмишини қилиб бўлди. Икки нафар қирчиллама йигитни панжара ортига равона қилди. Рашид 43 ёшда, Абдулла эса 27 баҳорни қарши олганди. Бирида тўрт нафар, иккинчисида икки нафар фарзандлари бор. Ёшликнинг 11 ва 12 йилини қамоқда ўтказишнинг ўзи бўлмайди. Минг афсус, улар нафс қулига айланиб, оилани ҳам, фарзандларини ҳам унутишди.  Одамларга заҳар-заққумни раво кўриб, ҳаётда адашган бу кимсаларнинг орзу ҳаваслари йўқмиди?! Ҳамма қатори уларда ниятлар кўп эди… Афсус, қоронғу кўчага кириб, шундай аччиқ қисматни уларнинг ўзлари танлашди. “Ҳар ким экканини ўради”, деб бежизга айтмайди халқимиз. Улар яхшилик уруғини сепишганда эди, шу пайти оиласи бағрида тинчгина яшаб юрган бўларди. Ажал уруғини сочмоқчи бўлишди. Ҳар қандай ёмонликнинг жазоси ҳам бор. Энди улар узоқ йиллар қамоқда ўтириб, қилмишларидан пушаймон бўладилар.

 

   (Мақола суд материаллари асосида тайёрланди).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *