РАҲБАРЛАР ДЕПУТАТЛАРГА ҲИСОБ БЕРДИ

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ўнинчи сессиясини Кенгаш раиси Парда Шукуров очиб, сессия иш регламенти ва муҳокамага қўйилган масалалар билан таништирди. Депутатлари эътиборига ҳавола этилган масалалар кўп ва долзарб бўлганлиги учун улардан масалаларга конструктив ёндашиб, мукаммал қарорлар қабул қилиш талаб этиларди.

Шунинг учун сессияда депутатлар вақтни кетказмай масалалар муҳокамасига киришишди. Кун тартибига киритилган 12 та масаладан 9 таси бевосита вилоят бошқарма ва ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари бўлганлиги ва улар бевосита халқ фаровонлигини таъминлаш, ислоҳотлар самараси ҳамда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожланиши билан узвий боғлиқлиги билан муҳим аҳамият касб этарди.

“Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида” вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Жалолиддин Ўктамов ва соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Мамарасул Умаровлар ҳисоботи тингланди.

“Вилоят маҳаллий бюджетининг 2024 йил ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботнинг Ўзбекистон Республикаси ҳисоб палатаси томонидан ташқи аудит ҳамда уни баҳолаш натижалари, аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш ҳамда келгусида олдини олиш тўғрисида”ги масала юзасидан ҳисоб палатасининг шўъба мудири вазифасини бажарувчи Отабек Қодиров ҳисоботи тингланиб, муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 1 апрелдаги “Ёқилғи энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ва беҳуда сарфланишининг олдини олиш ҳамда энергия самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни такомиллаштириш тўғрисидаги”ги қарори асосан “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ва беҳуда сарфланишининг олдини олиш тизимини такомиллаштириш, иқтисодиёт тармоқларида, давлат идораларида ва ижтимоий соҳа объектларида ҳамда аҳоли хонадонларида энергия тежамкорлиги ва самарадорлигини янада оширишга қаратилган ишлар бугунги куннинг долзарб вазифаларидан ҳисобланади. Депутатлар ушбу масала юзасидан ахборот берган вилоят ҳокимининг ўринбосари Шухрат Жўраевга саволлар билан мурожаат қилиб, кўп масалаларга ойдинлик киритишди.

“Ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилган ишлар ҳамда 2025 йилга мўлжалланган вазифалар ҳақида” Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Жасур Нурматов ҳисоб берди.

Вилоятда сув хўжалиги ташкилоти раҳбарининг сув ресурсларини бошқариш, сув хўжалиги объектларини техник ҳолатини яхшилаш, шунингдек туманларда сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш ҳолати тўғрисида” Сирдарё-Зарафшон ирригация тизимлари бошқармаси бошлиғи Музаффар Турдибоев  Вилоятда сув истеъмолчилари бўйича 300 минг гектар суғориладиган майдонларга йилига ўртача 2,5 млрд. куб метр сув истеъмол қилади, деди. Шундан 2,4 млрд. куб метри ёки 95 фоизи қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сарфланади.

Вилоятга кириб келаётган сув ресурсларининг 67,8 фоизи Сирдарё дарёси, 13,5 фоизи Зарафшон дарёсидан, 17,1 фоизи маҳаллий сойлар, 0,1 фоизи ер ости сувлари ҳамда 1,5 фоизи коллектор ва зовур сувларига тўғри келади. Вилоятда 8 та сув омбори, 37 та насос станциялари, 62 та тик қудуқлар 25 та мелиоратив қудуқлар мавжуд. 2024 йилда вилоят аҳолиси, иқтисодиёт тармоқларига суғориш, шўр ювиш, нам суви бериш ҳамда аҳоли томорқа майдонларини суғориш ишлари учун 2,7 млрд. куб метр (100 фоиз) сув етказиб берилиб, амалга оширилган ижобий тадбирлар натижасида 496,5 млн. куб метр сув тежалишига эришилди.

Сессияда “Жиззах вилояти маъмурий-ҳудудий чегараларини белгилаш ва ер ресурсларини хатловдан ўтказишни мувофиқлаштирувчи вилоят комиссиясининг хулосасини кўриб чиқиш ва маъқуллаш тўғрисида” масала кўриб чиқилиб, бир овоздан маъқулланди.

Шунингдек, депутатлар ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисидаги масалани ҳам муҳокама қилишди.

Жиззах вилояти Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ойбек Ахмедов  “Жамоат эҳтиёжлари учун ер участкасини олиб қўйиш бўйича тақдимот материалларини кўриб чиқиш ва мулкдор билан очиқ муҳокама ўтказишга рухсат бериш тўғрисида”ги масалани депутатлар муҳокамаси қўйди.                                                               

 “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2025 йил 6 майдаги “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши томонидан Кенгаш текшируви ўтказиш тартибини тасдиқлаш тўғрисида” КҚ-173-V-сон қарори ижросини таъминлаш тўғрисида” Кенгаш котибияти мудири Нодира Каримова маъруза қилди.

Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Назира Мухторова, Қонунчилик палатаси депутатлари, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Зафар Азимов, вилоят бошқарма ва ташкилотлари, ОАВ вакиллари иштирок этишди.

 

Асад МУСТАФОЕВ

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *