БАХМАЛ ВА ФОРИШДА ДОР ЙЎЛЛАРИ ҚУРИЛАДИ

Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, унинг сайёҳлик салоҳиятидан оқилона фойдаланиш ва соҳага инвестицияларни жалб этишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада қабул қилинаётган кўплаб фармон ва қарорлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар ижроси ўз ижобий самарасини бераётир. Вилоятимизда ҳам бу борада қатор амалий ишлар қилинмоқда.

Воҳамизга 2023 йилда 145 минг нафарга яқин хорижий, 1 миллион 176 минг маҳаллий сайёҳлар ташрифи кузатилган. Туризм хизматлари экспорти эса 31 млн. долларни ташкил этган. 2024 йилда бу кўрсаткичларни янада ошириш, хорижий сайёҳлар сонини 350 минг нафар, туризм хизматлари экспорти ҳажмини 50 млн. долларга етказиш мақсад қилинган.

Бугунги кунда ўлкамизда ҳатто қиш мавсумида ҳам кўплаб сайёҳларни кузатиш мумкин. Биргина Зомин туманида қуриб фойдаланишга топширилган “Бахт кўприги”нинг ўзи юзлаб хорижий ва маҳаллий сайёҳларнинг эътиборини ўзига тортаётгани қувонарли. Вилоятимизда соҳада халқаро ҳамкорлик борасида қатор янги келишувлар қилиниб, эндиликда янги ва замонавий лойиҳалар бўйича бунёдкорлик ишлари амалга оширилиши кутилмоқда.

—Жиззах вилояти делегация аъзоларининг Хитой Халқ Республикасининг Хебей, Гуанчжоу, Ханчжоу, Шандун маъмурий бўлинмаси, Синдао шаҳарларига ташрифидан хабарингиз бор, —дейди вилоят Туризм бошқармаси матбуот котиби Дилором Холмурзаева. — Ташриф мобайнида бўлиб ўтган бизнес-форум ва икки томонлама тадбирлар доирасида Жиззах вилояти делегацияси ҳамда хитойлик тадбиркорлар ўртасида бир қатор келишув меморандумлари имзоланди. Воҳамизда туризмни ривожлантириш мақсадида соғломлаштириш маскани, замонавий меҳмонхона, эко боғ ва спорт мажмуаси барпо этиш  бўйича “DongFang yi”  компанияси билан ўзаро ҳамкорлик бўйича шартномалар имзоланди. 2024 йилда вилоятимизнинг туризм салоҳиятини янада ошириш, сайёҳлар сонини кўпайтириш мақсадида жойлаштириш воситалари сонини  яна 35 тага кўпайтириш, туроператорлар сонини 35 тага етказиш, маҳаллий сайёҳлар сонини 1 млн. 800 мингтага етказиш, Шароф Рашидов, Бахмал, Ғаллаорол ва Зомин туманларида оилавий уй меҳмонхоналар ва хостеллар ташкил этишни режа қилганмиз. Зомин тумани Суффа платосида халқаро тадбирлар, фестивалларни ўтказиш орқали хорижий ва маҳаллий меҳмонлар сонини янада ошириш режа қилинган. Бугунги кунда вилоят Туризм бошқармасининг тадбиркорлик бўлими орқали туризм салоҳияти юқори бўлган ҳудудларга бориб, аҳоли ўртасида тадбиркорликни ташкил этиш бўйича кўникмалар, туризм соҳасида эълон қилинган имтиёзли кредитлар тўғрисида кенгроқ тушунчалар бериб борилаяпти. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 12 январдаги “Ўзбекистон Республикасида экологик туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида тадбиркорларга бир қатор имтиёзлар белгиланди. Жумладан, экотуризм ташкил қилган тадбиркорлар 3 йил давомида солиқларнинг 50 фоизинигина тўлайди. Экоҳудудларда жойлашган ер участкалари тадбиркорларга  “E-auksion” орқали 10 йил муддатга ижарага берилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 12 январдаги “Ўзбекистон Республикасида экологик туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, республика сайёҳлик тизимида жумладан, воҳамизда ҳам янгича имтиёзлар, қулайликлар яратилади. Ўлкамизга кириб келаётган сайёҳлар ва маҳаллий сайёҳлар учун қатор замонавий лойиҳалар тақдим этилиши кутилмоқда.

—Мазкур қарор билан инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш, экологик туризм ривожи учун янада қулай шароитлар яратиш ва унга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсад қилинган, — дейди вилоят Туризм бошқармаси бош мутахассиси Наргиза Оқилова. — Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча имкониятлар яратиш орқали тоғли ва чекка ҳудудлар, тоғли ва чўл минтақаларидаги аҳолини иш билан таъминлаш, уларнинг даромад манбаини кенгайтириш режалаштирилган. Шу сабабли, эндиликда вилоятлар ва шаҳар ҳокимликларининг давлат қўриқхоналари буфер зоналари, миллий табиат боғлари, питомниклар, ўрмон ва ўрмон-ов хўжаликлари, тоғли ва чўл ҳудудлари ҳамда сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари — экоҳудудларда туристик кластерлар ташкил этилади. Ушбу ҳудудларда жойлашган ер участкаларини мажмуавий туризм хизматларини йўлга қўйиш учун  тадбиркорлик субъектларига ажратилади. Қарорга мувофиқ, келгусида бу ерларда экотуризм хизматлари йўлга қўйилади. Бу бўйича 2025 йилнинг декабрь ойигача Нурота қўриқхонасида, 2024 йилнинг октябрь ойигача Зомин давлат қўриқхонасида батафсил режалаштириш лойиҳалари ишлаб чиқилади. Замонавий талаблар асосида Зомин, Бахмал, Фориш туманларида биттадан дор йўллари қурилиши режалаштирилган. Арнасой туманидаги Арнасой сув омбори, Фориш туманидаги Тузкон кўли ва Айдаркўл йирик сув ҳавзаларида пляж ҳамда сувда дам олиш туризм хизматлари ташкил этилади.

Кўриниб турибдики, воҳамизда ҳали хорижий ва маҳаллий сайёҳлар кўзини қувонтирадиган кўплаб экоманзиллар, замонавий сайёҳлик объектлари очилади. Ўлкамизнинг бетакрор табиати, бой маданий меросидан тўлиқ баҳра олишни истовчилар кўплаб топилади, улар учун талай янги туристик йўналишлар ташкил этилади. Сабаби, ўзининг қадим ва сирли гўшалари, миллий анъаналари, миллий таомлари билан дунё аҳлини ҳайратга солиб келаётган воҳамиз гастрономик жозибаси билан ҳам машҳур.

Ғаллаорол тумани воҳамиз сайёҳлик салоҳиятида ўзига хос ўринга эга.  Ҳудуднинг миллий халқ ҳунармандчилиги, таомлари, урф-одат ва анъаналари, муқаддас қадамжолари ҳамда қадимий археологик ёдгорликлари билан туристларни ўз бағрига чорлайди. Туманда яқиндан тадбиркор Зиёдулла Донобоев бошчилигида буюртма асосида воҳамизнинг миллий бренди бўлган таомлардан бири 2-3 килограммлик сомсалар тайёрланиши йўлга қўйилган.

—Чойхонамизда 2 ва 3 килограммлик сомсалар хўрандаларимизнинг буюртмасига асосан тайёрланди, — дейди тадбиркор. — Шундан сўнг шу ҳажмларда сомса тайёрлашни йўлга қўйдик. Бу катта сомсаларнинг ижодкори ҳам мижозларимиздир. Биз уларнинг истагини амалга оширдик, холос. Бундан кейин ҳам албатта, агар улар 4 кг.лик сомса тайёрлашимизни исташса, тайёрлаб бераверамиз.

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.

(“Жиззах ҳақиқати”)

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *