МАЪНАВИЯТ—МИЛЛАТ ТАЯНЧИ

      Вилоят ҳокимлигининг мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрациясининг  2023 йил 7 октярдаги топшириғига асосан  маънавий тарғибот ишлари самарадорлигини оширишда идоралараро ҳамкорликни янада ривожлантириш масаласига бағишланган вилоят маънавият ва маърифат Кенгашининг йиғилиши ЗООМ платформаси орқали ўтказилди.

Унда вилоят маънавият ва маърифат кенгаши аъзолари, олий таълим муассасаларининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректорлари, тюторлари, вилоят корхона ва ташкилотлари раҳбарлари, шаҳар ва туман студияларидан шаҳар ва туман ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари, шаҳар ва туман маънавият ва маърифат кенгашлари аъзолари қатнашдилар.

Йиғилишни бошқариб борган вилоят ҳокими Эргаш Салиев жорий йилда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришга мўлжалланган “Йўл харитаси” ижроси юзасидан ҳудудларда амалга оширилган ишларни ишчи гуруҳи томонидан ўрганиш натижалари танқидий-таҳлилий кўриб чиқилгани ҳақида гапирар экан, йиғилганлар эътиборини Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифаларга қаратди. Шунингдек, вилоятимиз раҳбари жойларда мамлакатимиз Президентининг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш юзасидан қилинган ишлар хусусида гапирди.

Жумладан, ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда “Йўл харитаси” тузилиб, бир қатор ишлар олиб борилган. Китобхонликни тарғиб қилиш йўанлишида 5 миллиард сўмлик китоблар харид қилиниб, мактаблар, кутубхоналар ва маҳаллаларга тарқатилган. Маҳалларда, ўқув муассасаларида тарғибот тадбирлари ўтказилган. “Биз соғлом турмуш тарафдоримиз”, “Зиё улашиб”, “” Жаҳолатга қарши маърифат” номли тадбирлар ўтказилган. “Ўзбекистон—умумий уйимиз” лойиҳаси, “Қадриятлари қадрланган юрт” фестивали ташкил этилган. “Жиззах” деб номланган тарихий китоб тайёрланган. “Она Жиззахим жамоли” номли китоб чоп этилган. Вилоят телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда “Субҳидам”, “Чироғи ёнган уй” кўрсатувлари мунтазам бериб борилмоқда.  7 та туманда “Маънавият ва маърифат маскани” бунёд этилди. “Китоб карвони” тадбирлари, “Маънавият фестиваллари” ўтказилди. Бу борада вилоят маънавият ва маърифат маркази томонидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Аммо, ишчи гуруҳи томонидан ўрганилган 37 та корхона ва ташкилотларда талайгина камчиликлар борлиги аниқланди.  Жиззах шаҳри ва 5 та туманда “Маънавият ва маърифат маскани” бинолари барпо этилмаган. Баъзи ташкилотларда “Йўл харитаси”нинг ижроси бўйича ҳисоботлар қилинмаган. Маҳаллаларда жиноятчиликнинг ошиб бораётгани барчани ташвишга солмоқда. Жорий йилнинг 10 ойи мобайнида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 293 та жиноят кўп содир этилган. Жиззах шаҳри, Арнасой, Шароф Рашидов, Зомин, Зарбдор, Янгиобод туманларида жиноятлар сони ўтган йилга нисбатан бирмунча ошган. Шунингдек, хотин-қизлар ва вояга етмаганлар ўртасида ҳам жиноятчилик ошганлиги кўриниб турибди. Жиноятларнинг ошиши маънавий-маърифий ишлардаги камчиликлар ва ёш авлод тарбиясига эътиборсизлик туфайли вужудга келмоқда. Мирзачўл туманида маънавият ва маърифат маркази раҳбари лавозими 8 ойдан буён вакант бўлиб турибди. Бир қатор туманлардаги ташкилотларда ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги ўрганиш давомида аниқланган. Ташкилотларда “Маънавият соатлари” ташкил этиш ишларида сусткашликка йўл қўйилмоқда.

Вилоятимиз раҳбари камчиликларга қўл қўйган раҳбарлар фаолиятига танқидий баҳо бериб, барча корхона ва ташкилотларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан чора-тадбирлар белгилаш, соҳани ривожлантириш ишига барча бирдек киришиши лозимлигини таъкидлади.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси сектор раҳбари Абдухалил Маврулов мамлакатимиз Президенти томонидан маънавият масалаларига жуда катта эътибор қаратилаётганини таъкидлаб, ёшлар тарбияси, уларнинг интеллектуал салоҳияти ошириш, мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш, ватанпарварлик, она Ватанга  муҳаббат ва садоқат туйғулари ҳамда янгича тафаккурни шакллантириш, қадриятларимизни асраш, маҳаллаларда “еттилик” фаолиятини кучайтириш, тарғибот тадбирларини ўтказиш услубларини ўзгартириш, ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари орқали ташвиқот ва тушунтириш ишлари олиб бориш, идоралараро ҳамкорликни йўлга қўйиш, шаҳар ва туманларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантириш ҳақида ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини  билдирди.

Шундан сўнг сўзга чиққан Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Жиззах вилояти  бўлими раиси Норқул Нушаров, вилоят ҳокимининг ўринбосари Акмал Совурбаев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси Меҳрибон Абдураҳмонова ҳамда студиядан сўзга чиққан шаҳар ва туман ҳокимлари маънавий-маърифий соҳадаги ишларни янада жонлантириш юзасидан таклифлар билдириб, йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш бўйича  белгиланган чора-тадбирлар ҳақида гапирдилар.

Вилоят ҳокими йиғилиш якунида  Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир”, деган сўзларини алоҳида таъкидлади. Вилоятимиз раҳбари маънавиятимизни юксалтириш бугуннинг энг долзарб масаласи эканлигини, бу соҳада қилинган ҳар бир иш мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилишини билдирди ва секторлар, вилоят  ташкилотлари раҳбарлари, кенгаш аъзолари ҳамда шаҳар ва туман ҳокимларига йиғилиш кун тартибидаги масалалар юзасидан топшириқлар берди.

 

Васил ИЛЁСОВ.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *