Бугун жамиятнинг бирор-бир жабҳасини фаол хотин-қизларсиз тасаввур қилиш қийин. Жумладан, одил судловни амалга оширишда ҳам аёл судьялар муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Ана шундай судьялардан бири— Жиззах вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси Луиза Халитовадир. Қуйидаги мақолада унинг фаолиятига бир назар ташладик.
Луиза Халитова 1984 йил Урганч шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битириш арафасида у икки йўналишда ўқишни ният қилганди. Биринчиси ҳуқуқ соҳаси бўлса, яна бири эса дипломат бўлиш эди. Тошкентга келгач Луиза Тошкент давлат юридик институтини танлади ва ушбу даргоҳга ўқишга кириб, тўрт йил таҳсил олди. Ёш ҳуқуқшунос судья бўлгунча бир қатор идораларда фаолият кўрсатди. Адвокат, юрисконсульт, мутахассис бўлиб ишлади.
Судья бўлишга иштиёқ Луизани бир дақиқа бўлсада тарк этмади. Шу боис 2017 йилда Тошкентдаги Юристлар малакасини ошириш марказида уч ой таҳсил олди. 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгашига ҳужжатларини топшириб, судьяликка номзод бўлди. Ўша йилиёқ уни суҳбатга чақиришди. Унинг билим ва салоҳияти кенгаш аъзоларига маъқул бўлди. Уни Фуқаролик ишлари бўйича Фориш туман судининг раиси этиб тайинлашди. 2020 йилдан буён Жиззах вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси вазифасида ишлаб келмоқда.
— Судьялик лавозимига тайинланганимда катта орзу мақсадлар билан ишни бошладим,—дейди Луиза Халитова биз билан суҳбатда.—Аммо, дастлабки пайтлари қийинчиликларга дуч келдим. Чунки судга келадиган фуқароларнинг ҳаммаси мен ҳақман, деб келади. Уларни тинглаш, тушуниш ва адолатли қарор чиқариш осон иш эмас. Адолатли қарор чиқарсангиз ҳам барибир бир тараф норози бўлади. Норози тарафнинг ҳам эътирозларини эшитасиз. Лекин қонун барчага баробар. Қонун худди математикадаги формулага ўхшайди, мисолга ечим топиш учун формулага мурожаат қиласиз ва масала ечилади. Мен барибир аёл сифатида баъзи фуқароларнинг тақдирига ачинсам-да, қонундан четга чиқолмайман. Одил судловни амалга ошириш бурчимиз.
— Бугунги кунда оилавий можаролар кўпайиб бораяпти. Ёш оилаларда ажримлар бўлмоқда. Судья сифатида оилаларни яраштиришга уринганмисиз?
— Дарҳақиқат, жамиятимизда оилавий келишмовчиликлар кўп учрайди. Ёшлар турмуш қийинчиликларига чидай олмай дарҳол ажрашиш пайида бўлаяптилар. Бу нотўғри фикр деб ўйлайман. Оиланинг муқаддаслигини унутмаслик керак. Оилада ишонч ва албатта ҳурмат-иззат бўлиши лозим. Ажрашиш нияти – бу масаланинг ечими эмас, аксарият ҳолларда масъулият ва муаммолардан қочиш деб биламан. Аслида ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштириш маҳалла фаоллари, ота-оналарнинг вазифаси. Бироқ иш судгача етиб келдими, демак унга жиддий ёндошув керак. Судга келган ёшлар фақат ажрим талаб қилишади, бошқа гапга қулоқ солишмайди. Шундай бўлса-да, биз судьялар ҳар икки тарафнинг барча важларини синчиклаб ўрганиб чиқамиз ва яраштиришга ҳаракат қиламиз. Фаолиятим давомида суд залидаёқ ярашган оилалар кўп бўлган. Ёш оилани ажратиш, айниқса аёл судья учун жуда қийин. Албатта бир-икки фарзанди бор онага ачинаман, лекин турмуш ўртоғи билан яшай олмаслигини кўриб, ажрим тўғрисида қарор чиқаришга тўғри келади.
— Касбингиз ўта масъулиятли ва машаққатли. Аёл судьянинг раҳмдиллик, меҳрибонлик фазилатлари ишга халақит қилмайдими?
— Судьялар одоби кодексига риоя қилишимиз шарт. Унда шундай дейилган: “Судьянинг одил судловни амалга ошириш фаолияти унинг бошқа вазифаларига нисбатан устувор аҳамиятга эга”. Судья холис, беғараз ва ҳалол бўлиши керак. Судья хизматдан ташқари вақтда жамиятда умумэътироф этилган одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этиши зарур. Бундан ташқари, судья турмушда ҳам маданиятли, бошқаларга ибратли бўлиши лозим. Албатта, суд жараёнида аёл сифатида кимгадир ачинишим мумкин, лекин буни бошқаларга билдирмаслигим шарт. Кимгадир раҳмдиллик қилсам иккинчи тараф буни нотўғри тушуниши мумкин. Бу фуқароларда судга бўлган ишончни сўндиради. Шу боис судья икки тарафга ҳам тошу тарозини бирдек қўйиши зарур. Тарафларга ён босмаймиз, холис бўламиз.
— Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар ҳақида нима дейсиз?
— Республикамизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, одил судловнинг сифат ва самарадорлигини ошириш, судларнинг мустақиллигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият даражасида белгиланди. Янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам суд органларини фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи мустақил органга айлантириш энг муҳим вазифа этиб белгилангани эътиборга молик. Одил судловни амалга оширишда шаффофлик, очиқлик ва холислик муҳим аҳамият касб этмоқда. Бундан ташқари, судьялар ҳам доим ўқиб-ўрганиши керак. Янги қонунлар, қонун ости ҳужжатларини ўрганиб борсак, ишимизда асқотади. Фуқаролик судига оилавий ва меҳнат низолари, кредитни тўламаслик, мерос, уй-жой низолари сингари кўплаб ишлар келади. Уларни адолатли ҳал этиш фуқаролик жамияти ривожига, қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади. Қонунийлик таъминланса юрт тараққий этади, одамларнинг турмуш фаровонлиги яхшиланади.
Л.Халитова 2019 йилда фуқаролик ишлари бўйича Жиззах вилоят судлари судьялари ўртасида ўтказилган “Илғор судья” кўрик-танловида фахрли
1-ўринни эгаллаган. 2021 йилда одил судловни амалга оширишдаги қатъияти, тизим фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашдаги фаоллиги, касбига садоқати ва маънавий-аҳлоқий жиҳатдан юксак намуна кўрсатгани учун Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгашининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. 2022 йилда одил судлов соҳасидаги фидокорона меҳнати учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фахрий ёрлиғини олишга муваффақ бўлди. 2023 йилда Жиззах вилоят ҳокимлиги томонидан ўтказилган танловда “Йилнинг энг ватанпарвар аёли” номинацияси ғолиблигини қўлга киритди. У “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишони соҳиби.
Ўз устида тинмай ишлаётган ҳикоямиз қаҳрамони ўтган йили “Раҳбар аёллар мактаби”ни тамомлади. Доим изланиш ва интилишда бўлган судья қонунийлик ва ижтимоий адолатни таъминлашда эркаклар билан баробар меҳнат қилаяпти. Унинг зиммасида одил судлов фаолиятини самарали ташкил қилишдан ташқари саранжом уй бекаси, меҳрибон она сифатида фарзандлар тарбиясидек қатор масъулиятлар ҳам бор. Луиза турмуш ўртоғи Азат билан уч нафар фарзандни тарбиялашмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, одил судловни амалга оширишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган Луиза Халитованинг матонати ва шижоатига тасаннолар айтсак арзийди.
Васил ИЛЁСОВ.
Шерзод Эгамқулов (фото).