ХИТОЙ НАВИ ТАРТИБНИ “ЯХШИ” КЎРАДИ

Арнасой туманидаги “Турон фермер хўжалиги раҳбари Ҳусниддин Турсинов қора булут қоплаган кўкка ташвишли назар ташлади.

— Бугун ёғингарчилик бўлмас экан, – деди хўжалик раҳбарининг хаёлидан нималар ўтаётганини сезган механизатор Нуриддин.

— Арнасойнинг об-ҳавоси сен айтган маълумотларга тўғри келмайди. Туманимиз табиати асов отга ўхшайди – унинг қачон югуриши-ю, шўхликларидан кейин қачон тинчланишини ҳеч ким олдиндан айтолмайди. Кутилмаганда шаррос ёмғир ёғиб юбориши ёки бирдан жазирама иссиқ бўлиши мумкин. Шунинг учун пахта очилдими, дарров териб олиш керак!

Раиснинг бу гапларидан “вақтни кетказмай, пахта териш комбайнини ишга тушир!” демоқчилигини тушунган механизатор Нуриддин Туронов фермер хўжалигига яқинда олиб келинган терим машинасининг калитини буради, қудратли машина ишлаб кетди.

Турон фермер хўжалиги деҳқонлари жорий йилда 146 гектар ерга чигит ташлаб, ўсиб чиққан ниҳолларни алоҳида диққат билан парвариш қилишди. Бунинг объектив сабаблари бор эди.

— Ўтган йили чўл ҳудудидаги фермерлар ўз ерларининг 6-7 гектарига хитой пахтаси уруғидан эккан эди. Ҳамкорларимизнинг мутахассислари берган маслаҳатлар асосида ғўзаларни парвариш қилган деҳқонлар гектаридан 50 центнергача ҳосил кўтаришди. Аксинча, томчилатиб суғориш ўрнига оқизиб сув берганлар, озуқа ва ўғитларни кечикиб ёки эрта берган фермерлар яхши ҳосил ололмади.

Қишлоқ хўжалигига инновацияни олиб кирган деҳқон ҳатто муваффақиясизликдан ҳам сабоқ чиқариши лозим, — дейди фермер. —Хитойдан келтирилган пахта нави тартиб ва интизомни “яхши” кўради. Мутахассислар маслаҳатига амал қилсангиз кўзланган ҳосилни оласиз.

“Турон” фермер хўжалигида теримнинг бошланганига уч кун бўлди. Пахтазорда чаноқлар бир текис очилган – гўё чаманзор дейсиз. Лекин омилкор раис пахта экилган майдонни учга бўлиб, механизаторга биринчи бўлиб ҳосили териб олинадиган майдонни кўрсатиб берди.

— Эътибор қилсангиз, бу майдондаги ғўзалар бир текис очилган, чала очилган ёки ҳали очилиши кутилаётган кўраклар деярли йўқ. Дефолиация даврида баргдан тўлиқ тозаланган. Бизнинг дастлабки ҳисоб-китобларимизга кўра гектаридан 40 центнердан ошиқ ҳосил оламиз. 2-майдонда ғўзаларнинг энг юқори қисмидаги чаноқлар тўлиқ очилмаган, ҳали 3-4 кун бор. Биринчи майдондаги ҳосил йиғиб олингунга қадар бу сектор ҳам теримга тайёр бўлади. Учинчи секторда маҳаллий нав экилган, бу майдон хитой навига қараганда 7-8 кун кеч очилади, ҳамма кўрак очилишини кутсангиз анча вақт йўқотасиз, -дейди Ҳусниддин.

Дарҳақиқат, плёнка тагига экиб, парваришланган хитой нави анча барвақт етилади. Томчилатиб суғориш фермердан қаторлар оралиғини қайта-қайта культивация қилишни ортиқча харажат қилиш талаб қилмайди. Озуқа ва ўғитлар ҳам сув билан ғўза томирига етказиб берилади. Энг муҳими агротехника тадбирларини ўз вақтида бажариб қўйсангиз кифоя.

Пахта зараркунандаларига қарши курашишда ҳам деҳқонлар қулай усул – биологик усулдан фойдаланишди. Пахта майдонини кўздан кечирган мутахассислар қайси майдонга олтинкўз, қаерга трихограмма ва бракон сингари энтомофаглар (фойдали ҳашоротлар) тарқатилишини белгилб беришди. Ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида пахтазорга тарқатилган энтомофаглар зарарли ҳашаротларни еб тугатди.

Жорий йилда “Турон” фермер хўжалиги деҳқонлари эл хирмонига 146 тонна пахта ҳосили йиғиб-териб олиб қўшишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Тадбиркорона меҳнат ва терим суръати уларни кун сайин мақсад сари яқинлаштирмоқда.

 Асад  МУСТАФОЕВ.

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото). 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *