Сўнгги йилларда диний-маърифий ишларда амалга оширилаётган сиёсий-ижтимоий ислоҳотлар, эҳсон ва ибрат тадбирлари юртимиздаги барча мўмин-мусулмонларни мамнун этмоқда. Жумладан, жорий йил 30 май Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.
Унга кўра “Халқимизга хос меҳр-оқибат, инсонпарварлик, шукроналик, саховат ва бағрикенглик каби эзгу фазилатлар тимсоли бўлган, асрлар давомида маънавий ҳаётимизда муҳим ўрин тутиб келаётган муборак Қурбон ҳайитининг аҳамияти Янги Ўзбекистонда ижтимоий давлат барпо этиш жараёнлари ҳал қилувчи босқичга кираётган бугунги шароитда тобора ортиб бораётганини ҳисобга олиб ҳамда ушбу қутлуғ айёмни ҳар томонлама муносиб кутиб олиш ва ўтказиш, шунингдек, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида…” белгиланган вазифалар ижроси юзасидан жойларда бир қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, шундай улуғ кунларда 15000 нафардан зиёд юртдошимиз сафида 685 нафар жиззахлик воҳадошларимиз ҳаж ибодатларини адо этаётганлиги қувонарли. Зотан, муқаддас даргоҳларда ўқилаётган дуоларда Ватанимиз осойишталиги, халқимиз фаровонлиги, келажак авлод вакилларининг илму фандаги камолоти тилга олинаётгани бизга ифтихор бағишлайди. Шу ўринда ҳайит элимиз учун фақат байрамгина эмас, балки минг йиллар давомида шаклланган қадриятлар тараннуми эканлигига ҳам эътибор қаратиш лозим. Ўзаро меҳр-оқибат улашиш, хайру саховат тадбирларини уюштириш, кўнгли ўксик, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш, ҳам берувчи, ҳам олгувчи қўлларга эзгулик қувватини бағишлайди.
Ҳайит намозини адо этгандан сўнг дастлаб ота-оналарни сўнг қариндош-уруғлар, ёру биродарларни ва беморларнинг ҳолидан хабар олишлик энг афзал амаллардандир. Қурбонлик қилиш Яратганнинг берган неъматларига шукроналик, нафсоний иллатлардан покланиш демакдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли — У Зотни улуғлашларингиз учун — уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!” (Ҳаж сураси, 37-оят).
Шунингдек, ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом: “Одамзот сўйиш куни қон чиқаришдан кўра Аллоҳга маҳбуброқ иш қилган эмас. Албатта у (ҳайвон)лар қиёмат куни шохлари, жунлари ва туёқлари билан келурлар. Албатта қон ерга тушишидан олдин Аллоҳнинг ҳузуридаги маконга етур. Уни чин кўнгилла чиқарингиз” (Имом Термизий ривоятида келтирилган).
Ҳайит ўз номи билан хурсандчиликдир. Ушбу байрамда ота-она ва фарзандларга совға улашиб, уларни қувонтириш, кексалар, заиф ва бетобларга ҳадя бериб, қалбларига сурур киритиш динимизда тарғиб этилган. Бироқ, исрофгарчиликка сабаб бўладиган маросимлар ўтказиш шариатимизда йўқ. Яқинлари вафот этган хонадонлардаги, никоҳ тўйлари бўлган оилалардаги “янги ҳайит”, “ҳайит йўқлови” каби маросимлар бидъатдир. Ҳайит кунларини аза ва йиғи-сиғига айлантириш бизга ярашмайди. Бунинг ўрнига муҳтожларга, фақир-мискинларга, етим-есир, бева бечораларга совғалар улашиш кишига таскин беради.
Шундай экан, Қурбон ҳайитида мусулмонларнинг шод-хуррамликда бир-бирлари билан дийдорлашиб, шариат талабларига мувофиқ, йиғи-сиғисиз, хуш кайфиятда ўтказишларини тилаб қоламиз.
Меҳмонхон ЖАББОРОВ,
вилоят бош имом-хатиби.