Яқинда Тошкентдаги Қатағон қурбонлари давлат музейида жиззахлик ижодкорлардан Ўзбекистон ёзувчилар ва журналистлар уюшмалари аъзоси, ҳуқуқшунос олим Абдуғофур Саттаров ҳамда публицист Аъзам Шукуровнинг ҳаммуаллифлигидаги “Аччилик Абдусаттор қозининг аччиқ қисмати” номли китоби тақдимоти ўтказилди.

Тақдимот тадбирида Ички ишлар вазирлигининг соҳавий хизмат раҳбарлари, ходимлари ва фахрийлари, шунингдек, вазирлик таълим муассасалари тингловчи ҳамда курсантлари, музей жамоаси, ижодий жамоалар, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Мазкур музей директори, тарих фанлари доктори, профессор Бахтиёр Ҳасанов тадбирни бошқариш асносида шўро тузуми даврида амалга оширилган қатағон сиёсати Ўзбекистон халқи бошига қандай кулфатлар олиб келганини, айниқса, ватанпарвар, эркпарвар миллат фидойилари жамияти йўқ қилинганини ва аксарият кўпчилиги Сибирь концлагерларига сургун қилингани, улардан бири эса китоб қаҳрамони Абдусаттор Шукуров эканлигига урғу бериб ўтди.

Муаллиф Абдуғофур Саттаров мазкур китоб амакаси Аъзам Шукуров билан ҳамкорликда бобосининг босиб ўтган ҳаёт йўлига оид кўплаб тарихий хужжатларни синчиклаб ўрганишлар маҳсули эканлигини таъкидлаб, китобни шартли равишда қисмларга ажратиб, уларнинг характерли жиҳатларини баён этиб берди. Шундан сўнг республика бош прокуратураси фахрийси, 3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси, Москва давлат университетининг Тошкент филиали ўқитувчиси, профессор Эркин Абзалов, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раисининг маслаҳатчиси Салим Ашур, “Одил судлов – Правосудие” журнали бош муҳаррири Камол УбайдиллаЕв, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг ўқув-методик ва ҳарбий ватанпарварлик бўлими бошлиғи Маъмура Зоҳидова сўз олиб, миллий истиқлолимиз тарихи, асарда илгари сурилган ғоя ва унинг тарбиявий аҳамияти хусусида фикр юритдилар.
Тадбир сўнггида Қатағон қурбонлари давлат музейи томонидан ишланган Абдусаттор Шукуров ҳақидаги ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Имом БЕРДИ.