Зомин шаҳрида яшовчи Нозим Бобоев (исм-шариф ўзгартирилган) ўртоғи ва укаси билан тил бириктириб, Жиззах шаҳрида тасодифан танишиб қолган Зуҳра (исм ўзгартирилган)ни Зомин туман тиббиёт бирлашмасига ишга жойлаб қўйишга ваъда берди. Ваъда текин эмас, эвазига Зуҳра 700 АҚш доллари миқдорида пул бериши керак эди. Нозим умуман бошқа соҳада ишласа-да, тиббиёт соҳасига ишга жойлаб қўйиш ваколати бўлмаса-да, негадир шу ишга жазм этди. Пул илинжида роль ўйнашдан ҳам қайтмади. Таниши Ғулом (исм ўзгартирилган)ни гўёки воситачи шифокор сифатида таништириб, Зуҳранинг ишончини қозонмоқчи бўлди. Юзма-юз кўришиб турган одами шифокорга умуман ўхшамаслигига ақли етган Зуҳра биринчи учрашувда тутқич бермайди. Нозим уни ишонтириш учун бу сафар укасини ишга солади. У гўёки мансабдор шахсдек, у билан ишга киритиб қўйиш масаласида қилган мулоқотини телефонга ёзиб олиб, Зуҳрага эшиттиради.
Аммо Зуҳра унга елимдек ёпишиб олган бу одамга пул бериб, биринчидан сарсон бўлиб юришини, иккинчидан, ноқонуний йўл эканлигини англади ва бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментининг Жиззах вилоят бошқармасига мурожаат қилди…
Нозим билан учрашув жойи тайин бўлди. Жиззах шаҳридаги “Одил бобо” чойхонасида учрашишлари, Зуҳра Нозимга 700 АҚШ долларини беришига келишдилар. Ҳаммаси Нозим истагандек кетаётган бир вақтда тезкор ходимлар келиб, “ишнинг пачаваси чиқди”. У чўнтагига жойлаган пуллар олдиндан ишлов берилган, “Пора” деган ёзуви кўриниб турарди.
Энди афсус ва пушаймондан фойда йўқ. Нафс гирдобига ғарқ бўлишдан, бир инсонни сарсон-саргардон қилишдан ва ҳалоллик, адолат мувозанатини бузишдан олдин емириладиган асаблар, оиласи ва эл-юрт олдида юзи шувутликнинг оғир юки ҳақида ўйлаш лозим эди. Нозим Бобоевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Йўлдош ИБРАГИМОВ,
департаментнинг Жиззах шаҳар бўлим бошлиғи, адлия маслаҳатчиси