Ноябрь ойининг иккинчи пайшанба куни бутунжаҳон сифат куни сифатида ҳар йили дунёнинг кўплаб мамлакатларида нишонланиб келинади. Ушбу байрам дунёда биринчи марта 1989 йил 9 ноябр куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) кўмагида Европа Сифат Ташкилоти (ЕСТ) ташаббуси билан нишонланган.
Бутунжаҳон сифат кунининг асосий мақсади юқори сифатли маҳсулотлар ва хизматларнинг аҳамиятини ошириш, шунингдек, сифатга эришишдаги муаммоларга эътиборни қаратиш тадбирларини фаоллаштиришдан иборат.
Сифат бу нафақат одамлар ва атроф-муҳит учун, балки маҳсулотларнинг хавфсизлиги, истеьмолчиларнинг сўровларини ва талабларини белгилайдиган муҳим мезон ҳисобланади.
Замонавий шароитда сифат тушунчаси инновацияларни амалга ошириш билан чамбарчас боғлиқ ва бугунги кунда инновацион ривожланиш фақат сифат билан узвий боғлиқ ҳолда бўлиб, уни доимий равишда такомиллаштириб ва ўзгартириб туриши мумкин.
Бу маҳсулотни, ташкилотни ва охир-оқибат атрофимиздаги дунёни яхшилайдиган сифатдир. Сифат ҳар бир корхона, ҳар бир саноат ва албатта, ҳар бир мамлакатнинг ривожланишида ва барқарор муваффақиятга эришишга ундайди.
Мамлакатимизнинг сифат соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий мақсади юртимиз иқтисодиётининг барқарор ривожланиши учун ички ва ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотларимиз ва хизматларнинг рақобатдошлигини таьминлаш, ижтимоий масалаларни ҳал қилиш ва пировардида фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилашдан иборатдир.
Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси ҳамда “Кorzinra.Uz” савдо тармоғи билан ҳамкорликда “Даладан дастурхонгача” тамойили асосида маҳсулотни ташиш, сақлаш ва уни сифатли тарзда истеъмолчи дастурхонига етказиб бериш занжирини ОАВ орқали кенг жамоатчиликка етказиш асосий мақсад ҳисобланади.
Сифат ҳафталиги тадбирлари вилоятимизнинг Зомин тумани ва Жиззах шаҳрида бўлиб ўтди.
Тадбир тафсилотлари билан газетамизнинг кейинги сонида батафсил танишисиз.
Зоир ЭРГАШЕВ.
(“Жиззах ҳақиқати”)