Ўзбекистон халқ шоираси Зулфияхоним ўзбек адабиётида ўз ўрнига эга бўлган, ижод услуби ва овози билан эл кўнглидан муносиб ўрин олган ижодкордир. Шоира ўзининг бетакрор истеъдоди, Ватанга муҳаббат, вафо ва садоқат туйғусини, олижаноб, инсоний фазилатларни, жўшқин ижтимоий фаолияти билан миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига, халқимиз маънавиятини юксалтиришга улкан ҳисса қўшган. Зулфия таваллуд топган кун, баҳорнинг илк санаси. Сана муносабати билан жойларда кўплаб анжуманлар, бадиий кечалар ва давра суҳбатлари бўлиб ўтди.

Элимизнинг севимли шоираси, вафо ва садоқат куйчиси Зулфия Исроилова таваллудининг 110 йиллигига бағишланган байрам тадбири вилоят мусиқали драма театрида “Зулфия – вафо куйчиси” мавзусида ташкил этилди. Унда вилоят корхона ва ташкилот раҳбарлари, депутатлар, таълим муассасалари, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари, Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаби ўқувчиларидан иборат кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирни Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Гулнора Нормуродова очиб берди. Шундан сўнг филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Сайёра Тўйчиева, филология фанлари доктори, профессор Ҳулкар Ҳамроева, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Санобар Суярова, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилояти бўлими бошлиғи Меҳрибон Абдураҳмоновалар сўзга чиқишди.
– Зулфия номи, Зулфия ижоди истиқлол йилларида чинакам қадр топди, эъзозланди,– деди филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Сайёра Тўйчиева. – Зулфияхоним ўз латиф ижоди билан миллионлаб кишиларга эзгулик, муҳаббат ва садоқатдан сабоқ берди. Ҳаёт уни ҳар доим ҳам аягани йўқ. Аслида, бу дунёда айрилиқ ва ҳижрон азоби ҳамманинг ҳам бошида бор. Аммо ғам-андуҳларни матонат билан маҳв этган, армонларидан тирик орзулар яратган тоғдек бардоши билан садоқат ва вафо рамзига айланган Зулфияхоним каби аёллар жуда кўп бўлишини истардик.
Аслини олганда Зулфияхоним поэтик мактаби ва унда сабоқ олган, айни пайтда эса жамиятимизнинг турли жабҳаларида ўз ўрнига эга бўлган фаол хотин-қизларимиз сони кўпчиликни ташкил этади. Шунинг учун ҳам ёшларнинг турли йўналишларда ўрнини топиши, маънавий қиёфасини юксалтиришда устоз-шогирд анъаналарининг ўрни беқиёс эканлигини кўриш мумкин.
Тадбирда Ҳамид Олимжон ва Зулфия ижод мактабининг иқтидорли ўқувчилари томонидан тайёрланган бадиий дастур меҳмонларга кўтаринки руҳ бағишлади. Айниқса шоира ҳаёти ва ижодидан намуналар, шеърларига басталанган куй-қўшиқлар ижро этилди. Шунингдек, халқимизнинг оташқалб шоираси, ўзбек аёлининг тимсоли бўлган Зулфияхоним таваллуд кунига бағишланган тадбирлар воҳамизнинг барча ҳудудларида ҳам кўтаринки кайфиятда ўтди.
Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.