РАҲБАР ВА ЁШЛАР УЧРАШУВИ

Вилоятимизда ҳам ёшлар билан ишлашда янгича ёндошувлар, чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, уларнинг муаммо ва таклифларини ўрганиш, бандлигини таъминлаш мақсадида ёшлар билан учрашувлар ташкил этилмоқда. Шу муносабат билан иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга кенг кўламдаги имкониятларни яратиб бериш мақсадида навбатдаги “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ташкил этилди. Унда Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Ахмедов иштирок этди. 

Учрашувда вазир ўринбосари ёшларнинг шу соҳадаги режалари, фикр-мулоҳазалари ва таклифларини тинглаб, ўз таклифларини ҳам билдирди. Бундан ташқари юртимизда иқтидорли ёшлар учун яратилган шароитлар, соҳадаги янгиликлар ҳақида гапириб ўтди.

–Мен сиз ёшлар билан бўладиган ҳар қандай учрашув ва жонли мулоқотлардан чексиз куч-қувват ва кўтаринки руҳ оламан, дея вилоят ёшларига катта мотивация бердилар вазир ўринбосари,– деди вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Азамат Дархонов. – Бугунги ёшларнинг дилидаги мақсад ва ниятларидан хабардор бўлиш, уларни катта-катта ишларга сафарбар этиш учун мана шундай учрашувлар жуда зарур, албатта. Сабаби ўсиб келаётган ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни эл-юртимизнинг фидойи фарзандлари этиб тарбиялаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ва бугунги учрашув маданият, санъат йўналишига эндигина қадам қўйган йигит-қизлар ҳаётида муҳим бурилиш ясайди, деган умиддаман.

Шунингдек, учрашувда вилоятимизда фаолият юритаётган фолклор-этнографик жамоаларнинг янги репертуарларини яратиш, унда халқимизнинг тарихи, қадрият ва анъаналарини келажак авлодга етказиш халқ жамоаларининг асосий вазифаси эканлиги  алоҳида такидланди. Тадбир якунида вилоятдаги маданият бўлимлари ҳамда маданият марказларининг йил давомида амалга оширган ишлари сарҳисоб қилиниб, фаол соҳа ходимлари ва раҳбарлари Маданият вазирлиги томонидан ташаккурнома билан тақдирланди.

Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *