Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти томонидан Бахмал туманининг Бойқўнғир қишлоғида туризмни ривожлантиришга қаратилган мастер-режа ишлаб чиқилди.
Лойиҳа Германиянинг кластерли ривожланиш ёндашуви асосида тайёрланди.Мастер-режа Бахмал ва Зомин туманларидаги тоғ ҳудудларини ўзаро боғлаб, уларни ягона туризм халқаси сифатида ривожлантиришни назарда тутади. Ҳужжатда ҳудуднинг табиий, рекреацион ва иқтисодий салоҳияти комплекс баҳоланиб, туризмни барқарор ва йил давомида фаолият юритадиган соҳага айлантириш мақсад қилиб олинган.
Таҳлиллар натижасида саломатлик туризми, спорт ва тоғ туризми, экотуризм ҳамда агротуризм ҳудудни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланди. Мастер-режада мавсумийликни камайтириш, атроф-муҳитга салбий таъсирни минималлаштириш ва туристлар оқимини йил давомида барқарор сақлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Пилот лойиҳаларнинг тўрттаси йирик инвестиция лойиҳалари ҳисобланиб, улар доирасида нафас йўллари касалликларини даволашга ихтисослашган санаторий, соғломлаштириш ва рекреация хизматларига мўлжалланган курорт меҳмонхона, спорт мажмуаси ва спортчилар меҳмонхонаси, шунингдек, дор йўли, зиплайн, турли аттракционлар, кузатув миноралари, савдо нуқталари, фудкорт ва ресторанларни ўз ичига олган кўнгилочар ҳудудни ташкил этиш режалаштирилган.
Мастер-режани амалга ошириш учун ҳудудни зарур инфратузилма ва муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш мақсадида 7,4 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган. Натижада қарийб 40 миллион долларлик инвестицияларни жалб этиш, 19 гектар ер майдонини аукцион савдоларига чиқариш ва 300 дан ортиқ доимий иш ўринлари яратиш имкони пайдо бўлади.
МҲТИ ахборот хизматига кўра, лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида куз-қиш мавсумларида ҳам барқарор туристлар оқими таъминланади, баҳор-ёз ойларида эса туристлар сони 7-10 баробаргача ошади. Мастер-режа Зомин ва Бахмал туманларидаги тоғ ҳудудларини ўзаро интеграция қилиб, ҳудуднинг туризм салоҳиятини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА.