Яқинда “Жиззах ҳақиқати”-“Джизакская правда” газеталарининг jizzaxnews.uz расмий сайтида журналист Шаҳноза Мансурова имзоси билан берилган “Қайдасан, “Билағон?” мақоласини қизиқиш билан ўқиб чиқдим ва шундай хулосага келдим: мақола ўз вақтида ёзилган, ундаги фикрлар – топиб айтилган!
Аслида газетанинг роли фақат ахборот етказиш борасида эмас, балки болаларнинг фикрлаш доирасини кенгайтириш, зеҳни, интизомини шакллантириш, ижодкорлик қобилиятини рағбатлантириш юзасидан ҳам муҳим.
Мақолада келтирилганидек, “Билағон” – мактаб ўқувчиларининг турли ижодий ишларини мунтазам нашр этиб борарди. Таҳририят фаолияти, айниқса, илмга чанқоқ ёшларни ўзига хос рағбатлантира олиши билан ҳам аҳамиятли эди.
Эслайман, кичик фарзандим 4- ёки 5-синфда ўқиб юрган кезлари устозлари томонидан ёзги дам олиш мавсумида нималар билан машғул бўлганликлари ҳақида уларга кичик ҳикоя ёзиш вазифаси топширилади. Ўғлим таътил пайтида ўқиган китоблари, табиат қўйнига қилган саёҳати, уй-юмушларига қарашганию, орттирган янги дўстлари ҳақида қоғоз қоралаб боради. Орадан унча кўп вақт ўтмасидан “Билағон” газетасида Самариддин Иброҳимов исм-шарифи билан ихчамгина мақола эълон қилинди. Фарзандимнинг ўзи ҳам, унинг устозлари ҳам, биз – ота-оналар ҳам қанчалик қувонгандик, ўшанда. Демак, бу газета ёшлар учун жуда ҳам керак эди.
Мақолада кўтарилган “мажбурий обуна” мавзуси ҳар доимгидек ғоят муҳим. Газетага обуна бўлмаслик инсонга фақат зарар келтириши мумкинки, асло фойда эмас. Лекин мақолада таъкидланганидек, обуна “мажбурий эмас”, деб айтилган турли хил баҳоналар (масалан, мактаб раҳбари ёки ота-оналарнинг ортиқча харажатни истамаслиги) жамоатчилик онгига салбий таъсир кўрсатиб бўлди. Бу эса газетанинг бор ўқувчиларини ҳам йўқотишига олиб келди.
Биз бугун фарзандимизнинг илмли, комил инсон бўлиб етишиши учун энг зарур бўлган газета-китоблардан арзимаган маблағни аяймиз, уларнинг келажаги ҳеч биримизни заррача ташвишлантирмай қўйди. Ахир, газета ўқимаган, китоб варақламаган ёшларнинг дунёқараши қай даражада ривожланиши мумкин, деб ўйлайсиз?
Мақолада газета муассиси “Зиёбахш пресс” МЧЖ раҳбари Фарҳод Неъматовнинг “Болаларни илмга ундаган газета ҳақиқий зиё ўчоғидир. Мен газетанинг ёпилиб кетишига йўл қўймайман!”, деган фикрларидан рости қувондим. Ва бугунги кун жадидлари, мактаб ва мактабгача таълим тизими фидойилари газета таҳририяти билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, келажагимиз эгаларининг ўқимишли, зиёли бўлишини чин дилдан истаётган ижодкорларни қўллаб-қувватлашларига ишонаман.
Муаллиф Шаҳноза Мансуровага кўпчиликнинг кўнглидаги гапларни кўтариб чиққанлиги учун самимий миннатдорлик билдириб, мақолани ўқишни Сиз азизларга тавсия қиламан!
Саид Донишев,
журналист