Сўнгги етти йил ичида Ўзбекистон-Қозоғистон ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 2,5 баробар ошиб, ўтган йили 4,4 миллиард долларни ташкил этди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Қозоғистон капитали иштирокида 1000 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг октябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Қозоғистон ҳудудлараро ҳамкорлик ва бизнес форуми доирасида икки мамлакат ўртасида 352 млн долларлик 76 та ҳужжат имзоланиб, эришилган келишувларни рўёбга чиқаришни жадаллаштириш учун чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилганди. Форум доирасида энергетика, тоғ-кон ва геология, савдо, туризм, транспорт логистикаси бўйича алоқаларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама этилганди. Бугунги кунда Ўзбекистон товар экспортнинг 50 фоизидан зиёди қўшни Қозоғистон Республикаси орқали транзит қилинади.
Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев вилоят ҳокимлигида Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Атамкулов бошчилигидаги Қозоғистон Республикасининг Туркистон вилоятидан ташриф буюрган делегацияни қабул қилди.
Вилоят раҳбари Улуғбек Мустафоев меҳмонларни воҳамизга ташриф буюрганликлари учун самимий миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистон-Қoзоғистон мамлакатлари ўртасидаги муносабатларнинг устувор йўналишлари, бу борада ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, шу билан бирга ҳали икки томонлама ишга солинмаган улкан салоҳият борлигини таъқидлаб ўтди.

Учрашувда Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Атамқулов қабул учун вилоят раҳбарига миннатдорчилик билдириб, икки давлат ўртасидаги ўзаро алоқаларни, ҳамкорликни юқори баҳолади. Элчи жаноблари транзит йўл чорраҳасида жойлашган Жиззах вилоятининг салоҳияти, сўнгги йилларда воҳада қўлга киритилган ютуқларга юқори баҳо берди.
Мулоқот давомида Самарқанд шаҳрида жорий йилнинг октябрь ойида ўтказилган “Ўзбекистон-Қозоғистон IV Минтақалараро форуми” доирасида эришилган келишувлар натижасида икки томонлама савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Қозоғистон Республикасининг Туркистон вилояти ҳамда Жиззах вилоятлари ўртасида савдо ва саноат кооперациясини ривожлантириш, транспорт-логистикаси, қишлоқ хўжалиги, туризм, саноат, тиббиёт, таълим, IT ва маданий йўналишларда ҳамкорликни янги қирраларини ишга солиш бўйича ўзаро таклиф, фикр-мулоҳазалар ўртага ташланиб, янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича йўл ҳаритаси ишлаб чиқилди.

Жумладан, Туркистон-Жиззах-Зомин йўналиши бўйича туристик маршрут харитасини ишлаб чиқиш, Жиззахдан зиёрат туризми учун Туркистонга сайёҳларни жалб этиш, темирйўл, йўловчи ташиш транспортини кўпайтириш, солиқ, божхона имтиёзлари, тадбиркорлар учун преференциялар, Туркистон вилоятининг Жиззах вилоятига чегарадош бўлган Махтаорол ва Еттисой туманлари билан товар айирбошлаш, савдо нуқталари ва бозорлар ташкил этиш этиш, қўшма корхоналар сонини кўпайтириш масалалари бўйича таклифлар билдирилди.
Учрашувда Жиззах вилояти ҳамда Туркистон вилоятлари ўртасида савдо-иқтисодий, туризм, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, таълим, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик ва алоқаларни ўрнатиш бўйича меморандум имзоланди.
Қозоғистондан ташриф буюрган меҳмонлар Жиззах эркин иқтисодий зонасидаги йирик ишлаб чиқариш заводлари “ADM Jizzakh”, “Iruskon” қандолат фабрикаси, Шароф Рашидов туманидаги “BMB-NRC Agrologistics” Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси фаолияти билан танишдилар. Ташриф давомида меҳмонлар Жиззах шаҳридаги “Халқаро дўстлик уйи”да қозоқ диаспораси вакиллари билан учрашдилар. Қозоғистон делегацияси ташриф сўнггида “Зомин” туристик-рекреацион зонаси билан танишдилар.
Зоир ЭРГАШЕВ.
Ботир ҚУДРАТОВ (фото)