Бир пайтлари ёшу кексанинг энг севимли дам олиш масканига айланган Жиззах шаҳридаги “Истиқлол” истироҳат боғи афсуски, сўнгги йилларга келиб, қаровсиз ҳолга келиб қолганди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 8-9 апрель кунлари Жиззах вилоятига ташрифи давомида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир чора-тадбирлар режасига мувофиқ, истироҳат боғи эндиликда замонавий қиёфага келтирилмоқда.

Жиззах вилояти ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ДУК буюртмачилигида, қурилиш иншооти пудратчиси “Мукаммал қурилиш савдо” МЧЖ қурувчилари томонидан истироҳат боғида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Қурилиш лойиҳа қиймати 8 миллиард 513 миллион сўмни ташкил этади.
—Истироҳат боғи ёнидан оқиб ўтувчи Сангзор дарёсида сунъий ҳавза барпо этилади, —дейди вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ДУК етакчи мутахассиси Нодирбек Абдуазимов. —Ташаббускор тадбиркорлик субъектларининг қатор лойиҳалари учун боғ ҳудудидан ер ажратилиб берилади. Истироҳат боғида инфратузилма билан боғлиқ барча ишлар амалга оширилади. Боғ ҳудудига янги 60 та ўриндиқ (скамейка), 10 та олти қиррали суҳбат қурадиган айвонча, 60 та чиқинди қутиси, ташқи ёритиш ускуналари ўрнатилади.
Хуллас, замонавий кўринишга келтирилаётган, аҳоли учун қулай шароитлар яратилаётган “Истиқлол” истироҳат боғи жорий йилги баҳорги мавсумдан эътиборан яна жиззахликларнинг энг гавжум, севимли дам оладиган масканига айланади.
Зоир ТУРСУНҚУЛОВ.
Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).