Муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида мамлакатимизни иқтисодий ривожлантириш борасида илгари сурилган қатор таклиф ва ташаббуслар божхона органлари зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди.
Жумладан, эндиликда эркин иқтисодий зоналарга дунёнинг машҳур брендлари жалб қилиниб, ушбу зоналардаги корхоналар халқаро техник регламентлар, экологик ва меҳнат стандартларини қўллаши мумкин бўлади. Шунингдек, уларга махсус инвестициявий, солиқ, божхона ва ҳуқуқий режим жорий этилади ва халқаро ҳуқуқ доирасида арбитраж низоларини кўриб чиқиш имконияти яратилади. Солиқ, божхона, санитария-эпидемиология назорати, стандарт, карантин, қурилиш назорати инспекцияси, ёнғин хавфсизлиги каби 17 турдаги текширувларда “боди-камера”дан фойдаланиш мажбурий бўлади.
“Ўзбекистон мероси меҳмонхоналари” дастури бошланади, дастур иштирокчиларига ер, мулк, фойда солиқлари ва божхона тўловидан имтиёз берилади.
Бундан ташқари, Юртбошимиз Мурожаатномада гиёҳвандликка қарши курашиш масаласига ҳам алоҳида тўхталдилар. Наркотик савдоси жиноятларини аниқлашда янги усулларни қўллаш юзасидан муҳим топшириқлар берилди.
Биз божхоначилар Мурожаатномада берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ўз режаларимизни тузиб олдик. Шу билан бирга муҳтарам Президентимизнинг 2025 йил 17 декабрдаги “Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш, фаолиятимизни такомиллаштириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб олганмиз.
Жиззах вилояти божхона бошқармаси жамоаси юртимиз иқтисодий хавфсизлигини ва унинг иқтисодий ривожини таъминлаш, мамлакат манфаатларини ҳимоя қилиш, ишбилармон тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда. Бугунги кунда бошқарма таркибида 3 та, яъни “Қўшкент”, “Учтўрғон” чегара божхона постлари ҳамда “Жиззах” Ташқи иқтисодий фаолият божхона пости фаолият кўрсатиб келмоқда.
Божхона қўмитасининг 2024 йил 6 мартдаги 46-сонли буйруғига асосан, “Э-транзит” ААТда “Экспорт уч қадамда” модули амалиётга жорий этилди. Мазкур “Экспорт уч қадамда” модули орқали Жиззах вилояти божхона бошқармаси томонидан ўтган 2025 йил давомида 5446 та БЮД (Божхона юк декларацияси) асосида 114 та ташкилотлар томонидан товарлар соддалаштирилган тартибда экспорт қилинди.
Амалдаги қонунларга биноан воҳамизда фаолият кўрсатаётган барча тадбиркорларга божхона тўловлари бўйича бир қатор имтиёзлар қўлланиб келинмоқда. Шу билан бирга экспорт рағбатлантирилиб, импорт оптималлаштирилаяпти. Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, рақамлаштириш, фаолият самарадорлигини ошириш бўйича ишлар намунали йўлга қўйилди.
Божхона тасарруфидаги постларда юк декларацияларини автоматик рўйхатга олиш ва автоматик тақсимлаш йўлга қўйилган. Барча ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига тегишли тўловларни амалга оширишда қулайликлар яратилди.
Ўтган йили бошқарма бўйича товарлар ташқи савдо айлануви
1 628,4 млн АҚШ долларини ташкил этди. Товарлар экспорти ҳажми 140,8 млн, товарлар импорти ҳажми 1 487,6 млн АҚШ долларидан иборат.
Жумладан, ўтган йили импорт қилинган товарларга қонунчиликда белгиланган ставкалар асосида 5 трлн. 137,7 млрд. сўм миқдорида божхона тўловлари ҳисобланган. Айтиш керакки, мазкур ҳисобланган божхона тўловлари бўйича республикада ишлаб чиқаришни ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек маҳсулот ишлаб чиқаришни модернизация қилиш мақсадида олиб келинган технологик асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, хом-ашё ва материалларга 2 трлн. 912,9 млрд. миқдорда божхона тўловларидан имтиёзлар берилди.
Контрабанда ва божхона қонунбузилишига қарши кураш йўналишида 308 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди. Натижада қиймати 4 млрд. 898,0 млн. сўмлик товарларнинг ноқонуний айланувига чек қўйилди. 7 млрд. 748,8 млн. сўмлик қўшимча божхона тўловлари ҳисобланиб, ундиришга қаратилган. 2024 йилга нисбатан олинган товарлар қиймати 1 млрд. 124,8 млн. сўмга, қўшимча ҳисобланган божхона тўловлари 211,2 млн. сўмга кўпайган.
Контрабанда йўналишида 67 та ҳолатда қиймати 3 млрд. 599,1 млн. сўмлик товар моддий бойликларнинг ноқонуний ҳаракатига барҳам берилди. Ўтган йили 2 546,35 грамм гиёҳвандлик воситалари ва 218 туп гиёҳвандлик ўсимлиги, 77 дона кучли таъсир қилувчи моддалар, 2 та ов қуроли, 440 дона диний мазмундаги материалларнинг юртимизга қинғир йўллар орқали олиб кирилишининг олди олинган.
Ходимларимиз товар моддий бойликларининг ноқонуний айланмасини аниқлашда фаол қатнашдилар. Ўтган йили 324,4 млн сўмлик тамаки, 6 млн 140,2 минг сўмлик алкоголь маҳсулотлари, 530,23 грамлик заргарлик буюмлари, 430,0 млн сўмлик дори воситалари ва тиббий буюмлар, 265,2 млн сўмлик электро техника воситалари, 26,5 млн сўм миллий валюталар, 69,7 млн. сўмлик пиротехника воситалари, 63.75 млн. сўмлик отнинг ноқонуний олиб кирилаётганлиги фош этилди.
Фаолиятимизда очиқлик ва шаффофликни йўлга қўйиш мақсадида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқани йўлга қўйганмиз. Аҳоли ва тадбиркорларнинг божхона соҳасига оид ҳуқуқий билим ва тушунчаларини ошириш мақсадида жойларда аҳоли ва жамоатчилик вакиллари билан 127 маротаба, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари билан эса 173 маротаба профилактик учрашув ҳамда тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Бошқармамизда ёшлар билан ишлаш, уларни божхона хизматига жалб этиш бўйича ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилган. Жиззах шаҳридаги
3-сонли умумий ўрта таълим мактаби вилоят божхона бошқармасига бириктирилган. Мазкур ўқув даргоҳида ўқувчилар билан “Ёш божхоначилар тўгараги” ташкил қилинган. Соҳага қизиқувчи иқтидорли ёшларга олий ҳарбий Божхона институтига ўқишга кириш учун йўлланмалар берилди.
Шуни алоҳида таъкидлашни истардим. Бошқармамизда мурожаатлар билан ишлаш намунали йўлга қўйилди. Ўтган йили бошқармага жисмоний ва юридик шахслар томонидан 45 та оғзаки ва ёзма (электрон) мурожаатлар келиб тушган. Мурожаатларнинг 16 таси божхона назоратидан ўтказиш ва расмийлаштируви тўғрисида, 10 таси божхона тўловларидан озод қилиш ва имтиёзлар юзасидан, қолган 19 таси бошқа масалалар бўйича қилинган мурожаатлардир. Мутахассисларимиз томонидан барча мурожаатлар ўрганилиб, ижобий ҳал этилди.
Коррупцияга қарши курашиш йўналишда вилоят божхона бошқармаси томонидан ҳалоллик ва шаффофликни мустаҳкамлаш мақсадида бир қатор профилактик тадбирлар ҳамда семинар-тренинглар ўтказилди. Таълим муассасаларида “Ҳалоллик сабоқлари” мавзусида очиқ мулоқотлар ташкил этилди.
Шунингдек, коррупциявий хатарларни аниқлаш ва олдини олиш мақсадида ички хизмат текширувлари доирасида ёпиқ сўровномалар ҳамда мониторинг ишлари йўлга қўйилди. Хизматларнинг шаффофлигини ошириш мақсадида электрон навбат тизими жорий этилди, кузатув камералари янгиланди ва ходимларнинг фаолиятини назорат қилишнинг замонавий усуллари йўлга қўйилди. Бошқармада фаолият юритаётган “Ишонч телефони” ва “Виртуал қабулхона” механизмлари орқали мурожаатлар оператив тарзда кўриб чиқилаяпти.
Ўтган йили бошқарма раҳбарияти томонидан вилоятимизда фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқариш корхоналарида сайёр учрашувлар ўтказилиб, тадбиркорларнинг импорт масалалари бўйича муаммолари ўрганилди, соҳани янада ривожлантириш бўйича замонавий ёндашув ва фикрлар илгари сурилди. Тадбиркорларнинг таклифлари инобатга олиниб, мавжуд муаммолар бартараф этилди.
26 январь куни Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари ташкил этилганлигига 34 йил тўлади. Шу ўринда соҳада фаолият кўрсатган фахрийларимиз Б.Алижонов, Х. Аҳмедовларни ва айни пайтда фаолият кўрсатаётган фидоий ходимларимиз У.Тўйчиев, М.Ҳамраев, Д.Нишонов, С.Инияминов, У.Шодмонқулов, Ш.Туратов ҳамда Ш.Абдусатторовларнинг номларини фахр билан тилга олиб ўтишни лозим топдим.
Биз—божхоначилар Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлашни бурчимиз деб биламиз. Юрт сарҳадларини ҳимоя қилиш, Ватанимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш йўлида бор куч ва билимимизни сарфлаймиз. Барча божхона фахрийларини ва ходимларимизни байрам билан самимий муборакбод этаман, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги барча эзгу ишларига муваффақиятлар тилайман.
Фарход Артиков,
Жиззах вилояти божхона бошқармаси
бошлиғи, подполковник.