ҚАНҒЛИДА ЎТГАН БИР КУН

МАҲАЛЛА “ИЗҚУВАРИ”

Эрта тонг. Доим осуда меҳнат куни бошланадиган бир пайтда Қанғли маҳалласида ваҳимали хабар тарқалди. Кимдир фалончи хонадонига ўғирликка тушиб, уйига ўт қўйиб кетибди! Кейинги хабар бундан ҳам совуқ эди.Ўғри қабристонни ободонлаштириш учун йиғилган пулни ва безакли металларни ҳам ўғирлабди!

Ҳали офтоб чиқмасдан вилоят ва Шароф Рашидов тумани ИИБ ходимлари маҳаллада уч гуруҳга бўлиниб ишни бошлаб юборишди.

— Маҳалла одамларини беш қўлдай биласан, наҳотки ҳеч кимдан гумон қилмаётган бўлсанг? –деб сўради туман ИИБ раҳбарияти профилактика инспектори Элмурод Лапасовдан.

— Маҳалламизда биринчи марта шундай воқеа содир бўлди, Ўзим ҳам шу тўғрисида зўр бериб ўйлаяпман, – деди катта лейтенант Э. Лапасов.

Кейинги пайтда фалончининг қадам олиши ўзгариб қолган, лекин уйи ёнган одамларга бегона эмас-ку. Элмурод шу ҳақда ўйлаб кўриб, раҳбариятдан муддат сўради.

— Лозим бўлса муддат ҳам берилади. Аммо излар “қайноқ” пайтида нимагадир эришиш мумкин. Ҳозир эса ишла…

Элмурод ИИБнинг гуруҳларига халақит қилмаслик учун ташқарига чиқди, дарахт соясида бир пас хаёлга толди. У жиноят қилишга мойиллиги борларни бир-бир кўз олдига келтирди. Тўхта-чи, маҳаллада биттаси бор. Кейинги уч кун ичида тез-тез кўчада учратди. Тўғри, у биров билан жанжаллашмади, лекин қаерда кўрса, бошқалар эътиборини тортмайдиган жойда ўтириб олиб, кўчадан ўтганларни кузатарди. Балки шу тарзда жиноят режасини тузгандир? Элмурод ўша кишининг уйи томон юрди. Профилактика инспекторини кўриб кўзини ерга тикди, бармоқлари билинар билинмас титрагандай бўлди. Элмурод кечаси қаерда бўлганлигини сўради.

— Қаерда бўлардим, уйда эдим. Соат 22дан ўтгач ухлаб қолдим, -деб жавоб берди у. —Тинчликми?

— Эшитмадингизми, ўғирлик бўлган маҳаллада.

— Эшитмадим, бу ишларга менинг алоқам йўқ ўртоқ начайник…

У ўзини қанча табиий тутгани билан профилактика инспекторининг шубҳаси ортиб бораверди. Ички сезгиси “Шу одамни яхшилаб суриштир” дерди. Шунинг учун шу кўчадаги хонадон эгалари билан суҳбатлашиб, кечаси кўчада юрган одамни кўрган, кўрмаганини суриштирди.

— Сигирим болалаши керак эди. Тунги 2-3 ларда хабар олиш учун зимхонага ўтаётганимда қўшнимнинг кўчага чиқиб, мана бу томонга кетаётганини кўриб қолдим. “Ярим тунда бу киши кўчада нима қилиб юрибди?” деган гап хаёлимдан ўтганди ўшанда, деб қолди қўшнилардан бири.

Элмурод Лапасовга шу гапнинг ўзи етарли эди. У ўзи шубҳаланган одамнинг уйига яна қайтиб борди.

— Ҳа, начайник бирор насангизни унутиб қолдирибсизми?

— Мен ҳозир сизга иккита моддани ўқиб бераман, қай бирини танлаш ўзингизга ҳавола, – деган Элмурод жиноий жазо тайинлашга оид иккита моддани ўқиб берди. Биринчиси ўз ихтиёри билан айбини бўйнига олган айбланувчига қандай жазо тайинланиши тўғрисида, иккинчиси эса айбини бўйнига олмай жинояти етарли далиллар билан исботланган айбланувчига қандай жазо тайинланиши хусусида эди.

— Ўғирлик қилиб уйни ёқиб кетган ҳам, қабристондаги пул ва безакларни ўғирлаган ҳам сиз эканлигингизни яхши биламан ва буни исботлаб бероламан. Керак бўлса ўғирлаган нарсаларингизни қаерга яширганингизни топиш ҳам қийин эмас. Ўзимиз топганимиздан кейин сизга ҳеч ким ёрдам беролмайди. Маҳаллада учта гуруҳ ишлаяпти, вақтни ўтказманг.

— Тўғри, ўғирликларни мен қилдим, уйни ёқишимга сабаб бор…

Элмурод шу ернинг ўзида ундан тушунтириш хати ёздириб олди, дастлабки сўроқ баённомасини ҳам тўлдириб, имзо қўйдирди. Шундан кейин айбланувчини жиноят ва тергов гуруҳи ходимларига топширди.

— Оббо изқуварей, “қайноқ” из ортидан бориб, ярим соатда топиб келдинг-а!

ИИБ бошқармаси раҳбарияти томонидан Элмурод Лапасовга ташаккурнома эълон қилинди.

— Маҳалламиз “еттилиги” ҳамжиҳат бўлиб ишлаймиз. Масалан, маҳалладаги 54-умумтаълим мактаби ўқувчилари автомобиль қатнови юқори бўлган йўлдан мактабга келиб-кетишаётганини айтгандим. Раисимиз Асад Тошмуродов ҳамда оқсоқоллар билан бориб кўрдик ва ўқувчилар учун йўлак қуришга келишиб олдик, – дейди профилактика инспектори Элмурод Лапасов.

ҲАШАРДА ҲИММАТ ВА ҲИКМАТ БОР

Маҳаллада иккита мактаб бор. 14-умумтаълим ўрта мактабининг ташкил бўлганига юз йилдан ошди. Бу таълим муассасасига тажрибали педагог Лола Исанова раҳбарлик қилади. Вақт ўтиб маҳаллада одамлар кўпайди, шунга яраша ўқувчилар сони ҳам ортиб борди. Шундан сўнг Қанғлида яна битта мактаб қурилди. Ҳозир фаолият кўрсатаётган 54-умумтаълим мактабида ҳам ўқувчилар сони кўпайиб борди. Натижада мактабда 28 та синфда 634 нафар ўқувчи талим олмоқда. Лекин 15 тагина синфхона мавжуд.

— Жорий йилда имкониятларни кенгайтириш учун қўшимча 180 ўринли янги мактаб биноси қурилади. Эски бинолар тўлиқ таъмирланади, спорт зал реконструкция қилинади, бунинг учун давлат бюджетидан 3 млрд. 960 млн. сўм маблағ ажратилди, -дейди мактаб директори.

— Мен бир ишга қойил эмасман, – деб қолди маҳалла оқсоқолларидан Имомқул Бердиев. — 180 ўринли мактаб биноси қуриладиган бўлибди. Қўшимча 6 та синфхонаси қурилармиш. Ахир бу ҳам мактаб талабини қондирмайди-ку. Ростдан ҳам қуриладиган бўлса, бир йўла 700 ўринга мўлжаллаб режалаштирса бўлмайдими?

Оқсоқолнинг гапида ҳақиқат борлигини ҳамма билиб турарди.

Йиллар давомида болалар мактабга автомобиль йўлидан юриб боришади. Профилактика инспекторининг ташвишланишига ҳам асос бор. Эндиликда шаҳар ва қишлоқларимизда транспорт воситалари кўпайиб кетди, қатнов тезлашди. Шунинг учун маҳалла “еттилиги” ва оқсоқоллар маслаҳатни бир жойга қўйиб, ўқувчилар мактабга қатнаши учун бир чақирим йўлак қуриб бериладиган бўлди.

Ҳашар эълон қилиниши билан маҳалла идораси гавжум бўлиб кетди. Биров маблағдан ёрдам қилса, кимдир касби устачилик эканлигини айтиб, ёздириб кетарди. Солиқдан маҳаллага қоладиган 10 фоиз маблағнинг анчаси қурилиш материаллари сотиб олишга йўналтирилди.

Ҳашарда ҳикмат бор, деганлари тўғри экан. Қисқа вақт ичида равон ва бутунлай хавсиз бўлаган йўлак қуриб битказилди. Ўнлаб қанғлиликлар бу ҳашарда фаол иштирок этишди. Маҳалла нуронийлари уларга мадад бўлиб туришди. Бугун мактабга келаётган ўқувчиларнинг бирортасининг юзида хавотир ёки қўрқувни кўрмайсиз. Аксинча “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси мобайнида экилиб, бўй чўзаётган дарахтлар соясида хуш-хандон ўқувчиларни кўриб беихтиёр юзингизда табассум ўйнай бошлаганини сезмай қоласиз.

Маҳаллани айланиб, эртанги кундан умиди бор одамларнинг кўча ва ҳовлиларга кўчат экаётганини кўриб бу маҳалла руҳиятига фақат ободлик ярашишига имон келтирасан.

ЭШҚУЛ ОҒАНИНГ ЯШИЛ ОРОЛИ

— Кўчатларни қаердан олаяпсизлар?

Саволимизни эшитиб, маҳалла раиси Асад Тошмуродов билан маслаҳатчиси Имомқул Бердиев кулиб юборишди.

— Сизни ҳозир ўша одам билан танштирмоқчи бўлиб тургандик, -деди раис. — Ҳа демай эшак аравасида ўтиб қолади.

Эшқул Ғоибназаров аслида ғаллаороллик, лекин тақдир тақазоси билан Қанғлига кўчиб келиб, шу ерда яшаб қолди. Яхши ният билан техникумда агрономлик иши йўналишида таълим олди. Лекин собиқ иттифоқ даврида фақат таниш-билиш орқали ишга ўтиш “модага” айланган бир пайтда Эшқул акага ўхшаганларга йўл бўлсин.

Шундан кейин чўпонлик қила бошлади, ҳаёти сурув ортида ўтди. Пенсияга чиққанидан кейин уйида ором тополмади. Унинг азалий орзуси бор эди. Яхши ер чиқиб қолса, боғ яратишни ният қилиб қўйганди.

— Қадимгилар “Юз йил яшай десанг боғ ярат” деган экан. Менга ер беринглар, бир боғ яратиб, маҳалла ободлигига ҳиссамни қўшай, – деди у маҳалла раҳбарларига бориб учрашганда.

Унга маҳалладан анча узоқдаги ташландиқ ерни кўрсатишди. Барибир эплай олмайди, деб ўйлашди шекилли. Лекин Эшқул ака эплади. Узоқ йиллар анғиз ва алафлардан бошқа нарса ўсмаган ерни қарасанг кўзинг қувонадиган боққа айлантирди.

— Боғимда олманинг ҳамма туридан бор. Ҳар йили Бахмал ва Новқадан дарахт кўчатлари олиб келиб, энг яхши навлардан пайванд қиламан. Нок яхши ўсаяпти. Ундан ташқари шафтолини яхши кўраман, қаерда янги турини кўрсам кўчати ёки данагидан олиб келиб экмагунча тинмайман.

Айни пайтда эшқул ака 1,5 гектар ерни ўзлаштириб, яшил “орол”га айлантирди. Кейинги пайтда кўчат етиштиришга катта эътибор қаратмоқда. Кўчатлар экишга тайёр бўлганида ўз маҳалласига, мактабларга текин беради. Ундан бир марта кўчат олганлар кейинги йилда яна келишади. Чунки миришкор боғбон дарахтларнинг турига қараб парвариш қилиш бўйича харидорларга маслаҳатлар беради. Шунинг учун Эшқул оғанинг кўчатлари ҳеч қачон қуриб қолмайди.

Асад МУСТАФОЕВ.

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото)

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *