НАСЛЛИ ҚЎЙЛАР КЕЛТИРИЛДИ

Жорий йилнинг июль ойида Президент Шавкат Мирзиёевга Жиззах вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудлардаги ишларнинг бориши ва аҳолини қийнаётган масалалар ҳал этилиши юзасидан ҳисоботда “Ислоҳотлар штаби” томонидан 200 та лойиҳа тақдим қилинган эди. Уларнинг 5 таси айнан Янгиобод туманида амалга оширилиши белгиланган бўлиб, Мўғулистондан зотли қўйлар келтириш мазкур лойиҳаларнинг бири ҳисобланади.

Ўтган ҳафта Янгиобод туманига 1000 бошдан зиёд “Баят” зотли қўйлар олиб келинди. Ҳавотоғ ҚФЙ да фаолият юритаётган “Мурод Имкон” чорвачилик фермер хўжалиги туманда ушбу ташаббус билан чиққан биринчи тадбиркорлик субъекти бўлди.

-Мўғулистондан келтирилган 1132 бош қўй қоида бўйича 40 кун карантинга олинди, клиник кўрикдан ўтказилиб, ҳар бири учун алоҳида амбулатор дафтар юритилмоқда, – дейди туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими “Қўшқанд” ветеринария участкаси мудири Бахтиёр Гулмуродов. – Ҳозирда қўйларнинг соғлиги яхши, маҳаллий иқлимга мослашиш жараёни муаммосиз кечяпти.

Маълумки, “Баят” зоти тез ўсиши, чидамлилиги ва гўшт маҳсулдорлиги билан ажралиб турадиган истиқболли насл ҳисобланади. Чорвачиликда ушбу қадам наслчилик йўналишини кенгайтириш, маҳаллий фермер хўжаликларида сифатли ва самарали майда шохли моллар сонини оширишга хизмат қилади. Маълумот сифатида айтиш ўринлики, давлатимиз раҳбарининг шу йил 24-25 июнь кунлари Мўғулистонга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувлар доирасида, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш мақсадида юртимизга 100 минг бош “Баят” зотли қўйлар олиб келиниши кўзда тутилган.

Муқаддас САПАРОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *