ЮРАКЛАР ҚУВОНЧ БИЛАН УРСИН

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Жиззах филиалида илгари хориждагина бажарилган амалиётлар ўтказилаяптики, бу сўнгги йилларда соҳадаги ислоҳотлар, “Инсон қадри учун” тамойилининг амалдаги ифодасидир.

2020 йил ноябрь ойида марказда эндоваскуляр жарроҳлик бўлими катетерлаш лабораторияси  иш бошлаган эди. Дастлаб бўлимда диагностик коронаграфия ва коронар артерияларда стентлаш амалиётлари ўтказилган.  Йиллар ўтиб, технологиялар ва мутахассисларни жалб қилиш орқали мураккаб амалиётларга ҳам мурожаат қилинаяпти. Жумладан, бош мия, буйрак ва оёқ  томирлари артерияларига стентлаш, юрак электрокардиостимулятор ўрнатиш ва юрак аритмияларида радиочастотали абляция амалиётлари ўтказилмоқда. Натижада фақат юрак эмас, бошқа аъзоларда ёпиқ турдаги операцияларни ўтказиш имкони туғилди.

-IVООS  – томир ичи ультратовуш текшируви ўтказиш имконини берадиган тиббий ускуна келтириш устида изланяпмиз, – дейди марказ бўлим бошлиғи Санжар Абдураҳманов. – Бу  ускуна республикамизда Тошкент шаҳри ва Қашқадарё вилоятидагина мавжуд. Фақат юртимизда эмас, бутун дунёда у янгилик ҳисобланади. Натижада қон томирлар бўйича ўтказиладиган барча амалиётларни 100 фоиз аниқликда бажариш имкони бўлади.

Бўлимга ишга жалб қилинган ёш мутахассис Давид Асанов амалиётларни кенгайтириш бўйича янгиликларни жорий этишда ўз таклифларини билдиряпти. Жиззахда таваллуд топган, Россия Федерациясида улғайиб, тиббиёт йўналишида таҳсил олган мутахассис Ватанга қайтиш ва чин дилдан хизмат қилишга аҳд қилган. Марказда замонавий билимлар билан қуролланган бундай ёш мутахассисларни кўплаб учратиш мумкин.

Бўлим фаолияти натижасида йилига 1500 дан ортиқ ёпиқ турдаги операциялар ўтказиляпти. Ҳеч қандай наркозсиз, кесмаларсиз ва  реабилитация даври талаб этилмаслиги боис жараён тез ва осон амалга ошади. Ангиограф тиббий жиҳози ёрдамида юрак томирларининг тасвирини олиш, торайишларни аниқлаш ва даволаш усулини танлаш осонлашди, натижада беморлар қисқа муддатда қон томирлардаги шикастланишлардан халос бўлишмоқда.

Марказда 3 йилдан буён телетиббиёт ёрдамида хорижлик ҳамкасблар билан видеоконференциялар, қўшма операциялар амалга оширилаяпти. Натижада илгари асосан пойтахтда, хорижда бажарилган юқори технологик ва диагностика-даволаш усуллари эндиликда вилоят миқёсида ҳам одатий бўлиб бораяпти.

Муқаддас САПАРОВА.

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *