14 январь—Ватан ҳимоячилари куни
Вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида фахрийлар билан кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар, учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилаяпти.
“Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимининг мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 32 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган “Янги Ўзбекистон армияси — мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқат тимсолидир!” шиори остида бўлиб ўтган давра суҳбатида меҳнат фахрийлари, ДХХ Чегара қўшинларига қарашли “Н” ҳарбий қисмда хизмат қилаётган бир гуруҳ офицер ва аскарлар, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги Чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш маркази курсантлари қатнашдилар. Тадбир аввалида Тошкент шаҳрида барпо этилган “Ғалаба боғи” тўғрисидаги видеоролик намойиш этилди.
Тадбирни вилоят нуронийлар жамоатчилик Кенгаши раисининг ўринбосари Нуриддин Нурматов кириш сўзи билан очиб, йиғилганларни Ватан ҳимоячилари куни билан самимий табриклади.
ДХХ вилоят бошқармаси фахрийлар кенгаши раиси, полковник Тўлқин Зулфиқоров, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси фахрийлар Кенгаши раиси, подполковник Равшанбек Жакбаров, меҳнат фахрийси Парда Йўлдошев, ДХХ Чегара қўшинлари фахрийси, подполковник Сафарали Чориев, Қуролли Кучлар фахрийси, подполковник Абдурашид Шарипов ва бошқалар ёшларга ибрат бўладиган ҳаёт йўллари, Қуролли Кучларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳарбий хизматчиларга яратиб берилаётган шароитлар, миллий армиямизда хизмат қилиш ёшларимиз учун шарафли бурчга айлангани, мард ва жасур аждодларимизнинг қаҳрамонликлари ҳақида гапириб бердилар.
Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган ўзига хос уч авлод учрашуви —фахрийлар ва ҳарбийларнинг ёшлар билан дилдан суҳбати унутилмас лаҳзаларга бой бўлди. Аскарлар томонидан ижро этилган Ватанни мадҳ этувчи шеърлар, қўшиқлар барчага завқ-шавқ бағишлади.
Тадбирда сўзга чиққан “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими ва вилоят нуронийлар жамоатчилик Кенгаши раиси Норқул Нушаров мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Янги Ўзбекистонни барпо этиш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, навқирон авлод вакилларининг маънавиятини юксалтириш, фахрийлар билан ўтказилаётган учрашувлар, давра суҳбатларининг аҳамияти гапирди. Барчани Ватан ҳимоячилари куни билан самимий табриклади ва бир гуруҳ фахрийлар, ҳарбийлар ва ёшларга жамғарманинг эсталик совғаларини топширди.
Тадбир сўнгида уч авлод вакиллари эсталик учун суратга тушдилар.
Васил ИЛЁСОВ.