НОВҚАНИНГ МАШҲУР ЭГАРЧИСИ

  —Отамиз Уста Барот эгарчилик билан шуғулланиб юрган вақтларда саноқли, бор-йўғи уч нафар эгар ясовчи бўларди. Бугунги кунда улар кўпчиликни ташкил қилади, —дейди ҳунарманд Сапарбой Қурбонов. — Ўзим 100 нафардан ортиқ шогирд етиштирдим. Фарзандларимнинг ҳаммаси шу ҳунар билан шуғулланади.

 

  Сапарбой Қурбонов 1963 йилда Бахмал туманининг Новқа қишлоғида туғилди. Болалигидан отасининг қаватида юриб, эгарчиликнинг сир-асрорларини ўргана борди. 1992 йилдан бери ҳунармандчилик билан шуғулланиб келади, бу борада 40 йилдан ошиқ тажрибаси бор. Қизиқиши ва тиришқоқлиги, туганмас сабри туфайли уста эгарчи бўлиб танилди. Эгарлари мустаҳкамлиги, ҳар қандай отга тўғри келиши билан афзал бўлиб, бугун уни нафақат юртимизда, балки Ўрта Осиё давлатларида ҳам яхши танишади, қийматини билишади. Унга ўхшаган усталар ясайдиган машҳур “Новқанинг қизил эгари” Новқани дунёга танитган.

—Бугунги кунда замон талабига қараб ғилоф, тери қопланган эгарларга талаб юқори., — дейди Сапарбой ака. — Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон давлатларидан полвонлар келиб буюртма бериб кетишаяпти. Илгари ҳамма ишимиз қўлда бажариларди. Битта эгар бир ойда тайёр бўларди. Ҳозир замонавий техникалар ёрдамида тайёрланади. Лекин эгар тайёрлашда айрим ишлар қўлда қилинади. Бир дона ҳам мих ишлатилмайди. Эгар ясаш — бу оилавий жараён. Унда аёлим, фарзандлар, невараларим ҳам бирдек иштирок этади. Жониворларнинг пайидан фойдаланамиз. Уни сочнинг толасидек қилиб титамиз, бу жуда ҳам майда иш. Эгар бир кунда ясалмайди, уни қуритиш учун ҳам вақт керак бўлади. Битта маҳсулот бир ҳафтада тайёр бўлади.

Сапарбой ака истеъдодли ҳунарманд сифатида халқимизнинг бой маданий меросини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, уни дунёга танитиш, ушбу ноёб ҳунар сирларини ёш авлодга етказиш ишларига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётир.

—Маҳсулотларимни кўпроқ толдан ясайман, — дейди у, — чунки унинг ёғочи енгил, эгилувчан бўлади. Полвон отдан йиқилганда ё от ағанаганда ҳам зарар етказмайди, синиб, ажралиб кетмайди.  Қозоқ полвонлари кўпроқ теракдан эгар ясаттиради. Теракнинг ёғочи қаттиқ, оғир бўлса-да, мустаҳкамроқ бўлади. Отлари бақувват, шу сабабли, эгарларининг ҳажми ҳам сал каттароқ бўлади.

 Эгар ясашнинг ўзига яраша машаққатлари бор. “Бу касбни ўта сабрли одам эгаллайди. Унча-мунчага диққат бўлавермайман. Шунинг учун сочларим ҳам ҳали унчалик оқармаган”, — ҳазиллашади уста. — Бу иш ҳунарманддан катта сабр, қунт ва маҳорат талаб қилади. Улоқ-кўпкарида эгарнинг мустаҳкамлиги жуда муҳим саналади. Эгар-жабдуқ соз бўлса, от полвоннинг измидан чиқмайди, дейди.

“Ўзингиз ҳам от чопасизми,” деган саволимга кулиб юбордида, “йўқ” деди.

—Улоқ-кўпкарига жуда қизиқаман, бориб тураман, лекин чопмайман. Кўпкаридан сўнг полвонлар келиб, “эгарингизнинг шарофати билан ютуққа эга чиқдим, элга танилдим”, десалар, ҳамма қийинчиликлар эсдан чиқиб кетади. “Ўзингиз ҳам бир миниб кўринг энди” деб отнинг жиловини қўлимга тутқазишади. Ўшанда отларни миниб кўраман, шунда ҳис қиламан, руҳингиз баланд бўлар экан. Бежизга отнинг дови бор, дейишмайди, у эркак кишига ўзгача руҳ бағишлар экан, — дейди Сапарбой ака.

Унинг қозоқ, қирғиз полвонларидан оғайнилари кўп. Биз борган куни ҳам уйида наманганлик бир полвон меҳмон бўлиб турган экан.

—Сапарбой ака билан иш юзасидан танишиб қолиб, ошна-оғайни тутинганимизга ҳам 20 йилдан ошди, —дейди Поп туманидан келган Аъзам Расулов. — Бир-биримизникига меҳмонга борамиз, тўйларимиз бир. Келсам, икки-уч кунлаб Новқада қолиб кетаман. Уста жуда одамохун, самимий, камтар ва меҳмондўст инсон. Ўз касбининг ҳақиқий фидойиси. У ясаган эгарлар ўзининг қулайлиги, сифати жиҳатидан бизнинг водийда ҳам таниқли ва харидоргир.

 Шу ҳунарининг ортидан Сапарбой ака уч ўғлини уйли-жойли қилди, маҳалла-кўйда обрў-эътибор топди. “Тўй тадориги устига келдингиз, яқинда кичик ўғлимизни ҳам уйлантирмоқчимиз”, дейди аёли Гулбаҳор опа. Улар бугунги кунда 10 нафар неваранинг севимли бобосию буваси. “Бизнинг асосий иш юритувчимиз шу опангиз”, кулади уста.

Жорий йилда ҳунарманднинг меҳнатлари давлатимиз раҳбари томонидан муносиб тақдирланди, мукофот нафақат унинг яқинлари, шогирдлари, балки бутун Новқа аҳлини бирдек қувонтирди. Бу юртимизда миллий ҳунармандчиликка бўлган эътибор, уста ҳунармандларнинг машаққатли меҳнати қадр ва эъзоз топаётганлигининг далилидир.

—Ҳурматли Президентимиз камтар меҳнатимизни қадрлаб, бу йил “Дўстлик” ордени билан мукофотлади, беҳад миннатдорман, — деди С.Қурбонов. Оиламиз билан бундан мамнун бўлдик, ҳалигача кўпчилик келиб табриклаб кетяпти. Бизга ўхшаган оддий ҳунарманд усталарга ҳам эътибор қаратилаётгани ҳаммани хурсанд қилди. Бунинг таг-замирида менинг қозоқ, қирғиз, тожик, туркман биродарларимиз билан дўстона мулоқот майдони, ҳамкорлик қура олганим ётибди, деб тушундим.

Бугунги кунда Сапарбой ака сингари меҳнаткаш ҳунармандлар туфайли Новқа қишлоғи “Эгарчилар қишлоғи” деган номга эга бўлди.

 —Қашқадарё, Сурхондарёга борсам, Новқаданман десам, “Эгарчилар” қишлоғиданмисиз, дейишади. Демак, ота-боболаримиз даврида ҳам бу эгарлар анча таниқли бўлган. Ҳунаримни янада ривожлантириш мақсадида юртимизда ҳунармандларга берилаётган имкониятлардан фойдаланиб, мен ҳам 30 млн. сўмлик кредит олиб устахонамни кенгайтирдим. Шундан сўнг кўплаб шогирдлар орттирдим. “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан турли кўргазма, тадбирларда қатнашамиз. Фарғона водийсида бўлиб, ўз миллий маҳсулотларимизни кўргазмага қўйдик. Бошқа эгарчилар ҳам келиб, Новқанинг эгарларини қизиқиб томоша қилишади, унинг ясалиш сирларини сўрашади. Шундай пайтларда албатта, қувониб кетаман.

 Сапарбой аканинг яхши ниятлари кўп. Зомин-Бахмал йўлидан қурилажак туризм йўлида эгарчилик устахонасини йўлга қўйиб, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари жозибаси, ранг-баранглилигини хорижий сайёҳлар эътиборига ҳавола этиш, кенгроқ танитишни жуда истайди.  Ҳунари ортидан элда эъзоз топган, халқимизнинг бой меросини авлодларга ўргатиб келаётган у каби  усталар ҳамиша бор бўлсин.

 

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *