Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 майдаги “Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги Қарорининг ижросини тўлақонли таъминлаш мақсадида, ушбу муборак кунни халқимизнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтказиш бўйича вилоятимизда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича котибиятидан олинган маълумотларга кўра, воҳамизда мавжуд 172 та масжидларнинг 168 таси ҳайит намозлари ўқилишига тайёрланди. Уларда 69470 нафар фуқароларнинг иштирок этиши кутилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси вилоят бўлими, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси вилоят вакиллиги масъуллигида хайрли тадбирларни ўтказиш учун муҳим вазифалар белгиланди. Вилоятимиздаги 304 та маҳаллалардаги масжидлар, 465 та мусулмонлар қабристони, 42 та тарихий ёдгорлик, обидалар ва муқаддас қадамжоларда кенг миқёсда ободонлаштириш ишлари олиб борилди.
Қолаверса, Жиззах шаҳри ва туманларда истиқомат қилувчи 600 дан ортиқ ёрдамга муҳтож оилаларга 356 млн. сўм миқдорда моддий ёрдам кўрсатилади. Бозорларда нарх-навонинг сунъий равишда ўсишига йўл қўймаслик бўйича тегишли чоралар кўрилиб, жамоатчилик ўртасида огоҳлик, ҳушёрлик ва тартибни сақлаш ҳақида доимий тарғибот ишлари йўлга қўйилган.