АФСОНАВИЙ БОКСЧИЛАР ФУТБОЛДА КУЧ СИНАШДИ

Жорий йилнинг 24 август куни ўзбек боксининг афсонавий юлдузлари, мураббийлари ва Ўзбекистон Республикаси бокс федерациясининг масъул ходимларидан иборат “FC Nokaut” ҳаваскор футбол клуби Зомин шаҳрида Жиззах вилоятининг маҳаллий “Раҳбарлар” жамоасига қарши ўртоқлик учрашувини ўтказди.

“FC Nokaut” жамоаси таркибида ўзбек бокси афсоналаридан Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўсматов,  Фазлиддин Ғоибназаров, Шаҳобидин Зоиров, Лазизбек Муллажонов, Бектемир Мелиқўзиев ва Исроил Мадримовлар, шунингдек, таниқли футболчи Ойбек Қиличев, республика бокс федерациясининг бош котиби Миршохид Тиллабоев, бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличев майдонга тушди ва бу мухлисларда катта қизиқиш уйғотди. Мезбон жамоа таркибида эса вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, воҳадаги ташкилот ва корхоналар раҳбарлари иштирок этдилар.

Ушбу жамоалар жорий йилнинг июнь ойида ҳам ўртоқлик баҳсини ўтказишган эди. Унда асосий вақтда дуранг натижа қайд этилиб, пенальтилар сериясида “FC Nokaut” жамоаси ғалаба қозонганди.

Навбатдаги баҳснинг асосий вақтида тенг курашлар остида ўтиб, 5:5 ҳисоби қайд этилди. Пенальтилар сериясида эса раҳбарлар жамоаси зафар қучди.

Энг асосийси, маҳаллий бокс ва футбол мухлислари ўйин натижасидан ҳам кўпроқ ўзбек боксининг дунёга машҳур юлдузлари ҳамда маҳаллий раҳбарлар иштирокидаги ўзига хос қизиқарли шоудан баҳра олишди.

Улуғбек ДАМИНОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *