КАСБИДАН ЮРАГИ ЮКСАЛГАН АЁЛ

Аёл – нозик хилқат вакиласи, гўзаллик, нафосат, меҳр-муҳаббат, саришталик, сабр ва матонат тимсоли. Албатта оламни ёритувчи аёлларимизга айтилган ва замонлар ўтса-да адоғига етмайдиган таърифларни ўқир эканмиз, уларнинг нозик ва ожиза бўлишларига қарамай, метин ирода рамзи эканликларига таҳсинлар айтамиз.

Қаҳрамонимиз Нилуфар опа Қодировада юқоридаги хислатларнинг барчаси мужассам. У меҳрибон она, суюкли рафиқа, шириндан шакар невараларнинг бувижониси.

Маълумки, операция блоги шифохонанинг катта масъулият талаб қилинадиган қисми ҳисобланади. Ва бу ерда ҳаёт учун қизғин кураш кечади, мутахассислар бир дақиқа ҳам ҳушёрликни йўқотмай, беморларнинг саломатлиги йўлида жонбозлик кўрсатишади. Операция жараёнида жарроҳу, анестезиологлар билан бир қаторда ҳамшираларнинг ҳам ўрнини алоҳида таъкидлаш жоиз. Беморнинг ҳаёт-мамоти устидаги жангда ҳамширалар ўта сергакликда тиббий асбоб-ускуналарни тайёрлашдан тортиб, операция давомида жарроҳга ёрдам бериш, амалиётдан кейин беморларни парвариш қилишгача бўлган залворли вазифаларни бажаришади.

Нилуфар опа Шароф Рашидов туман тиббиёт бирлашмасининг ана шундай жиддий ва қаттиқ тартибдаги вазифасида 28 йилдан буён самарали меҳнат қилиб, толиқдим, демаган фидойилардан.

Операция сўзининг ўзи таъсирчан инсонларни ваҳимага солади. Тиббиёт олийгоҳларида таҳсил олиш жараёнларида қонни кўргач, жарроҳлик амалиётига гувоҳ бўлгач, ҳушини йўқотган талаба йигит-қизлар ҳақида кўп ва хўб эшитганмиз. Шу сабабдан қаҳрамонимга дастлаб нима учун айнан жарроҳлик амалиёти ҳамшираси бўлишни танлагансиз, дея савол билан юзландим.

– Инсонларга ёрдам бериш, айниқса қийин вазиятда корига ярай билишни ҳамма ҳам ният қилса керак. Менда ҳам доим шу истак бўлган. Тиббиёт техникумига ўқишга кирганимнинг сабаби ҳам шу. 1997 йилда техникумни битиргач, туман тиббиёт бирлашмасининг хирургия бўлимида иш бошладим. Масъулият ҳисси юқорилиги, бемор ҳаётини сақлаб қолиш, ширинсуханлик ҳамширалар учун энг, энг кераклиси…

– Бир кунлик иш жараёнларингиз билан ўртоқлашсангиз?

– Доимо эл дуоси – улуғ саодат, деб келдим. Шифо топганларнинг дуосидан руҳимга қувват оламан. Иш куним эрта тонгдан бошланади. Шифохонага келишим билан операция хонасини ва зарур асбоб-ускуналарни тайёрлайман. Ҳар бир операция олдидан стерилликка риоя қилинганини қайтадан текшириб, шифокорлар билан беморнинг ҳолати бўйича маслаҳатлашамиз. Операция пайтида эса асбобларни жарроҳга узатиш, анестезиолог билан бирга беморнинг ҳолатини назорат қилиш каби вазифаларни бажараман. Кун давомида бир неча операцияларда иштирок этиб, ундан кейин беморларни парвариш қилиш билан шуғулланаман.

– Касбингиз сабаб ҳаётда нималарни топдингиз-у, яна нималарни бой бердингиз?

– Фаолиятимда инсон ҳаётини сақлаб қолишдек улуғ вазифани бажараётганим ўзгача куч, ғайрат беради. Бу касб орқали мен меҳнатсеварлик, жамоавий ишлаш ва масъулият туйғуларини ўзлаштирдим. Шу билан бирга, бу иш қаттиқ руҳий ва жисмоний машаққат талаб қилади. Айниқса, узоқ иш соатлари ва оғир вазиятларга дуч келиш баъзан оилага ва шахсий ҳаётга таъсир қилиши мумкин. Лекин ўтказилган операцияларнинг самарали якунланиши, бемор ҳаётига дахл қиладиган хавфнинг чекиниши, қийинчиликларни унутадиган даражада қувонч бағишлайди.   

Ҳа, Нилуфар опа мураккаб, лекин шарафли касб эгаларидан бири. Опанинг ҳар бир куни беморларнинг ҳаёти билан узвий боғлиқ. Машаққатли, аммо фахрли касб йўлида умрини бахшида этган Нилуфар опадек фидойи инсонларни ҳар қанча эътироф этсак оз. Суҳбат баҳонасида қаҳрамонимизни 8-март – Халқаро Хотин-қизлар куни муносабати билан самимий табрикладик.

-Бугун аёлларимизга меҳр ва эҳтиром янада ортиб, уларнинг меҳнати қадрланадиган кун. Шу муносабат билан гўзал аёлларимизни байрам билан муборакбод этиб, аввало сиҳат-саломатлик тилайман. Юзларидан табассум аримасин.

Ш.МАНСУРОВА.

Б.ҚУДРАТОВ (фото)

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *