Мен Фориш туманида туғилиб ўсган, кўп йиллар Жиззах вилоятида турли масъул лавозимларда ишлаган инсон сифатида бу гўшага соғинчим ва меҳрим баланд эканини ҳеч қачон яширмайман. Халқлар дўстлиги куни муносабати билан шу заминда бир-бирига ҳурматда, иззатда яшаётган ҳар бир юртдошимни муборакбод этаман.
Давлат даражасидаги муносабатлар ҳақида гап кетганда, жорий йилнинг 31 март куни Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида “Абадий дўстлик тўғрисида”ги Хўжанд декларациясини имзоланганини эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Ўзбекистон ва Тожикистон иттифоқдош давлатларга айланди. Миллатларни бир-бирига яқинлаштирадиган, глобал хавф-хатарлар қаршисида якдил ва ҳамжиҳат бўлишга ундайдиган дўстлик туйғуси давлат даражасида эътироф этилди.
Аслида кўп асрлик тарихга эга халқларимиз дўстлиги тамал тошини 550 йилча бурун мавлоно Абдураҳмон Жомий ва ҳазрат Навоий қўйишган. Буюк алломаларимиз асос солган хайрли аньана замонлар оша халқларимиз қардошлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиб келди. Бизнинг давримизда бу биродарлик Ғафур Ғулом ва Мирзо Турсунзода, Ойбек ва Садриддин Айний, Эркин Вохидов, Абдулла Орипов ва Лойиқ Шерали, Мирсаид Миршакар ва Зулфияхоним сиймосида намоён бўлди. Кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанднинг марказий истироҳат боғида Жомий ва Навоий ҳайкали қад ростлади, Душанбеда Низомиддин Алишер Навоий номли истироҳат боғи чирой очди. Ушбу мажмуа марказига ҳам халқларимиз дўстлиги рамзи сифатида мутафаккир шоирларимиз ҳайкали ўрнатилди.
“Дўстлик” фестивали давомида “Энг фаол миллий маданий марказ” кўрик-танловида Ўзбекистон тожик миллий маданий маркази фахрли 1-ўринни эгаллади. Шу ўринда эътироф этиш керак, бугунги кунда жонажон Ўзбекистонимизда истиқомат қилаётган 130 ортиқ миллат ва элат вакиллари сафида асосан этник ҳисобланган тожик миллатига мансуб фуқаролар ҳам самарали ва фидокорона меҳнати билан жамиятимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Миллатимизнинг ҳар бир вакили қилаётган ҳар қандай меҳнат эътиборда, эъзозда. Масалан, параспортчи, шахмат бўйича жаҳон чемпиони Сирожиддин Зайниддинов “Шуҳрат” медали, “Дўстлик” ордени билан тақдирланиб, унга уй, автомобил совға қилинган. Тўхтамиш Тўхтаев, Бозоргул Назарова, Сатторжон Ғофуровлар қатори камина ҳам “Дўстлик” орденига сазовор бўлганмиз.
Юртимизда 250 дан зиёд тожик мактаби бор. Бухоро, Самарқанд, Термиз, Фарғона ва Чирчиқдаги университетларда, Денов тадбиркорлик ва педагогика институтида очилган тожик гуруҳлари, факультетлари олий маълумотли мутахассислар тайёрлайди. Дарсликлар давлат маблағи ҳисобидан чоп этилмоқда.
Халқларимиз ўртасидаги дўстлик юртимиздаги ҳар бир фуқаронинг бахти гарови – тинчлик учун кафолат. Шу замин, шу диёр ҳар биримизнинг муқаддас Ватанимиздир.
Гуландом СУБҲОНОВА,
Республика тожик маданияти маркази раҳбари.