“ДОЛЗАРБ 10 КУНЛИК” ЖИЗЗАХДА ҚАНДАЙ ЎТДИ?

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан  2024 йил 25 декабрдан жорий йилнинг 5 январига қадар “Долзарб 10 кунлик” тозалик тадбирлари ўтказилиш ҳақида хабар берган эдик. Янги йил байрами арафасида ва ундан сўнг қаттиқ маиший ва пластик чиқиндиларнинг кўплаб тўпланиши сабаб ушбу тозалик тадбирларига катта куч жалб этилди.

Жараён вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг экологик назорат инспекцияси, Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш шуъбаси,  Жиззах шаҳар прокуратураси, Жиззах шаҳар экология бўлими ҳамкорлигида вилоят марказида ҳамда туманларда қизғин кечди. Ишчи гуруҳ тузилиб, маҳаллаларда чиқинди соҳасида аҳолини қийнаётган муаммолар, уларнинг ечимларини ўрганилди. Аҳоли томонидан билдирилган 36 та мурожаатга ўз вақтида ечим топилди.

Тозалик тадбирларида маҳаллалардаги ноқонуний чиқиндихоналар, кўча ёқалари, ариқ, зовур ва лотокларда тўпланган чиқиндилар тозаланиб, ҳудудий чиқинди полигонларига олиб бориб жойлаштирилди. вилоят чиқиндиларни бошқариш ва циркульяр иқтисодиётни ривожлантириш бошқармаси, “Eco house”, “Eco Sfera” масъулияти чекланган жамиятлари, “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси ҳамда  чиқинди полигонлари бошқармалари билан ҳамкорликда ҳар куни белгиланган жадвал асосида чиқинди тўплаш шохобчалари (ЧТШ) ни тозалаш тадбирлари уюштирилди.

 -Вилоят бўйича “Долзарб 10 кунлик”ка 140 та техника воситаси жалб этилди,  – дейди вилоят чиқиндиларни бошқариш ва циркульяр иқтисодиётни ривожлантириш бошқармаси Ойбек Салимов. – Натижада ҳудудлардан жами 12 500 тонна чиқинди олиб чиқиб кетилди ва чиқинди полигонларига жойлаштирилди. Шуннигдек, Асосан Жиззах шаҳрида чиқинди муаммоси долзарблиги сабаб 33 та маҳаллага 40 дона қўшимча контейнер ўрнатилиб, сиғим кенгайтирилди. Тунда ҳам чиқинди ташлашга қулайлик яратиш учун ЧТШларга ёритгич ўрнатилди.

Дарҳақиқат, аввало ЧТШ тартибли бўлмас экан, аҳолининг чиқинди ташлаш борасида интизомини талаб қилиш ноўрин. Кимёгар, Сангзор, Заргарлик, Иттифоқ, Ёшлик, Маданият маҳалларИдаги ЧТШларнинг санитар ҳолати яхшиланди, таъмирланиб, атрофи бетонлаштирилди.

Жараёнда аҳоли томонидан чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташланиши бўйича ҳолатлар аниқланиб, ҳуқуқий баҳо берилди. Давлат инспекторлари томонидан чиқиндиларнинг белгиланмаган жойларга ташлаб кетилиши билан боғлиқ ҳолатлар бўйича ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.  Экологик назорат рейд тадбирларида вилоят ИИБ ходимлари ҳам ҳамкорлик қилдилар.

-Тозалик тадбирларда 6 та техника билан иштирок этдик, – дейди шаҳар ободонлаштириш бошқармасининг бригада бошлиғи Зоҳид Жалилов. –  Бригадамиз Шароф Рашидов ва Ислом Каримов кўчаларининг белгиланган қисмларига хизмат кўрсатади. Катта масштабда ўтказилган тадбир шаҳар елкасидаги чиқинди юкини енгиллатиб, тозалик ва ободонликка сабаб бўлди.

Дарҳақиқат, вазият бирмунча енгиллашгандек. Жиззах шаҳри аҳолиси учун чиқиндиларнинг ўз вақтида ташиб кетилиши долзарб муаммолардан бири эди. “Долзарб 10 кунлик”да амалга оширилган ишлар йил бўйи давом этиши, шу билан бирга аҳолининг ҳам чиқиндиларни саралаш бўйича кўникмалари ошиши вазият барқарорлигига сабаб бўлади.

Муқаддас САПАРОВА. 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *