PISA-2025 ДА ЖИЗЗАХДАН 10 ТА МАКТАБ ҚАТНАШАДИ

Бу йил Ўзбекистон иккинчи бор Халқаро ўқувчиларни баҳолаш дастурида (PISA) иштирок этиши кутилмоқда. Ўзбекистон Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти томонидан ўтказиладиган PISA тадқиқотига илк бор 2022 йилда қўшилган эди.

  • Жиззах вилоятидан 10 та мактаб бу синовда иштирок этади. Бахмал туманидан 34-, Ғаллаоролдан 28, 79-, Зоминдан 14-, Мирзачўлдан 2-, 18-, Шароф Рашидов туманидан 32-, Янгиободдан 10-, Жиззах шаҳридан 3-сонли мактаблар ҳамда Жиззах шаҳридаги Президент мактаби танлаб олинган. Декабрь ойида ушбу туманларда вилоят Педагогик маҳорат маркази томонидан семинарлар ташкил этилди.

-PISA тестлари мактаб ўқувчиларининг ҳақиқий ҳаётда керак бўладиган ҳодисаларни таҳлил қилиш, улардан хулоса чиқариш ва мулоқотга киришиш кўникмаларини қай даражада эгаллаётганини, таълим тизимининг бу ўзгаришларга қанчалик мослашаётганини аниқлаш мақсадида ўтказилади,  – дейди вилоят ПММ  директори ўринбосари Анвар Рўзиев. – PISA тадқиқотида асосан саводхонликнинг учта йўналиши: ўқиш, математика ва табиий фанлар бўйича 80 дан ортиқ давлатдан бўлган 15 ёшдаги ўқувчиларнинг кўникмалари ва билимларидан фойдаланиш қобилияти баҳоланади. Республика бўйлаб Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг буйруғига кўра жами 233 та мактаб танлаб олинган.

PISA тадқиқотида ҳар бир давлатдан қатнашадиган мактаблар сони халқаро талаблар асосида белгиланади. Бунда тадқиқотда иштирок этаётган мамлакатдан жами мактабларнинг камида 2 фоизи иштирок этиши керак.

Маълумот учун айтиш лозимки, 2022 йилда Ўзбекистон мактаблари 15 ёшли ўқувчилар билимини баҳолаш бўйича ушбу халқаро дастурда илк марта иштирок этган эди. Синов натижаларига кўра, ўзбекистонлик болалар 81 та мамлакат орасида математика бўйича 72-ўринни, табиий фанлар ва ўқиш саводхонлиги йўналишларида 80-ўринни эгаллаган. Бу йилги тадқиқод жараёнида юқоридаги натижаларни яхшилаш учун тайёргарлик жараёни қизғин кетмоқда.

Муқаддас САПАРОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *