МЕҲР ВА МЕҲНАТ БИЛАН БЕЗАЛГАН УМР

Инсон ҳаётида шундай азиз зотлар борки, уларнинг борлиги хонадонга файз, қалбларга хотиржамлик, ҳаётга эса мазмун бағишлайди. бир оғиз ширин сўзи кўнгилга таскин, дуоси эса инсонга куч ва мадад беради. Мен учун ана шундай қадрли инсон — меҳрибон бувижоним Меҳри Кунакованинг ўрни беқиёс. У киши ҳаётимда нафақат суюкли бувим, балки меҳр-оқибат, сабр-бардош, ҳалоллик ва ҳаётсеварлик тимсоли ҳамдир.

Бугун бувижоним 75 баҳорни қарши олдилар. Шу муносабат билан уларнинг сермазмун ҳаёт йўли, босиб ўтган шарафли меҳнат йўллари ва оиламиз учун тутган ўрни ҳақида қалбимдаги самимий туйғуларни қоғозга туширишни истадим. Зеро, инсонга бўлган меҳрни, ҳурматни ва миннатдорликни изҳор этишнинг ўзи ҳам катта бахт.

Бувижоним 1952 йил 31 октябрь куни Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида туғилган. Оддий оилада вояга етган бувижоним ёшлигидан меҳнатсеварлик, масъулият ва одамларга самимий муносабат каби фазилатларни ўзида мужассам этган. Умр йўлларида турли синовлар, қувончли онлар ва машаққатли дамлар учраган бўлса-да, уларнинг ҳар бирини сабр, матонат ва ҳаётга бўлган ишонч билан енгиб ўтганлар. Бувижонимнинг ҳаётдаги энг улуғ фазилатларидан бири– меҳнатга бўлган садоқатидир. У киши 30 йил давомида таълим-тарбия соҳасида фаолият юритиб, ёш авлоднинг билимли, одобли ва маънавиятли бўлиб камол топишига ҳисса қўшганлар.

Бувижоним педагогик фаолиятлари билан чекланиб қолмай, маҳалла ҳаётида ҳам фаол иштирок этганлар. Қарийб 20 йил давомида жамоат ишларида хизмат қилиб, одамлар билан ҳамнафас яшаш, дардига қулоқ тутиш, қувончига шерик бўлиш ва имкони борича ёрдам беришни ўзларига бурч деб билганлар.

Бувижонимнинг энг катта бойлиги — аҳил ва аҳилликни қадрлайдиган оиласидир. Бугун у уч нафар ўғилнинг меҳрибон онаси, уч нафар келиннинг ардоқли қайнонаси, тўққиз нафар невара ва олти нафар чеваранинг меҳрибон бувисидирлар. Бу рақамлар ортида қанчадан-қанча меҳр, тарбия, сабр, ширин хотиралар ва оилавий қувончлар мужассам. Оилада бувижонимнинг ўрни алоҳида. Бувижоним бизга кўп насиҳат қиладилар, ҳаётда тўғри йўл танлашни, инсонларга яхшилик қилишни, катталарни ҳурмат, кичикларни иззат қилишни ўргатадилар. Ҳар бир сўзида ҳаётий тажриба, ҳар бир насиҳатида эса бизга бўлган чексиз меҳр мужассам. Мен учун бувижонимнинг ҳаёт сабоқлари ҳар қандай китобдан олинадиган билимдан кам эмас. Чунки уларнинг ҳар бир гапи ўз ҳаётлари, меҳнатлари ва босиб ўтган йўллари билан исботланган ҳақиқатдир.

Азиз ва меҳрибон бувижоним!

Сизни таваллуд айёмингиз билан чин қалбимдан муборакбод этаман! Тилагим битта –доимо соғ-саломат бўлинг, умрингиз узоқ, қалбингиз хотиржам, юзингиздан табассум аримасин. Биз невараларингиз ва чевараларингизнинг бахту камолини, ютуқларини кўриб, ҳар бир кунимизда қувончимизга шерик бўлиб юришингиз насиб этсин. Сизнинг борлигингиз биз учун бахт, дуоларингиз –куч, меҳрингиз –қалбимизга мадад. Умрингиз баҳордай гўзал, қалбингиз доимо нурли, ҳаётингиз эса фарзандларингиз ва невараларингизнинг меҳри билан безалган бўлсин!

 Юлдуз АБДУРАИМОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *