ИШОНЧГА МУНОСИБ РАҒБАТ

Мен бу аёлни анчадан бери биламан, бир неча бор суҳбатлашганман. У ҳақида аввал ҳам мақола ёзган эдим. Яна қўлимга қалам олишимга сабаб – унинг тиниб-тинчимаслиги, бошлаган ишини охирига етказмасдан қўймаслиги, олдига қўйган мақсадларга шараф билан етишаётганлиги бўлди.

Куни кеча матбуотда иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш, тадбиркорликни янги босқичга олиб чиқиш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли фаровонлигини оширишга қўшган катта ҳиссаси, шунингдек, бизнесда эришаётган салмоқли натижалари ҳамда ижтимоий ҳаётдаги муносиб иштироки учун бир қатор юртдошларимизни “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирлаш юзасидан Президентимизнинг фармойиши эълон қилинди. Қувонарлиси, улар орасида Комила Жўраеванинг номи ҳам алоҳида тилга олинди. У ҳам  тақдирланди. Ўйлайманки, бунинг орқасида катта меҳнат, тинимсиз ҳаракат ва албатта шу юртга бўлган садоқат ётибди.

Қаҳрамонимиз ҳаётда енгил йўл танламаган. Етти нафар фарзанднинг онаси сифатида, ижарадан-ижарага кўчиб юрган кунларини ҳам, бир қути гул учун иссиқхона излаб юрган дамларини ҳам у унутгани йўқ.

– Ўша кунларда кўзимда ёш, юрагимда алам бўларди. Лекин бир сонияга ҳам умидимни йўқотмаганман. Чунки атрофимдаги яхши инсонлар “қўлингдан келади”, дея ишонч билдиришган. Ана шу гап ҳаётимда катта бурилиш ясади, – дейди у.

Бугун Комила Жўраева Зарбдор туманининг Нуробод маҳалласидан туриб вилоятга намуна бўлган тадбиркор аёл сифатида танилди. У раҳбарлик қилаётган “Зарбдор зирапчаси гул кўчатларини етиштириш томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамиятида қирқ нафардан зиёд киши доимий иш билан таъминланди. Мавсумий ишлар пайтида эса бу рақам 100 нафардан ошиб кетади.

Тадбиркор 30 сотих ерда боғ барпо этди. Боғида шафтоли, ўрик, олма, узумнинг 5-10 хил нави парвариш қилинмоқда. Меваларнинг сархиллиги ва бозорбоплиги уларга бўлган талабни тобора орттирмоқда. Шу билан бирга 3 та иссиқхона ташкил этди. Гулчилик унинг қалбига яқин соҳалардан бири. Комила 300 хил хонаки гул, 200 дан ортиқ очиқ майдон гуллари, шунингдек, кўкат, резаворлар, уруғлик маҳсулотларни етиштириб, қадоқлаб савдога чиқаришни ҳам йўлга қўйди.

Қаҳрамонимиз юқоридагилар билан тўхтаб қолмади. Паррандачилик, чорвачиликни бошлади. Эндиликда қуруқ меваларни қадоқлаб сотишни режалаштирмоқда. Яқинда 100 миллион сўм кредит эвазига яна 5 гектар ер олди. Бу ерда ҳам янги лойиҳаларни бошлаш арафасида.

Энг қувонарлиси, фарзандлари нуфузли олий таълим муассасаларида таҳсил олмоқда. Бир пайтлар ўзи маҳалладан моддий ёрдам сўраган бўлса, бугун эҳтиёжманд оилаларга ҳомийлик қилаяпти. Буларнинг барчаси сабр ва меҳнатлари туфайли.

– Бу ютуқлар биргина ўзимнинг эмас, балки менга ишонганларнинг, имконият яратган давлатимнинг ютуғи. Мақсадим – халқ фаровонлигига ҳисса қўшиш, янги иш ўринлари яратиш, айнан мени чўққига кўтараётган нарвонни бошқаларга ҳам илиниш, – дейди Комила.

Комиланинг ҳаёти, фаолияти шунчаки муваффақиятлар калити эмас. У ҳар бир аёл учун ёрқин намуна. Унинг сўзларида ҳақиқат, кўзларида ишонч, ишида эса юртга бўлган муҳаббат мужассам.

Гапни мухтасар қилиб, мақолага айнан тадбиркор Комила Жўраеванинг фикрлари билан нуқта қўйишни лозим топдим:

– Мен шу пайтгача ўзимга берилган имкониятлардан фойдаланиб яшадим. Энди эса бошқаларга ҳам имконият яратишни ният қилдим. Ҳар бир аёлга “сен ҳам қила оласан” деб айтгим келади. Бу менинг қарзим, орзуим ва мақсадимдир.

Саид ДОНИШЕВ,

     журналист

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *