Ҳар йилнинг номидан келиб чиқиб, давлат дастури қабул қилинади. Шу сабабли Президентимизнинг давлат дастурини қабул қилиш ҳақидаги фармонини ёшу қари орзиқиб кутади. Жорий йилнинг 7 февралдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Президент фармони билан 2025 йил Давлат дастури қабул қилинди.
Нима учун “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” Давлат дастурининг лойиҳаси халқ муҳокамасидан ўтказилди, таклиф ва мулоҳазалар ўрганиб чиқилганидан кейин қабул қилинди? Бу саволга давлатимиз раҳбари 20 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган устувор вазифаларни эълон қилгандан сўнг, 2025 йилни «Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт» йили деб номлашни тавсия қилган эди. Давлат раҳбари йил учун танланган номга изоҳ бериб, бу ҳақда жуда кўп муддат ўйлаганини таъкидлади. «Қўллаб-қувватласангизлар, 2025 йилни Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили деб эълон қилсак? Йил номини шундай қўйганимизни мен жуда кўп ўйладим, табиатни асраш деган жумла ичида жуда катта нарса мужассам», деди президент. «Нима учун, бир йилни шунга бағишлаймиз, қонунларимизни чархлаб, ишларимизни саранжом қилиб оламиз. Ҳеч ким бизга ишонмаган эди: Ўзбекистон шамол, қуёш ва гидроэлектр бўйича шундай қилишига. Яшил иқтисодиёт йили деганда тажриба ўрганамиз. Ҳар бир қарор, қонун, фармонни яшилликка олиб борсак, ўйлайманки, яхши бўлади», дея изоҳ берган эди у.
Давлат дастурида бутун дунёни ўйлантириб келаётган экологик масалаларга катта эътибор берилган. Бешта йўналишдан иборат мақсадлар мамлакатимизда юзага келаётган иқлим ўзгариши, чўлланиш каби табиатдаги ўзгаришларнинг олдини олишда “яшилланиш”ни умумхалқ ҳаракатига айлантириш мақсад қилиб олинганлигини сезиш қийин эмас. Атроф-муҳитни асраш, яшил майдонларни кенгайтириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини ривожлантириш, сув ресурсларини самарали ишлатиш масалалари дастурнинг энг асосий вазифалари сифатида талқин қилинган.
Жорий йилда маҳаллаларда нафақат ободонлаштириш, балки уларнинг экологик қиёфасини яратиш, кўчаларда соя берувчи дарахтлар сонини ошириш, аҳоли учун барпо этилаётган пиёдалар ва алоҳида велосипед йўлаклари бўйлаб дарахт кўчатлари, гуллар ва алоҳида соябон вазифасини бажарувчи ўсимликларни экиш, улар ёрдамида “Сояли сайр кўчалари” тармоғини яратиш режаси ҳам белгиланган. Бундай ишлар вилоятимизнинг Пахтакор туманида бошланди, демак тажрибамиз бор.
Дастурда соҳил ва дарё бўйларида 80 та инфратузилма объекти ва 110 километрдан ортиқ соғломлаштириш йўлакларини қуриш мақсад қилинган. Вилоятимизда ҳам канал ва анҳорлар бўйларида дарахтзорлар барпо этиб, соғломлаштириш йўлаклари қуриш, шу орқали яшил масканлар ҳудудларини кенгайтириш имкониятлари мавжуд. Улар юртдошларимиз саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Маълумки, чучук сувдан иложи борича тежаб-тергаб фойдаланиш зарур. Шунинг учун сув танқислигининг олдини олиш, захиралардан самарали фойдаланиш масалаларига дастурда кенг ўрин берилган. Шу ўринда ёмғир ва қор сувларини бир жойда тўплаб, кўкаламзорлаштириш ишларида фойдаланиш масаласи ҳам дастурда кун тартибига қўйилган. Суғориш учун ишлатиладиган сувларни сақлаш учун аждодларимиз фойдаланиб келган ҳовузлар, кичик кўринишдаги сардобалардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Усти ёпиқ ҳовузларда сув буғланиши кам бўлади ва ифлосланмайди.
Дастурда белгиланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ва “Менинг боғим” лойиҳаси доирасида 200 миллион туп дарахт ҳамда буталар экиш, “яшил боғлар” ва “яшил жамоат парклари”да қуёш панеллари ёрдамида қувватланувчи ёритгичлардан фойдаланиш борасидаги вазифалар ҳам иқлим ўзгариши, ерларнинг чўлланиши ва шўрланишининг олдини олишга қаратилган. Давлат дастурининг ўз вақтида ижросини таъминлаш ҳар бир фуқаро зиммасидаги ўта масъулиятли вазифадир. Зеро, унда белгиланган режалар ҳам бугунги, ҳам келажакдаги муаммоларга ечим топиб беради.
Асад МУСТАФОЕВ.