РАҚАМЛАРДА – АМАЛИЙ НАТИЖАЛАР

Жиззах вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси Карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи томонидан “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли профилактик тадбири доирасида манзилли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур тадбирлар доирасида вилоят ИИБ, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан деҳқон бозорлари, чорва моллари савдоси амалга ошириладиган ҳудудлар, гўшт маҳсулотлари реализация қилинаётган савдо нуқталари ва умумий овқатланиш объектларида назорат-профилактик тадбирлар ташкил этилди.


Хусусан, жорий йилнинг дастлабки 6 ойи давомида тегишли ветеринария ҳужжатларисиз ҳамда махсус жиҳозланмаган транспорт воситаларида ташилаётган 34 649 кг озиқ-овқат маҳсулотлари аниқланди. 1 375 кг гўшт маҳсулотлари, 9 000 кг суб маҳсулотлари ҳамда 16 285 кг балиқ ва балиқ маҳсулотлари унинг таркибини ташкил этди. Жумладан, Ғаллаорол тумани “Сангзор-15” ЙПХ масканида тўхтатилган автомашина текширилганда, 670 кг йирик шохли ҳайвон гўшти ва айни масканда ўтказилган навбатдаги рейд давомида яна бир транспорт воситасида 288 кг от гўшти ветеринария-санитария қоидаларига зид равишда ташилаётгани аниқланди. Жиззах вилояти Ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази лабораторияси томонидан ўтказилган экспертиза хулосаларига кўра, мазкур гўшт маҳсулотлари истеъмол учун яроқсиз деб топилди ва “Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонун талабларига мувофиқ утилизация қилиш тавсия этилди.


Бу каби назорат тадбирлари аҳолининг соғлиғини ҳимоя қилиш, сифатсиз ва хавфли озиқ-овқат маҳсулотларининг истеъмол бозорига кириб келишининг олдини олиш ҳамда ветеринария-санитария қонунчилиги талабларига риоя этилишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Жамият хавфсизлиги ва фаровонлиги эса давлат идоралари билан бир қаторда ҳар бир фуқаронинг қонунларга ҳурмати, ҳушёрлиги ва фаол фуқаролик позициясига ҳам бевосита боғлиқ.

Илдор БОБОМУРОДОВ,
Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ Карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи командири, майор.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *