ПАХТАКОР МАҲАЛЛАРИ ЧИРОЙ ОЧМОҚДА

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев Пахтакор туманида бўлиб, шаҳар марказидаги маҳаллаларда бажарилиши лозим бўлган энг долзарб вазифаларни белгилаб берган эди. Ана шу вазифалар асосида режа белгиланиб, ишлар бошлаб юборилди.

Вилоят раҳбарининг топшириғи асосида Самарқанд маҳалласида амалга оширилаётган ишлардан аҳоли мамнун. Хусусан, маҳалладаги 36 та икки қаватли уйларнинг аксариятида таъмирлаш ишлари ўтган йили бошланган эди. Аммо тўртта уйнинг олд кўриниши таъмирланмай қолганди. Айни кунларда ушбу уйларнинг фасад қисми сувоқдан чиқарилмоқда, ноқонуний қурилган ёрдамчи бинолар олиб ташланиб, маҳаллий шароитни ҳисобга олган ҳолда аҳоли учун тандирхона ва санитария бинолари қурилиши кўзда тутилган.

Маҳаллада мактаб ёшигача бўлган болалар учун 7 та ўйин майдонлари қуриш ҳам ободонлаштириш режасидан ўрин олган.

— Маҳалламиз янада обод бўлаётганидан барча хурсанд. Ободонлаштириш ишлари мобайнида аҳоли истаклари ҳам эътиборга олинмоқда. Ҳар иккита уй ёнидан ҳашар йўли билан тандирхона қурилмоқда, – дейди Самарқанд маҳалласи раиси Абдусамад Фармонов. —Туман ҳокими бошчилигида ташкил этилган штаб томонидан тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиш шохобчалари, ишлаб чиқариш корхоналари қуриш, боғ яратиш учун ер майдонлари ажратилмоқда.

Дарҳақиқат, режада маҳаллани яшиллаштириш, боғ ва хиёбонлар барпо этилишига алоҳида эътибор берилган. Маҳалла ҳудудидан ўтган каналдан сув чиқариб, кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш имконияти борлигини ҳисобга олган бунёдкорлар ҳозирдан хонадонлар ёнига, кўчалар бўйига ва хиёбонлар ташкил этилиши мўлжалланган ерларга манзарали дарахт кўчатлари экишмоқда.

Бундай хайрли ишлар Сувонобод маҳалласида ҳам бўй кўрсатмоқда. Аҳоли мурожаатидан кейин Лолазор кўчасининг 400 метрига шағал ётқизилиб, текисланди. Ҳашарлар ташкил этилиб, ариқлар тозаланмоқда, чиқиндилар ташиб кетилмоқда. “Деҳқон бозори” атрофида ҳам ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Туманда қабристонларни тозалаб, тартибга келтириш, кўчатлар экиш ва дарахтларга шакл бериш ишларига ҳам катта аҳамият берилаётир. Айниқса, Боғишамол маҳалласи ҳудудидаги “Қорамирзаота” қабристонида ташкил этилган халқ ҳашари эътирофга лойиқдир.

Ҳашар давомида йўлаклар тартибга келтирилиб, қабристон чиқиндилардан тозаланди. Унда боғишамолликларнинг ёшу-қариси фаол иштирок этди.

 

Дилором маҳалласида 962 та хонадон уйма-уй юриш орқали маҳалла еттилиги томонидан тўлиқ хатловдан ўтказилди. 186 та муаммоси йўқ  558 та моддий шароитини яхшилашга муҳтож, 215 та ўрта шароитда яшаётган, 3 та ўта оғир шароитда яшаётган оила мавжудлиги аниқланди, улар хонадонларидаги ҳолат ўрганиб чиқилди. Бунга “Дилором маҳалласида “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонларини жорий этиш мақсадида туман ҳокимининг 2025 йил 13 январдаги 01-47-сонли йиғилиш баёни асос бўлди. Ўрганишларга мувофиқ “Йўл харитаси” ва лойиҳа режаси ишлаб чиқилди. Маҳаллада ташқи қисми таъмирталаб кўп қаватли уйлар 56 та, 12 та тандирхона қуриш, жумладан 25 та канализация тизимини таъмирлаш зарурлиги аниқланди. Қолаверса, маҳалла инфратузилмасини яхшилаш бўйича 5 км. узунликдаги ички йўлларга бетон ётқизиш, 0,4 км. узунликда пиёдалар йўлаги қуриш, 2 та трансформаторни юқори қувватлисига алмаштириш, 11 та эски симёғочлар ўрнига темир-бетон устунлари ўрнатиш, 3 км.га электр “СИП” кабелларини тортиш, 1 км. газ қувурларини эстетик жиҳатдан тартибга келтириш, 0,05 км. ичимлик суви тармоғини таъмирлаш, 1 та катталар, 2 та болалар майдончаларини янгидан қуриш, маҳалланинг кириш қисмига 1 та арка ўрнатиш каби вазифалар ҳам белгилаб олинди.

Ҳозирги пайтда 27 та кўчалардан чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш йўлга қўйилди, 850 та ноқонуний қурилмаларнинг 63 таси бартараф этилди, 0,8 км. узунликдаги ариқлар тозаланиб, 1250 тонна чиқиндилар ташиб кетилди.

 

“Қишнинг бир куни ҳам қиш”, дейди халқимиз. Бир кун ёмғир ёғса, ортидан қор тушади. Бироқ, жорий йилнинг қиш ойлари анча илиқ келди. Бундан фойдаланган қурувчи-ю таъмирчилар ўзларига белгилаб берилган ишларни бажаришга киришиб кетишди.

Асад МУСТАФОЕВ.

Шерзод Эгамқулов (фото) 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *