ИНВЕСТИЦИЯЛАР ТАРАҚҚИЁТ ҚУВВАТИ

Бир маъракада ёши улуғлар жам бўлган хонага бир йигит кириб пойгакка ўтирди. Тўрда гапириб ўтирган нуроний унга қараб:

— Ўғлим сен ўқигансан, телевизорда ҳам, радиода ҳам “инвестиция” деган сўзни такрор-такрор айтишади. Бу сўзнинг маъноси қандай? –деб сўраб қолди.

Йигит бир оз ўйланиб тургач жавоб берди:

— Қизингиз ўқишни тугаллагач, турмушга бердингиз деб тасаввур қилинг. У қудаларникида рўзғор икир-чикирларига ўралашиб, бирор жойга ишга ҳам кирмади. Сиз унга бир бош сигир олиб бериб, сут-қатиғидан менга бериб турасан, дейсиз. Шундай қилиб қудангиз сигирлик бўлади, сиз эса сут, қаймоқ, қатиқдан баҳраманд бўласиз. Сигир қизингизга ҳам эрмак бўлади.

— Сут-қатиғини менга берса қудаларга нима фойда, ахир меҳнатни улар қилади-ку, ем-хашак деган ташвишлари бор?

— Тўғри, лекин улар ҳар йили бузоғини олади, ўзларига ҳам сут-қатиқ қолади-ку. Давлат миқёсида киритилган инвестициялар ҳисобига юртимизда завод-фабрикалар қурилмоқда, минглаб одамлар ишлик бўлаётир, инвестиция асосида ташкил бўлган ишлаб чиқариш корхоналари солиқ тўлаб давлатимиз қудратини ошираяпти.

— Ана энди тушундим, барака топкур раҳбарларимиз “Инвестиция киритамиз!” деб бекорга куйинмас экан. Ўғлим хорижда ишлаётган эди, туманимизда чет эл билан қўшма корхона очилганида келиб ўша фабрикага ишга кирди. Ҳозир оиласи, фарзандлари ёнида…

Ҳа, киритилган инвестициялар ёрдамида вилоятимизда ташкил этилаётган ишлаб чиқариш корхоналари сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. 2023 йилда умумий қиймати 1026,2 млн. долларлик  709 та инвестиция лойиҳалари ишга туширилиб, 11 268 нафар янги иш ўринлари яратилди. Жумладан, саноат соҳасида умумий қиймати 620,1 млн. долларлик 137 та лойиҳаларда 5 222 нафар янги иш ўринлари яратилди.

Вилоятимизнинг табиий заҳираларга бойлиги, табиати ва ноёб ҳайвонот, ўсимликлар дунёси доим инвесторларни жалб этиб келади. Лекин кейинги етти йилда инвесторлар хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Ўтган йили бу соҳадаги 396 та лойиҳаларга умумий қиймати 186,3 млн. доллар инвестиция киритилди. Натижада 3365 нафар юртдошларимиз доимий иш ўринларига эга бўлди.

Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, янги технологиялар киритиш, базасини замонавий техникалар билан мустаҳкамлаш, соҳага инновацион ёндашувда инвестицияларнинг ўрни беқиёс. 2023 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасига киритилган умумий қиймати 219,8 млн. долларлик инвестициялар ҳисобига  176 та лойиҳалар ишга туширилди. Шулар ҳисобидан 2681 нафар янги иш ўринлари яратилди.

Масалан, Жиззах шаҳридаги “Farmatek” МЧЖ томонидан умумий қиймати 60,9 млрд. сўмлик “Тиббий буюмлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳаси ишга туширилиб, 50 та янги иш ўринлари яратилди.  “Uz Turk Charm” МЧЖ томонидан умумий қиймати 148,6 млрд. сўмлик “Тайёр чарм ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳаси ишга туширилиб, 70 та янги иш ўринларига жойлашган ҳамшаҳарларимиз меҳнат қилишмоқда. “Master System East” МЧЖ ҚК томонидан умумий қиймати 183,3 млрд. сўмлик “Мис хомашёсидан турли хилдаги сместитель, латундан қувурлар ва қурилиш материаллари соҳасидаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш” лойиҳаси ишга туширилиб, 100 нафар жиззахликлар учун янги иш ўринлари яратилди.

Бундай хайрли ишлар туманлар миқёсида ҳам амалга оширилаётгани эътиборга лойиқдир. Зарбдор туманидаги “Jizzax organic” МЧЖ ХК томонидан умумий қиймати 130,9 млрд. сўмлик “Бўрдоқичилик комплекси ва омухта ем ишлаб чиқариш” лойиҳаси ишга туширилиб, 160 та янги иш ўринлари яратилган. Зомин туманидаги “Turon Sarmoya Rivoj” МЧЖ томонидан умумий қиймати 160 млрд. сўмлик “Уч юлдузли мехмонхона ташкил этиш” лойиҳаси ишга туширилиши натижасида 60 нафар зоминлик иш билан таъминланди.

Бахмал туманидаги “BAXMAL NATURAL JUICE” МЧЖ ҚК томонидан умумий қиймати 28 млрд. сўмлик “Олма концентрантини қадоқлаш” лойиҳаси ишга туширилди. Янги лойиҳа доирасида 40 та иш ўринлари яратилди. Форишда эса “ROCKFIBER” МЧЖ томонидан умумий қиймати 583 млрд. сўмлик “Базальтдан ровинг ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳаси ишга туширилиб, 205 та қўшимча иш ўринлари яратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-459-сонли қарори ҳамда Ҳукумат комиссиясининг йиғилиш баёнларидан келиб чиқиб, вилоятда 2023 йилда 700,1 млн. доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилиши белгиланган эди.

Фориш туманидаги “Basfiber trade” МЧЖ томонидан базальт толасидан базальт мато ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасида 53,4 млн. долларлик хорижий инвестиция киритилди.

Шунингдек, “Жиззах цемент” МЧЖ ҚК томонидан цемент ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасига 50,0 млн. доллар, Зомин туманидаги “Jizzakh organik” МЧЖ томонидан чорвачиликни ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни ривожлантириш лойиҳасига 40,0 млн. доллар, Шароф Рашидов туманидаги “Bmb-Nrc-Agrologistics” МЧЖ ҚК томонидан логистика маркази ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қадоқлашни ташкил этиш лойиҳасига 41,2 млн. доллар, Бахмал туманидаги “BMB-OPERA ZAFFERANO” МЧЖ ҚК томонидан заъфарон ўсимлигини етиштиришни кенгайтириш лойиҳасига 19,5 млн доллар жалб этилди.

Мазкур ўзлаштирилган ҳамда ўзлаштирилиши кутилаётган тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар асосан Жанубий Корея (81 млн. долл), Хитой (43 млн. долл), Германия (31 млн. долл), Россия (30 млн. долл) каби давлатлар ҳиссасига тўғри келади.

Инвестициялар асосида вилоятимизда 2024 йил давомида ишга туширилиши кўзда тутилган лойиҳалар сони сезиларли даражада ортади. Чунки, марра ҳар қачонгидан баланд олинмоқда. Жорий йилда умумий қиймати 1,2 млрд. долларлик 718 та инвестиция лойиҳалари ишга туширилиб, улар доирасида 13108 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилмоқда.

Хусусан, саноат соҳасида умумий қиймати 1,0 млрд. долларлик 142 та лойиҳалар, хизмат кўрсатиш соҳасида 58 млн. долларлик 396 та лойиҳалар қишлоқ хўжалигида умумий қиймати 163 млн. долларлик 180 та лойиҳалар ишга туширилади. Масалан, Жиззах шаҳридаги “BYD” компанияси томонидан умумий қиймати 114 млн. долларлик “Янги энергия манбалари ёрдамида ҳаракатланувчи автомобилларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳаси ишга туширилиб, 800 та янги иш ўринлари яратилади. Фориш туманида “KVARS WEST” МЧЖ томонидан умумий қиймати 25 млн. долларлик “Гидроксид кальций ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳаси ишга туширилиб, 50 та янги иш ўринлари яратилади.

Вилоятимизда 2024 йилда 46 та лойиҳалар доирасида 736,0 млн. доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилиши ва 2023 йилга нисбатан 105 фоизга ўсиши режалаштирилмоқда. Ўзлаштирилиши белгиланган маблағларнинг асосий қисми қуйидаги лойиҳалар ҳиссасига тўғри келади:

– Фориш туманидаги “Софкор” МЧЖ томонидан цемент ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасида 82 млн. доллар ҳамда “Basfiber trade” МЧЖ томонидан базалт толасидан базалт мато ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасида 65 млн. доллар;

– Жиззах шаҳридаги “ADM Jizzakh” МЧЖ томонидан енгил автомобиллар учун пресланган деталлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасида 65 млн. доллар ҳамда “Asia Caustic” МЧЖ ҚК томонидан каустик сода ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасида 30 млн. доллар;

– Ғаллаорол туманидаги “TRIANGUL METALS GALLAARAL” МЧЖ томонидан пўлат шарлар ва қувурлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасида 30 млн. доллар жалб этилиши кутилмоқда.

Барча лойиҳалар замирида биринчи навбатда халқимизнинг доимий иш билан таъминлаш, вилоятнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, ёшларимизни тадбиркорликка жалб этиш ва бизнесни қўллаб-қувватлаш турибди. Буни сўз бошида ҳикоя қилган маъракада ўтирган кексалар ҳам тушуниб етишди. Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йилида нуронийларимиз, ота-оналар фарзандлари учун инвесторга айланишса ажабланмаган бўлардик. Зеро, келажакка тикилган сармоя албатта ўз самарасини беради.

Асад МУСТАФОЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *