Айрим инсонларнинг ҳаётини биргина касб ёки лавозим билан ифодалаб бўлмайди. Чунки уларнинг умри муайян бир вазифа доирасига сиғмайди. Бундай инсонлар қаерда ишламасин, қайси лавозимда бўлмасин, ўзидан яхши из қолдиради. Кимдир қалами билан, кимдир меҳнати билан, яна кимдир одамларга қилган яхшилиги билан танилади.
Имомқул ота Бердиевнинг ҳаёт йўли ҳам ана шундай серқирра. У болаликдан қалам ва қоғозга ошно бўлди. 1996 йилдан 12 йил давомида маҳалла раиси бўлиб ишлади. 15 йил маҳаллий Кенгашнинг қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссиясига раҳбарлик қилди.
Пенсияга чиққанидан кейин ҳам жамоатчилик ишларидан четлашмади. Бугун ҳам Қанғли маҳалласида ёшлар ва нуронийлар билан фаол иш олиб боради.
Имомқул ота билан суҳбатимиз ижодий кайфиятда бошланди.
– Сизнинг матбуотга қизиқишингиз қачон бошланган?
– Мактабда олтинчи синфдан бошлаб деворий газета чиқариб, фотомонтажлар тайёрлардим. Кичик-кичик мақолалар ёзиб, “Гулхан” журналига, “Ленин учқуни” газетасига юбориб турардим. Улғайгач, гарчи фаолиятимни рассомчилик билан боғлаган бўлсам-да, қалам тебратиш, турли мавзулардаги мулоҳазаларимни маҳаллий ҳамда республика нашрларига жўнатиш севимли машғулотимга айланди.
1960 йилларда мақолаларим чоп этилган журналларнинг айримлари ҳали ҳам уйда бор. 1970 йиллардан кейин матбуот нашрларини мунтазам олиб, тўпладим. “Гулистон” журналига 1967 йилдан чиқиши эълон қилинганидаёқ обуна бўлдим ва биринчи сондан бошлаб йиғдим. “Халқ сўзи” газетасини ҳам унинг нишона сони чиққан куни олганман.
– Газетага бу қадар меҳр бўла туриб, нима учун иш фаолиятингизни у билан боғламагансиз?
– Мени кўплаб нашрлар ишга таклиф қилишди. Бормадим. “Мен бошқа газеталарга ҳам материал бериб тураман, эркин ижодкор бўлишни хоҳлайман”, дедим.
– Сиёсий ва ижтимоий мавзулардаги “Жумҳуриятимиз қарздорми?”, “Қачонгача?”, “Аравани тортолмаган от”, “Ёв қочди”, “Сайлов сийлов бўлмасин”, “Қочоқ раис”, “Қомус бўлсин, қолип эмас” сингари танқидий мақолаларингиз ҳам анча шов-шувга сабаб бўлган экан…
– Ҳа, кўпроқ кўнглимга ёқмаган нарсаларни, жамиятдаги камчиликларни қийналмай қаламга олиб ёзардим. Танқид ёзишнинг ўзи қийин эмас. Қийини-кўрган камчилигингизга бефарқ бўлиш. Мен ҳеч қачон ўзимни журналист деб билмаганман ва бунга даъво қилмайман. Мен лоқайд бўлолмайман, холос.
– Имомқул отага маҳалла раиси вазифасида аҳоли билан ишлаш нималарни ўргатди?
– Ҳамқишлоқларимнинг тавсияси билан 1996 йилда маҳалла раиси вазифасига тайинландим. Менинг энг эсда қоларли фаолиятим ҳам шу соҳа билан боғлиқ бўлган.
Маҳалла раиси сифатида одамларни яна ҳам яқиндан билгандек бўлдим. Уларнинг руҳиятини, ҳақиқий кўнглида кечаётган туйғуларни идрок қиладиган бўлдим. Пенсияга чиққанимга 18 йил бўлса ҳам, нуронийлар жамоатчилик кенгашининг маҳалладаги раиси бўлиб ишлаб келаяпман. Ҳозирги кексалар маслаҳати гуруҳига ҳам раҳбарман. Унга ижтимоий ҳимоя ва кўмакка муҳтожлар, тарбияси оғир, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар, пробация ёки профилактика назоратида турган ёшлар бириктирилган. Улар билан тарбиявий ишлар олиб бораман. Кексаларни ҳам шу ишларга жалб қиламан.
Бу нарса менинг хоббимга айланиб қолган. Ҳар куни бирор нарса қилмасликни тасаввур қилолмайман. Кўпчилик атрофдагиларга чалғишни хоҳламайди, ўзининг хотиржамлигини ўйлайди. Бировнинг муаммоси унга оғирлик қилади. Мен эса бефарқ бўлолмайман. Бир одам мендан ёрдам кутиб мурожаат қилса, кейин шу одам менинг ёрдамимдан манфаат топса, хурсанд бўламан. Яна кучимга куч қўшилади. Ўзим 10-12 ёшимдан жамоа хўжалигида ишлаганман. Кетмон чопиб, далаларга чиқардик. Бу урушдан кейинги давр эди. Далада одам кам. Шу сабабли ҳам жамоа хўжалиги кўпроқ хотин-қизларга ва албатта болаларга суянарди. Ўша пайтда давлатга пахта, тухум, гўшт, пилла каби маҳсулотларни топшириш мажбурияти бўларди. Одамнинг қурби етадими-йўқми, иқтисодий аҳволи қандай – буни кўп ҳисобга олишмасди. Ҳатто 1974–1975 йилларда ҳам уйимиздаги икки сигирдан биттасини олиб бориб гўштга топширганман. “Иккита сигиринг бор экан, иккитаси ҳам туриши мумкин эмас”, дейишарди. Қўйларни ҳам бештадан оширишмасди…
Бугун давр бошқача. Ҳар ким ўз фикрини очиқ айтади. Шунинг ўзи катта ЭРКИНЛИК…
P.S Суҳбат сўнгида айтилган бу фикр, эҳтимол, Имомқул отанинг ҳаёт йўлининг энг қисқа хулосасидир. У киши турли даврларни кўрди: урушдан кейинги оғир йилларни, очарчиликни, пахта даласидаги болалик, халқ дарди билан яшаш, маҳалла ҳаёти, жамиятдаги ўзгаришлар…
Шу йиллар давомида фақат бир нарса ўзгармади – у кишининг одамларга бўлган муносабати. Бир вақтлар жамиятдаги камчиликларни ўз мақолаларида танқид остига олган инсон бугун маҳалладаги муаммоларни амалда ҳал этишга ҳаракат қилади. Илгари газета саҳифасида одамлар дардини кўтарган бўлса, бугун уни эшикма-эшик юриб тинглаяпти.
“Қанғли маҳалласининг виждони” деган таърифнинг моҳияти ҳам шунда.
Шаҳноза МАНСУРОВА.
Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).