ЖИЗЗАХДА ЯНГИ ЎҚУВ МАРКАЗИ ИШ БОШЛАДИ

Президентимиз раҳбарлигида 2024 йил 16 декабрь куни ўтказилган селектор йиғилишида банклар зиммасига бириктирилган ҳудудларда халқаро сертификат берадиган ўқув марказларини ташкил этиш вазифаси юкланган эди. Топшириқ ижроси доирасида шаҳримизнинг Тошлоқ маҳалласида халқаро талабларга жавоб берадиган ўқув маркази иш бошлади.

Ўқув маркази “Agrobank” ва “Gold Ash” хусусий корхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун банк томонидан 1 миллиард 250 миллион сўм ҳомийлик маблағи йўналтирилди. Бинонинг фасади янгиланди, амалиёт ва назария хоналари замонавий жиҳозлар билан таъминланди, зарур асбоб-ускуналар, хомашёлар, мебел ҳамда ўқув техникаси харид қилинди. Тингловчилар учун 32 ўринли ётоқхона ва ошхона ташкил этилиб, қулай шароит яратилди.

– Хорижий иш берувчилар сертификатланган мутахассисни афзал кўришади, – дейди ўқув маркази раҳбари Абдулазиз Аллаёров. – Шу боис биз марказимизда ҳар бир тингловчини халқаро талаблар асосида тайёрлашга эътибор қаратяпмиз. Па́йвандчилар ISO 9606-1 сертификатига, тил ўрганувчилар эса касбий йўналтирилган билимларга эга бўлса, уларнинг иш топиш имконияти ҳам юртимизда, ҳам хорижда кескин ошади. Яқин кунларда марказда Латвиянинг “Sia Certification Center” ўқув муассасаси билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, қатор янги йўналишлар — юк кўтарувчи кара ҳайдовчилари, оғир юк автомашиналари операторлари, леса терувчилар, автомобилларга электр ва техник диагностика хизматлари, электр ва сантехника йўналишлари бўйича курслар ҳам ташкил этилади. Хорижий ҳамкор ташкилотлар билан келишувлар асосида тингловчилар Европанинг бир қатор давлатларида ойлик 1600–2400 евро атрофидаги иш ўринларига йўналтирилиши кўзда тутилган.

Ҳозирда марказда 20 нафар тингловчи пайвандлаш ва хорижий тил йўналишларида таълим олмоқда. Мазкур ўқув маскани нафақат Жиззахда, балки республика меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар тайёрлашда муҳим ўрин эгаллаши кутилмоқда.

Ш. МАНСУРОВА.

Б. КУДРАТОВ олган суратлар

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *