ТАФАККУР ТРАНСФОРМАЦИЯСИНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИДА

Инсоният тарихида ҳар бир йирик технологик кашфиёт инсон тафаккури ва ижтимоий ҳаётига муайян таъсир кўрсатган. Ёзув хотира имкониятларини кенгайтирган бўлса, китоб босиш билимларни оммалаштирди. Интернет эса ахборот олиш ва тарқатиш жараёнида янги имкониятлар эшигини очди. Бугун сунъий интеллект ушбу жараённинг навбатдаги, сифат жиҳатидан янги босқичини бошлаб бермоқда.

Сунъий интеллект жамият ҳаётининг деярли барча жабҳаларига кириб бораётган бугунги даврда инсон тафаккури, дунёқараши ва онгининг ўзгариши масаласи тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Энди гап фақат технологияларнинг ривожланиши ёки ахборот алмашинувининг тезлашуви ҳақида эмас, балки инсоннинг фикрлаш тарзи, билимни ўзлаштириши, қарор қабул қилиши ва борлиқни англаш усулларида юз бераётган чуқур ўзгаришлар ҳақида бормоқда.

Сунъий интеллектнинг ўзига хос жиҳати шундаки, у инсоннинг интеллектуал фаолиятининг айрим турларини енгиллаштирмоқда. Илгари соатлаб вақт талаб қилган маълумотларни излаш, таққослаш, саралаш ва таҳлил қилиш ишлари энди қисқа вақтда бажарилади. Бу эса муҳим бир саволни юзага келтиради: агар инсоннинг айрим ақлий вазифаларини сунъий интеллект бажараётган бўлса, бу ҳолат унинг мустақил фикрлаш қобилиятига қандай таъсир кўрсатади?

Инсон онги мураккаб ижтимоий, биологик ва маънавий жараёнлар бирлиги сифатида намоён бўлади. У фақат маълумотларни қабул қилиш ва қайта ишлашдан иборат эмас. Онгда хотира, тафаккур, ҳиссиёт, ирода, ўзликни англаш, қадриятлар ва ижтимоий тажриба ўзаро уйғунлашади. Сунъий интеллект эса маълумотлар асосида ишлайдиган ҳисоблаш тизими бўлиб, инсонга хос онг, субъектив кечинма ёки ўзликни англаш мавжудлиги илмий жиҳатдан исботланган эмас. Шу боис уни инсон онги билан айнанлаштириш тўғри бўлмайди. Бироқ сунъий интеллект инсон онгининг шаклланиши ва намоён бўлишига таъсир кўрсатувчи ташқи омил сифатида тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.

Масалан, инсон бирор муаммони мустақил ҳал қилиш ўрнига сунъий интеллектдан тайёр жавоб олишга одатланса, унинг таҳлилий фикрлаш ва мустақил хулоса чиқариш фаоллиги пасайиши табиий. Аксинча, мазкур технологиядан янги ғояларни излаш, турли нуқтаи назарларни таққослаш ва мураккаб масалаларни чуқурроқ ўрганиш воситаси сифатида фойдаланса, интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш имконияти кенгаяди.Демак, масаланинг моҳияти сунъий интеллектнинг мавжудлигида эмас, балки инсоннинг ундан қандай мақсадда ва қай даражада фойдаланаётганидадир.

Шу ўринда савол туғилади: сунъий интеллект таъсирида инсон тафаккурида қандай ўзгаришлар кузатилади?
Биринчидан, ахборотни қабул қилиш ва ўзлаштириш жараёни ўзгармоқда. Илгари инсон керакли маълумотни топиш учун турли манбаларни ўрганиб, уларни ўзаро таққослашига тўғри келар эди. Бугун эса сунъий интеллект маълумотларни қисқача умумлаштириб, тайёр шаклда тақдим этмоқда. Бу вақтни тежайди, бироқ инсонда манбаларни мустақил ўрганиш ва ахборотни танқидий баҳолаш эҳтиёжини ҳам камайтиради.
Иккинчидан, мустақил фикрлаш ва қарор қабул қилиш механизмлари ўзгармоқда. Айрим инсонлар кундалик ҳаётдаги оддий танловлардан тортиб, мураккаб касбий қарорларгача сунъий интеллект тавсияларига таянишни бошламоқда. Бундай ёндашув инсоннинг шахсий масъулияти ва мустақил мулоҳаза юритиш қобилиятига таъсир кўрсатиши эҳтимолдан холи эмас.
Учинчидан, ижодий тафаккур учун янги имкониятлар пайдо бўлмоқда. Сунъий интеллект матн, мусиқа, тасвир, дизайн ва бошқа ижодий маҳсулотларни яратишда инсонга кўмаклашмоқда. Бироқ технология томонидан яратилган натижа билан инсоннинг ҳаётий тажрибаси, ҳиссиёти ва ижодий тафаккури асосида вужудга келган асар ўртасида муҳим фарқ мавжуд. Шу маънода, сунъий интеллект даврида билимли инсон тушунчаси ҳам янги мазмун билан бойийди. Энди фақат кўп маълумотга эга бўлиш эмас, балки ахборот билан мустақил ишлаш ва унинг ҳаққонийлигини баҳолай олиш интеллектуал салоҳиятнинг муҳим кўрсаткичига айланади.

Сунъий интеллектнинг инсон онгига таъсири, айниқса, таълим соҳасида яққол намоён бўлмоқда. Бугун ўқувчи ва талабалар маълумот олиш, матн тайёрлаш, тил ўрганиш, масалаларни ечиш ва билимларини мустаҳкамлашда интеллектуал тизимлардан фойдаланиш имкониятига эга. Бу ҳолат таълим мазмуни ва методикасини қайта кўриб чиқишни тақозо этади. Чунки келажакда ўқувчидан фақат маълумотни ёдда сақлаш эмас, балки уни таҳлил қилиш, амалиётда қўллаш, муаммога мустақил ечим топиш ва янгича ёндашувларни ишлаб чиқиш талаб этилади.

Ўқитувчининг вазифаси ҳам ўзгармоқда. У энди фақат билим берувчи эмас, балки ўқувчини ахборотлар оламида тўғри йўналтирувчи, танқидий фикрлашга ўргатувчи ва мустақил изланишга ундайдиган шахс сифатида намоён бўлаётир. Бунда сунъий интеллектдан фойдаланиш маданиятини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга. Ўқувчи тайёр жавобни кўчириш билан чекланмасдан, унинг мантиқий асосларини англаши, маълумотларни текшириши ва ўз мустақил хулосасини шакллантириши лозим.

Сунъий интеллектнинг ривожланиши инсон онги учун ҳам катта имкониятлар, ҳам жиддий синовларни юзага келтирмоқда. У билим олиш имкониятларини кенгайтиради, интеллектуал меҳнат самарадорлигини оширади ва ижодий фаолият учун янги йўналишлар очади. Айни вақтда мустақил фикрлаш, ахборотни танқидий баҳолаш ва шахсий масъулиятни сақлаб қолиш масалаларини ҳам кун тартибига олиб чиқади. Шу боис сунъий интеллектни инсон тафаккурининг муқобили эмас, балки унинг имкониятларини кенгайтирувчи восита сифатида қабул қилиш мақсадга мувофиқ. Энг муҳими, технология инсоннинг ўрнига фикрламаслиги, балки уни янада чуқурроқ фикрлашга ундаши керак.

Бугунги тараққиётнинг асосий мезони сунъий интеллектнинг қанчалик кучли экани билан эмас, балки инсон ушбу имкониятлардан қандай фойдалана олиши билан белгиланади. Зеро, технология қанчалик мукаммал бўлмасин, унинг ижтимоий аҳамияти ва инсоният келажагидаги ўрни инсон ақл-заковати, маънавий қадриятлари ва онгли танловига боғлиқ бўлиб қолаверади.

Баҳора АСИЛОВА,
Жиззах давлат педагогика университети

Бошланғич таълим йўналиши

 1-босқич талабаси.

 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *