БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1993 йил 20 сентябрдаги Халқаро оила йили тўғрисидаги резолюцияга мувофиқ 1994 йилнинг 15 майидан буён дунёнинг барча давлатларида Халқаро оила куни нишонланиб келинмоқда. Жумладан мамлакатимизнинг барча вилоятларида бўлгани каби Жиззах воҳасида ҳам ушбу кун муносабати билан мунтазам равишда турли тарғибот тадбирлари, кўрик-танловлар, маънавий-маърифий давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Вилоят ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Назира Мухторова билан бўлган суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.
—Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига кўра юртимизда Халқаро оила кунини нишонлаш анъанага айланиб улгурди, — деди Олий Мажлис Сенати аъзоси Назира Мухторова. — Ҳар йили вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан март, апрель ойларидан бошлаб эълон қилинадиган “Ораста қизлар”, “Ибратли оила” каби кўрик-танловлар ҳам айнан шу сана муносабати билан ташкил этилади. Ҳозирда вилоятимизда 356 299 та оила бор. Кўрик-танловларнинг маҳалла, туман, вилоят ва республика босқичларида иштирок этадиган ҳар бир вакил ғолиб ёки мағлуб бўлишидан қатъий назар жамиятдаги намунали оилалар қаторида, эътиборда эканликларидан фахрланишади. Шу ўринда бир хушхабарни етказмоқчиман. 2024 йилда “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирланишга вилоятимиздан 12 та оила муносиб кўрилди. Йилдан йилга сафи кенгайиб бораётган бундай оила вакилларининг юз-кўзларида порлайдиган бахт ҳисси ёшлар тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади.
– Суҳбатимизни шу қисмида ёшлар тарбияга салбий таъсир кўрсатадиган оилавий ажримлар ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.
-Бу ҳолат барча жамиятларда оғриқли нуқта сифатида қаралганлигининг асосий сабаби ҳам шунда. Ажрим ҳолатидаги оилада вояга етаётган фарзанднинг нафақат тарбиясида балки унинг руҳиятида ҳам кўринмас ўзгаришлар, оғриқли кечинмалар изи бўлади. Мен отасиз ёки онасиз вояга етаётганларнинг ҳулқи, одобида камчилик кузатилади демоқчи эмасман, аксинча улар ҳам комиллик фазилатларига эга инсон бўлиб улғайишади, бироқ аксариятининг қалбида болалик жароҳатлари битмай қолади. Кейинчалик улар ҳаётда қанчалик катта ютуқларга эришмасин, бу жароҳатнинг оғриғи турли вазиятларда турлича хуруж қилиб туради. Ушбу хуруж кишининг иродасига қараб ҳар кимда ҳар хил намоён бўлади.
-Оилавий ажримларни олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар тўғрисида ҳам фикр билдирсангиз.
-Оилавий ажримларга сабаб бўлиши мумкин бўлган барча ҳолатлар инобатга олинган ҳолда ҳар бир соҳада режали ишлар йўлга қўйилган. Бу йўлда кўпроқ аёлларга эътибор қаратилиши ҳам бежизга эмас. Зотан оилани мустаҳкамлаш, фарзандларининг бахтини бутунлигини сақлаб қолиш бобида ўзбек аёллари бисёр фидойиликларга қодирлар. Шу нуқтаи назардан хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, фарзандлари ва ўзларининг саломатликларини тиклашларида кўмаклашиш, тиббий, психологик суҳбатларга жалб этиш каби қатор маънавий ва моддий қўллаб-қувватловлар амалга оширилмоқда. Зарур бўлганда, уйма-уй юриб хабар олиниб, мавжуд муаммоли вазиятлар мутахассислар билан ижобий ҳал этилмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, турмуш қуриш ёшида бўлган қизларга кичик мурожаатимни етказмоқчиман. Мунис қизларимиз, Сиз миллатнинг лола гуллари, келажак авлод вакилларининг меҳрибон оналари, ғамхўр ва донишманд тарбиячиларисиз. Бундай шарафли тақдирингизни теран англаган ҳолдагина турмуш остонасига қадам қўйишингизни сўрайман. Қадамларингиз қўним топган жойни обод этинг, асраб-авайлангувчи файзли, муборак масканга айлантиринг. Токи у масканга киргувчилар сизнинг меҳрингизни ҳис этишсин. Турмуш ўртоғингиз, фарзандларингиз доимо шу қутлуғ даргоҳга шошилишсин. Қариндош-яқинларингизнинг кўнгиллари қумсаб, ҳаловат таомларини тотгани келиб туришсин.
Дарҳақиқат, ҳурматли Назира Муторованинг мазкур сўзларини қоғозга туширар эканман, бобомнинг таъкидлари ёдимга тушди. Етти нафар фарзандни касби-корли, уйли-жойли бўлишида бош бўлган бобом бирор қариндоши ажрашмоқчи бўлганини эшитса, дарҳол жанжал чиққан хонадон аъзоларини меҳмонга чақириб, уларни муросага келтиришга ҳаракат қиларди. Гоҳ юмшоқлик, гоҳ дакки бериш оҳанги билан самимий маслаҳатлар берарди. Аразлаган, жаҳл қилганларга ўзлари ўтирадиган айвон шифтидаги қалдирғоч уясини кўрсатиб, “Қалдирғоч қушичалик ибратингиз йўқми?”, дея койиб қўярди…
Гулчеҳра ХИДИРОВА суҳбатлашди.